Эронга ҳужумнинг Ўзбекистонга таъсири
Айрим экспертлар хавотирича, Эронга ҳужум Ўзбекистон логистикасига илк кунданоқ таъсирини кўрсата бошлаган.
Маълумки, Эрон порти минтақа ва унга туташ, айниқса, денгизга чиқиш бўлмаган Ўзбекистон каби давлатлар учун муҳим логистика нуқталаридан бири эди.
“Агар минтақа (Эронни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) билан савдомиз тўлиқ тўхтаган тақдирда ҳам бу экспортнинг 3 фоиз атрофида, импортнинг эса 2,5 фоиз атрофида секинлашишига олиб келиши мумкин. Бунинг ЯИМга умумий таъсири 0,6 фоиз атрофида бўлади. Савдо 50 фоизга секинлашишининг ЯИМ ўсишига умумий таъсири эса 0,2-0,3 фоиз банд атрофида бўлиши мумкин”, деб ёзади жумладан иқтисодчи Миркомил Холбоев.
Расмий маълумотларга кўра, Марказий Осиё минтақаси ва Эрон билан умумий юк ташиш ҳажсининг 18,9 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Қўшниларда эса бу кўрсаткич каттароқ: Қозоғистоннинг улуши — 61 фоиз, Туркманистонники — 29 фоиз.
Ўзбекистон Транспорт вазирлилига кўра, Ўзбекистоннинг ташқарига 9 та йўлакдан юк ташийди ва асосий йўналиш Эрон денгиз портлари орқали ўтадиган жанубий йўлакдир.
Экспорт ва импортнинг катта қисми - Туркия ва Европадан келаётган юкларнинг 60 фоизи шу йўлак орқали ташилади. Иқтисодчи Холбоевнинг ёзишича, 2025 йилда Эрондан импорт ҳажми 421 млн долларни ташкил этган. Асосий импорт товарлари Иссиқлик алмашинув қурилмалари ва машиналари (63 млн доллар), этилен полимерлари (42,1 млн доллар), стерол полимерлари (23,2 млн доллар) ҳисобланади.
Шунингдек, олма, беҳи, нок, импорти 15,8 млн долларни ташкил этиб, бу умумий импортнинг 44 фоизига тенг бўлган.
Теҳронда хавотирга сабаб бўлган қуюқ қора тутун
3 март куни Теҳрондаги вазият гувоҳларидан бири эълон қилган видеода шаҳарнинг ғарбий қисмида осмонга ўта қуюқ қора тутун кўтарилгани акс этгани жамоатчилик эътиборини тортмоқда.
Reuters бинолар, йўллар жойлашуви ва павильон орқали манзилни тасдиқлади — улар ҳудуднинг сунъий йўлдош тасвирларига мос келди. Видео аниқ қачон олинганини тасдиқлашнинг иложи бўлмаган, бу видео 3 мартдан олдин Интернетга тушгани ҳақида маълумот йўқ.
Қатор Интернет нашрлари бу баллистик ёки кичик ҳажмдаги ядро ёки яна бошқа замонавий қуролмикин, деган хавотирлар ёйилди. Аммо бу тутун айнан қандай ракета ёки бошқа қурол портлаши ёки жойдаги бирор иншоот, буюмдан чиққан ёнғин экани ҳозирча аниқланмади.
Исроил ҳарбийлари 3 март кунги баёнотида Теҳронда зарбалар амалга ошираётганини билдирган. Эроннинг ISNA агентлиги ҳам ўша кунги ҳаво ҳужумларидан сўнг ғарбий Теҳронда ёнғин чиққанини хабар қилган.
Эронга ҳужум эртароқ бошланди
АҚШнинг Эронга қарши ҳужуми режаланган муддатдан олдинроқ амалга оширилди, деди Яқин Шарқ бўйича АҚШнинг олий қўмондони.
Сешанба куни кечқурун эълон қилинган видео-брифингда Яқин Шарқ бўйича АҚШнинг олий қўмондони, адмирал Брэд Купер, шундай деди:
«Эроннинг биз ва шерикларимизга зарба бериш имконияти пасайиб бораётганини кўряпмиз, айни пайтда эса бизнинг жанговор қудратимиз ортиб бормоқда».
Купернинг маълум қилишича, 2 мингдан ортиқ эронлик зарбага учраган, Эроннинг ҳаво ҳимояси жиддий заифлаштирилган ва денгиз кучлари муҳим сув йўлларида ҳаракатланадиган кемаларидан айрилган.
Қўмодоннинг айтишича, Epic Fury ("Шафқатсиз ғазаб")операциясининг дастлабки 24 соати 2003 йилда Ироқда ўтказилган Shock and Awe («Шок ва қўрқув») кампаниясининг биринчи кунига нисбатан қарийб икки баравар катта кўламда бўлган.
Купер тахминан 50 минг АҚШ ҳарбийси операцияларда иштирок этаётгани ва «яна қўшимча имкониятлар» йўлда келаётганини айтди.
Сешанба куни АҚШ ҳарбийлари урушда ҳалок бўлган илк тўрт америкалик аскар шахсини маълум қилди. Трамп маъмурияти эса можаронинг кучайиши АҚШ томонидан яна қурбонлар бўлишига олиб келишидан ҳам огоҳлантирди.
Чоршанба куни Қуддусда ҳаво ҳужуми сигналлари янграб, Эрон ракеталари яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирди. Гувоҳлар ракеталар тутилган пайтда биноларни силкитган кучли портлаш овозлари эшитилганини хабар қилди.
Исроил Ливанга қуруқликдан ҳужум қилди
Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ҳизбуллоҳ гуруҳи Исроилга ракеталар учиргани, Исроил эса жанубга қўшин киритиб, бир қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширгани ортидан, 4 мартга келиб, Ливан Яқин Шарқдаги урушнинг оловли нуқталаридан бирига айланди.
Бунга қадар ҳам Ливан Ҳизбуллоҳ ва Исроил ўртасидаги кўплаб қуролли можароларга нишон бўлганди.
1982 йилда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан ташкил этилган шиа гуруҳи - Ҳизбуллоҳ, Исроил ва АҚШнинг қўшма ҳужумида Эрон олий раҳбари ўлдирилганидан сўнг, қасос олиш мақсадида Исроилга ўт очганини билдирди.
Чоршанба кунги баёнотида гуруҳ, Исроилнинг Ливандаги ўнлаб шаҳар ва қишлоқларга, жумладан Байрутнинг жанубига қилган зарбаларига жавобан чегарага яқин жойлашган Исроил кучларига ракета ёғдирганини маълум қилди.
Бунинг ортидан Исроил томони, Ливандаги 16 та қишлоқ аҳолисини эвакуация қилишга чақирди. Улар Ҳизбуллоҳ ҳужумлари сабаб гуруҳ жангчилари, иншоотлари ёки қурол-яроғлари яқинида бўлган ҳар қандай шахс хаётига хавф борилигидан огоҳлантирди.
Ливан Миллий ахборот агентлиги (NNA) чоршанба тонгидан Исроилнинг бир неча ҳужуми кузатилгани, жумладан шарқий Ливанда меҳмонхона ва бир квартира ҳужумга учраганини хабар қилди.
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 март кунги баёнотига кўра, сўнгги кескинлашув бошланганидан бери исроиллик зарбалар камида 50 кишининг ўлимига ва 335 нафар кишининг яраланишига сабаб бўлган.