Ироннинг шимолидаги асосий кўприкка зарба берилди
Ироннинг шимолидаги B1 кўпригига АҚШ ва Исроил кучлари ҳаводан зарба берди. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига яқин Fars агентлиги маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда Теҳронни Алборз вилоятидаги Караж ҳудуди билан боғлайдиган кўприкнинг жиддий зарарлангани кўринади.
Маълумотларга кўра, зарба икки марта берилган, иккинчи ҳужум биринчисидан тахминан бир соат ўтгач амалга оширилган.
Fars агентлиги дастлабки зарбада Алборз вилоятида икки киши ҳалок бўлиб, бир нечта одам яраланганини маълум қилган. Кейинчалик қурбонлар сони саккиз нафарга етгани, 95 киши яралангани ҳақида ахборот тарқатилди. Аммо бу рақамларни мустақил равишда тасдиқлашнинг иложи йўқ. Эрон ахборот воситаларида иқтибос келтирилган расмийлар кўприк ҳали қурилиш жараёнида бўлганини ва унинг ҳарбий таъминот йўли сифатида ишлатилмаганини айтган.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам TruthSocial ижтимоий тармоғида кўприк қулагани ҳақида ёзди. Аввалроқ у Теҳронни “кеч бўлиб қолмасидан олдин келишувга келиши” зарурлигини айтган. Шунингдек Эроннинг электр станциялари ва кўприкларига яна зарбалар берилишини таъкидлаган.
АҚШ ва Исроилнинг Иронга қарши ҳужуми 28 февралда бошланган.
Украинадаги урушда бир суткада 146 тўқнашув бўлди
Украина ҳукумати сўнгги бир сутка ичида фронтда 146та тўқнашув қайд этилганини билдирди. Россия кучаларининг энг кўп ҳужумлари Покровск йўналишида бўлгани ҳақида 2 апрелда Украина Қуролли Кучлари Бош штаби маълум қилди.
Шунингдек, Россия ҳарбийлари Украинага 172 та зарба берувчи дрон билан ҳужум уюштирган, уларнинг тахминан 120 таси “Шахед” дронлари эканини Украина Ҳаво кучлари билдирди.
Айни дамда Россия Мудофаа вазирлиги эса 2 апрелга ўтар кечаси 147 та украин дрони уриб туширилгани хақида хабар берди.
Украина ҳукумати ва халқаро ташкилотлар Россиянинг зарбаларини ҳарбий жиноят деб баҳолаб, атайин амалга оширилаётганини таъкидлайди.
Аҳолининг электр, иссиқлик, сув, алоқа ва тиббий ёрдамдан маҳрум этилишига қаратилган ҳужумлар геноцид аломатлари сифатида кўрилади.
Россия раҳбарияти Украинада фуқаролик инфратузилмага қасддан зарба берилаётганини, беморхона, мактаб, боғча, энергетика ва сув иншоотлари вайрон қилинаётганини инкор этиб, ҳарбий нуқталар нишонга олинишини таъкидлаб келади.
Украина томони эса Россия ҳудудига учирилган дронлар ўзини ҳимоя қилиш ва жавоб зарбалари эканини айтади.
АҚШ ҳукумати Ироқдаги фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди
АҚШ ҳукумати Ироқдаги ўз фуқароларига огоҳлантириш берди. Баёнотга кўра, “Эронга мойил бўлган ироқлик террорчи гуруҳлар келаси 24–48 соат ичида Боғдод марказида ҳужумлар уюштириши мумкин”.
2 апрель куни X ижтимоий тармоғида эълон қилинган хавфсизлик огоҳлантирувида шундай дейилади: "Улар АҚШ фуқаролари, бизнеслари, университетлари, дипломатик муассасалари, энергетика инфратузилмаси, меҳмонхоналар, аэропортлар ва Америка билан боғлиқ деб ҳисобланган бошқа жойларни, шунингдек ироқлик муассасалар ва фуқаролик объектларини нишонга олиши мумкин”.
Огоҳлантирувда Иордания, Қувайт, Саудия Арабистони ва Туркияга чиқиш йўллари очиқ экани, аммо “узоқ навбатлар ва кечикишларга” тайёр бўлиш кераклиги айтилди.
Эрон бўйлаб ҳаводан зарбалар берилди
2 апрел тонггида АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларидан кейин Эроннинг турли ҳудудларида портлашлар, ҳалок бўлганлар ва ҳаво мудофааси фаоллашгани ҳақида хабарлар тарқади.
Теҳронда маҳаллий ахборот воситалари ҳаво мудофааси “душман мақсадларига” қарши ишга туширилганини маълум қилди. Пойтахтнинг айрим туманларида портлашлар ва электр таъминоти узилиши кузатилгани айтилди.
Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг маълум қилишича, охирги 24 соат ичида Теҳрон ва унинг атрофидаги ҳудудларга ҳужум бўлган.
Исфаҳон, Шаҳрезо, Кошон, Арон ва Бидгол, ҳамда Нажафобод шаҳарлари ҳам нишонга олингани хабар қилинди.
1 апрелда кечқурун Исроил армияси ҳаво кучлари охирги икки кунда Эроннинг ҳарбий инфратузилмасига 400 дан ортиқ зарба берганини, тахминан 650 та ўқ‑доридан фойдаланилганини маълум қилган.
Армия маълумотига кўра, бу зарбалар давомида Теҳрондаги ўнлаб объектлар, жумладан 15 га яқин қурол‑яроғ ишлаб чиқариш корхоналари ва Эрон Мудофаа вазирлигининг айрим бўлимлари нишонга олинган.