Эрон бош полициячиси намойишга чиқувчилар душман сифатида қарши олинишини айтди
Эрон полицияси бошлиғи Аҳмадризо Радан “кимки душман чақириғига қўшилиб кўча намойишига чиқса намойишчи эмас, душман сифатида қарши олинади” деб огоҳлантирди.
Раданнинг бу баёноти Қўшма Штатлар президенти Доналд Трамп Эрон фуқароларини АҚШ ва Исроил ҳукумати ҳужумлари туфайли юзага келган имкониятдан фойдаланишга ундаганидан сўнг айтилди.
Кўпгина эронликлар ўзгаришларни хоҳлайдилар ва баъзилари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлимини, унинг хавфсизлик кучлари ҳукуматга қарши намойишларни бостириш учун минглаб одамларни ўлдирганидан бир неча ҳафта ўтиб, очиқ нишонлашди.
Урушнинг биринчи кунида ҳалок бўлган отаси ўрнига тайинланган олий руҳоний Можтаба Хаманаийни қўллаб-қувватловчилар ҳам митинглар ўтказган.
Исроил Эронга навбатдаги зарбаларни амалга оширди
Бу суратларда Эрон шимоли-ғарбидаги Табриз шаҳрида портлашдан кейин тутун кўтарилаётгани акс этган.
Исроил армияси баёнотида айтилишича, улар Теҳрон ва Табризда Эрон ҳукуматининг “марказий қўмондонлик марказлари”га қарата зарбалар берган.
АҚШ Эроннинг мина ташувчи кемаларини йўқ қилган
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғози яқинида Эроннинг 16 та мина жойлаштирувичи кемаси йўқ қилинганини маълум қилди.
Қўмондонлик Х даги саҳифасида кемаларга снаряд тегиб портлаётгани акс этган видеони эълон қилди.
Хабарда айтилишича, 10 март куни Ҳўрмуз бўғози яқинида 16 та мина жойлаштирувчи кемани "йўқ қилган".
Бундан олдин АҚШ Президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғозини миналашга ҳаракат қиладиган ҳар қандай Эрон кемаси йўқ қилинади деб таҳдид қилган эди.
Трамп Эрон томонидан бўғозга қўйилган ҳар қандай мина зудлик билан олиб ташланиши кераклиги, акс холда Теҳрон учун бунинг бадали ўта оғир бўлиши ҳақида огоҳлантирган.
"Агар Эрон Ҳўрмуз бўғозида қандайдир миналарни қўйган бўлса-ю, улар ҳақида биз ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасак, биз уларнинг зудлик билан олиб ташланишини истаймиз! Агар бирон сабабга кўра миналар қўйилган бўлса-ю, улар зудлик билан олиб ташланмаса, Эрон учун ҳарбий оқибатлар мисли кўрилмаган даражада бўлади. Агар уларни олиб ташласа, бу тўғри йўналишдаги қадам бўлади”, деди Трамп.
Трамп, шунингдек, АҚШ “Ҳўрмуз бўғозини миналашга уринаётган ҳар қандай қайиқ ёки кемани бутунлай йўқ қилиш” учун гиёҳванд моддалар савдогарларига қарши қўлланган бир хил технологиядан фойдаланаётганини айтди.
Охирги ойларда АҚШ Кариб денгизи ва Тинч океанининг шарқий қисмида гиёҳванд моддалар олиб кетаётганини даъво қилган кемаларга бир қатор зарбалар берди.
Ҳормуз бўғози Яқин Шарқдаги энг муҳим халқаро юк ташиш йўли ҳисобланади.
Эрон ҳам, Яқин Шарқдаги нефт ва газдан даромад қиладиган аксар мамлакатлар ҳам Ҳормуздан фойдаланадилар.
АҚШ-Исроилнинг Эронга ҳарбий кампанияси бошланганидан бери Эрон қирғоқлари бўйлаб, одатда глобал нефт ва суюлтирилган газнинг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғози орқали юк ташиш тўхтаган.
Бу нарса жаҳон бозорида нефт нархининг ҳар баррели учун 120 долларгача сакраб кетишига олиб келди.
Трамп Эрондаги ҳарбий кампания "тез орада" тугашини айтди
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни ҳарбий кампания давомида Эрон армиясига жиддий зарар етказилганини айтди. У, шунингдек, можаро ўзи белгилаган дастлабки тўрт ҳафталик муддатдан олдин тугаши мумкинлигини айтди.
Вашингтон раҳбари ўтган ой Эронга қарши бошланган ҳарбий амалиёт “жуда тез орада” якунланишини айтди.
Трамп агар Эрон Яқин Шарқдаги нефт таъминотини тўсиб қўйса, бу мамлакатга “яна ҳам оғриқли” зарбалар беришга ваъда берди.
Оқ уй раҳбарининг бу баёноти жаҳон бозорларида нефт нархи кўтарилиши манзарасида янгради.
Трампнинг чиқиши ортидан фонд бозорлари кўтарилди, нефть баррелининг нархи —сешанба куни бошида 120 долларгача етган бўлса куннинг иккинчи ярмида 90 доллардан пастга тушди.
Трамп Эрон глобал нефтнинг бешдан бир қисми ўтадиган Хурмуз бўғозини тўсиб қўйишда давом этса нима бўлиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирди.
Айни пайтда Эронда марҳум Оятулло Али Ҳоманаийнинг 56 ёшли ўғли Можтаба Хоманаий мамлакат бошқарувини қўлга олмоқда.
Мамлакатнинг давлат матбуоти пойтахт Теҳронда янги олий раҳбарни қўллаб-қувватлаш учун минглаб одамлар йиғилганини кўрсатди. Айни пайтда Теҳронда “Можтабага ўлим” дея норозиликлар ҳам бўлган.
Яъни баъзи эронликлар танловни олқишлаган бўлсалар, бошқалари бу ўзгариш умидларини йўқотишидан хавотирда.
Трамп ўз чиқишида Эронда Можтаба Хоманаийнинг ҳокимият тепасига олиб чиқилишига ҳам муносабат билдирди.
"Биласизми, бундан ҳафсаламиз пир бўлди, чунки бу мамлакатни яна бир хил муаммога олиб келади деб ўйлаймиз. Шунинг учун уларнинг танловини кўриб, ҳафсалам пир бўлди".
Исроилнинг айтишича, унинг уруш мақсади Эроннинг руҳоний бошқарув тизимини ағдаришдир.
Агар Эрон ўзининг душманлик сиёсатини тўхтатмаса, Хоманаийнинг ҳар қандай ўринбосарини ўлдиришдан тап тортмаслигини айтган.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрондаги урушни “тез орада” тугатиш истаги ҳақидаги баёнотларига унинг баъзи маслаҳатчиларининг нефт нархининг кўтарилиб бораётган вазиятдан чиқиш йўлини топишга чақиришлари ҳамда чўзилган можаро АҚШ ва бутун дунёда сиёсий норозилик келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирлари сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.