Эронга қарши ҳужумдан кўзланган 4 мақсад
Оқ Уй маъмурияти Эронга қарши, Исроил билан ҳамкорликда олиб борилаётган ва ҳозир тўртинчи кунига кирган ҳаво ҳужуми бўйича тўртта мақсадни баён қилди.
3 март куни X тармоғида Epic Fury ("Шафқатсиз ғазаб") деб номланган операциянинг мақсадларини эълон қилар экан, Оқ уй: “Америка ғалаба қозонади. Террорчи Эрон режими мағлуб этилади”, деб таъкилади.
Баёнотда ушбу мақсадга эришиш босқичлари қуйидагича санаб ўтилди:
“Эрон режими ракеталарини йўқ қилиш”,
“Уларнинг денгиз кучларини бутунлай йўқ қилиш”,
“Уларнинг террорчи прокси кучлари дунёда беқарорлик ярата олмаслигини таъминлаш”
“Эрон ҲЕЧ ҚАЧОН ядровий қуролга эга бўла олмаслигини таъминлаш.”
Таҳлилчилар мақсадлар орасида Эронда “режим алмаштириш” мақсади йўқлигига алоҳида қаратмоқда.
Марказқўм: 50 минг аскар Яқин Шарқдаги амалиётда қатнашмоқда
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Брэд Купернинг маълум қилишича, Эрондаги операцияда 50 мингдан зиёд америкалик ҳарбий, 200 дан ортиқ қирувчи самолёт, икки авиаташувчи кемада ҳужумчи гуруҳлар ҳамда узоқ масофали бомбардимончи самолётлар иштирок этмоқда.
«Биз эндигина бошладик. Аммо мен мутлақо ишонаманки, шерикларимиз билан биргаликда албатта ҳарбий мақсадларимизга эришамиз», — деди у.
Купернинг қўшимча қилишича, 28 февралдан буён америкалик ҳарбийлар Эроннинг 17 та ҳарбий-денгиз кемаси, жумладан битта сувости кемасини йўқ қилган, шунингдек, Эрон бўйлаб қарийб 2000 та нишонга зарба берган.
ТИВ: Фуқаролар Яқин Шарқдан эвакуация қилинмоқда
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқ минтақасидаги вазият муносабати билан Матбуот хизматига оммавий ахборот воситаларидан тушаётган саволларга жавобларни эълон қилди.
Саволлардан бири бу минтақадаги ўзбекистонликларнинг эвакуацияси ҳақида бўлган. Унга берилган жавобга кўра, ҳозирча Саудия Арабистонидаги фуқаролар, катта эҳтимол билан умрага борганлар тизимли равишда юртга қайтарилмоқда:
- Саудия Арабистонидан тизимли эвакуация амалга оширилмоқда;
- Бирлашган Араб Амирликларидан “Узбекистан Аирвайс” авиакомпанияси репатриация рейсларини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқди;
- авиакомпаниялар билан чартер рейсларни келишиш ишлари олиб борилмоқда;
- минтақадаги авиация регуляторлари билан мувофиқлаштириш таъминланмоқда.
Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 28 февралдан бери давом этаётган қуролли низо давомида Яқин Шарқ минтақасидаги фуқаролар орасида ўлган ёки жабрланганлар йўқ.
Бошқа маълумотларни юқоридаги ҳавола орқали вазирлик саҳифасидан топишингиз мумкин.
Яқин Шарқдаги ўзбекистонликлар ёрдам сўрамоқда
Эрон ва унга қўшни Яқин Шарқ давлатларидаги ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқлардан ёрдам сўраб йўллаган мурожаатлари тарқалишда давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги видеолар кўламидан бугун таҳликали бўлиб қолаётган Яқин Шарқ минтақасида ўзбекистонликлар кўплиги кўринади.
Эрон, Қатар, Бирлашган Араб амирликлари, Саудия Арабистонида бўлган ўзбекистонликлар ортга йўл қидирмоқдалар.
3 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бу ўзбекистонликларга ёрдам ваъда қилинган бир неча баёнотни кетма-кет улашди.
Ўзбекистоннинг Қатардаги Элчихонасига кўра, бу давлатда қолган фуқароларга ёрдам кўрсатмоқда.
Шунингдек, Бирлашган араб амирликларида қолаётган 100 дан ортиқ ўзбекистонликларга хавфсиз жойга жойлаштирилгани айтилди. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари эса минтақадаги кескин вазият ва унинг оқибатларини телефондаги ўзаро мулоқотда муҳокама қилгани айтилди.
Албатта, энг хавотирли вазият ҳужумларга нишон бўлаётган Эрон ва Исроилда бўлмоқда. Исроилдан туриб, тармоқларга хабар улашаётган ўзбекистонликлар куннинг асосий қисмини бомбапаноҳда ўтказаётганини айтмоқда.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мамлакатда 12 мартгача жорий этилган “Фавқулодда ҳолат” муносабати билан ўзбекистонликларни шахсий хавфсизлик қоидаларга риоя қилишга чақирди.
Сирена янграганда дарҳол бункер ёки бошпаналарга кириш, ракета тушган жойлар ёки сирена вақтидаги ҳолатларни видео/фотога олмаслик, номаълум жисмлар ёки ракета парчаларига яқинлашмаслик ва тегинмаслик каби, Исроил ҳукумати мамлакат ичида жорий қилган, талаб ва тартибларга бўйсуниш сўралмоқда.
Айни пайтда, Исроилдаги эчилик бу давлатни тарк этишни истовчиларга эса “Таба/Бегин” назорат-ўтказиш пункти орқали Мисрга ўтиш имкониятини эслатган. У ердан Шарм аш-Шайхгача бўлган 270 километрлик масофани босиб ўтиш зарур. У ердаги аэропортдан эса Ўзбекистон авиакомпаниялари орқали ватанга қайтишлари мумкин.
2 март куни президент Мирзиёев Форс кўрфази давлатларида бўлиб турган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш бўйича бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берган. Қорақалпоғистонда эса 24/7 режимида ишловчи штаб ташкил этилгани хабар қилинган.