Экспертлар таҳлили турлича: кимдир бу фақат прогнозлигини айтса, яна кимдир агар ҳозирги сиёсий тенденция сақланса, ушбу кўрсаткич узоқ муддатгача ўзгармаслигини таъкидлайди.
Шабнамнинг умиди
Бухоро вилоятининг Олот туманидаги Ғанчи-Чандир маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир фарзандли ёлғиз аёл Шабнам Эшонқулова Озодликка мурожаат қилиб, ишсизликдан қийналаётганини, кунлари етишмовчилик ҳамда умидсизлик орасида ўтаётганини айтди.
У тўрт йилдан бери боғча ёки идораларда фаррош, ошпаз ёрдамчиси сифатида иш топиш учун Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бошқармасига мурожаат қилиб келади. Аммо натижа йўқ, унинг орзуси фақат ваъадалар ёзилган расмий хатларда қоляпти, амалда эса жавоб йўқ.
Шабнамнинг турмуши - бугунги Ўзбекистонда қийинчиликка юз тутган минглаб инсонларнинг битта мисоли, холос.
Савол туғилади: аҳолининг даромадлари ошиб, Ўзбекистон жон бошига юқори даромадли давлатлар қаторига қачон қўшилади? Жаҳон банки мутахассислари бу саволга тахминий жавоб излашди.
2023 йил мезони бўйича, аҳоли жон бошига 14 005 долларлик даромад чегараси асосида тузилган прогнозга кўра, Қозоғистон ва Туркманистон юқори даромад босқичига тахминан 40 йилда, Қирғизистон 70 йилда, Ўзбекистон ва Тожикистон эса 100 йилдан кўпроқ вақтда етади.
Ташкилотнинг жорий йилнинг баҳорида тайёрлаган “Тадбиркорлик, технология ва инновациялар орқали ўсишни тезлаштириш” номли ҳисоботида Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳолат таҳлил қилинган.
Жаҳон банки ҳисоб-китобича жон бошига даромадлар рейтинги қуйидагича бўлинади:
- Паст даромад - 1145 долларгача;
- Қўйи ўрта даромад - 1146–4515 доллар;
- Юқори ўрта даромад - 4516–14 005 доллар;
- Юқори даромад - 14 005 доллардан кўп.
“Хақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партияси лидери, профессор Хидирназар Аллақулов кўрсаткичлар ҳақида бундай дейди:
“Жон бошига тўғри келадиган даромади 14 минг доллардан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиш учун Ўзбекистонга 100 йилдан ортиқ вақт зарур экан. Шу муддат давомида Ўзбекистондан олдиндаги давлатлар бир жойда туриб қолмайди, улар янада тезроқ тараққий этади. Натижада орадаги фарқ 150 ёки 200 йилгача кенгайиши мумкин”.
Бу эҳтимолий сценарий холос
Жаҳон банкининг хулосалари сўнгги 10 йилдаги ўртача иқтисодий ўсиш суръатларига асосланган. Бу даврда пандемия ҳамда айрим давлатлардаги иқтисодий пасайишлар умумий хулосага таъсир кўрсатган. Иқтисодчи Миркомил Холбоев Телеграмдаги каналига шундай деб ёзди:
“Агар даромадларнинг пандемиядан кейинги даврдаги ўртача ўсишини олсак, ҳисоб китобларимга кўра, жон бошига даромадлар Қозоғистонда 2026 йилнинг ўзида 14 минг долларлик даражадан ўтади. Туркманистон 2034 йилда, Тожикистон 2037 йилда, Ўзбекистон эса 2042 йилда бу даражадан ўтиши мумкин. Яъни Ўзбекистон барибир минтақада бу даражага энг охирги етадиган мамлакат бўлади (сўнгги 4 йилдаги ўртача ўсиш билан)”.
Ўзбекистоннинг расмий маълумотларига кўра, 2024 йилда аҳолининг умумий даромадлари 896 триллион сўмдан ошган. Жон бошига йиллик даромаднинг ўсишини Статистика агентлиги 5,9 фоиз деб ҳисоблаган.
2025 ва 2026 йилларда Жаҳон банки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини 6% атрофида бўлишини прогноз қилмоқда. Бу барқарор ўсиш деб айтилгани билан, юқори даромадлар маррасига етиш учун ҳали етарли эмас.
Россия ва Евросиёни ўрганиш бўйича Карнеги маркази эксперти Темур Умаров Жаҳон банкининг прогнозини эҳтимолий сценарийлардан бири деб ҳисоблайди:
“Сўнгги 30 йил ичида минтақада кутилмаган воқеалар кўп бўлди. Масалан, Ўзбекистонда 2016 йилда Ислом Каримовнинг вафоти ва Шавкат Мирзиёевнинг мутлақо янги сиёсат билан келиши ёки 2019 йилда Қозоғистондаги ҳокимият транзити. Бундай воқеалар узоқ муддатли прогнозларни мураккаблаштиради. Аммо Ўзбекистоннинг жон бошига даромади юқори мамлакатлар даражасига етиши нега қийин кечишини тушунса бўлади: аҳоли сони катта бўлган ўлкаларда жон бошига юқори даромадга чиқиш анча оғир жараён. Буни Хитой мисолида кўриш мумкин. У дунёдаги энг йирик иқтисодиётлардан ва энг катта инвесторлардан бири эканига қарамай, ҳали ҳам жон бошига даромад ҳисобида ривожланган мамлакатлар даражасига етгани йўқ” .
Нега Туркманистоннинг кўрсаткичи яхши?
Кўпчиликда Жаҳон банки прогнозидаги битта ҳолат юзасидан савол туғилмоқда: Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш суръатлари ва бошқа кўрсаткичларда статистикаси деярли ёпиқ Туркманистон қандай қилиб етакчи ўринни эгаллаб турибди? Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев буни қуйидагича тушиндирди:
“Сабаби, уларда манатнинг долларга нисбатан расмий курси сунъий равишда баланд. Масалан, расмий ҳисобда 1 доллар 3–3,5 манатга тенг дейилади, лекин бозорда унинг ҳақиқий қиймати 24 манат атрофида. Шу боис Туркманистоннинг иқтисодиёти доллар билан ҳисобланганда гўёки 6–7 баробар каттароқ кўринади ва расмий рақамлар юқори чиқади. Оддатда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки Туркманистон кўрсаткичларини эълон қилмасди, аммо бу сафар чоп этди. Бу эса мамлакатда қандайдир ижобий ўзгаришлар бўлиши мумкин деган умидни уйғотмоқда. Президент алмашди, давлат нейтрал позицияда қолмоқда, шунинг учун халқаро иқтисодий ташкилотлар Туркманистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқмоқда. Ўзбекистонда ҳам 2017 йил 5 сентябргача худди шундай ҳолат бор эди: расмий курс билан бозордаги курс ўртасида катта фарқ икки бараварлик тафовут мавжуд эди. 2017 йилдан эса бу тизим ўзгартирилди ва Ўзбекистон реал кўрсаткичларга эга бўла бошлади”.
Ўзбекистондаги ижтимоий манзара икки хил: расмий тадбирлардаги тантаналар, халқаро анжуманлардаги юксак амбициялар ва маҳаллий даражадаги дабдабали байрамлар - мамлакатнинг расмий имижини шакллантиради. Шу билан бирга, аҳолининг маълум қатлами камбағаллик, ишсизлик ва меҳнат миграцияси каби мураккаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга дуч келиши турли баёнотларда акс этади.
Сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов аҳолининг жон бошига даромадини баҳолашдаги бир неча муҳим омилларга тўхталди:
"Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли улуши 55–56%, Қозоғистонда эса 60%. Қишлоқ аҳолиси Ўзбекистонда 50%, Қозоғистонда 40% бўлиб, саноатда бандлар улуши Қозоғистонда юқори ва бу юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайди. Қозоғистоннинг экспортга йўналтирилган ресурслари ҳам кўпроқ. Географик жиҳатдан Ўзбекистон минтақада энг ёпиқ мамлакат, денгиз портларига чиқиш учун икки давлат ҳудудидан ўтиши керак. Жаҳон савдосининг 80% денгиз орқали амалга оширилади, бу транспорт харажатларини ошириб, инвесторлар қизиқишини пасайтиради. Россия орқали транзит ёпиқ, Транскаспий йўли чекланган, Трансафғон йўли эса қурилмаган. Ушбу омиллар иқтисодий ўсиш ва аҳоли жон бошига даромадга салбий таъсир кўрсатади”.
Чет элдаги муҳожирларсиз давлат камбағаллашади
Марказий Банк маълумотига кўра, 2025 йилнинг ярмига келиб хориждан Ўзбекистондаги жисмоний шахсларга жўнатилган пуллар ҳажми 8,2 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу давридан 27 фоизга кўп. Жаҳон банки маълумотларига кўра, пул ўтказмаларисиз Ўзбекистонда камбағаллик даражаси икки баравар юқори бўлиши мумкин эди. Эксперт Илҳомовнинг бу борадаги фикри қуйидагича:
“Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳолининг катта қисми ҳали ҳам чет элда, асосан Россияда ишлашга мажбур. Улар юборган тахминан 15 миллиард доллар ўсишни кўрсатса-да, бу даромадлар мамлакат ялпи маҳсулотига тўғридан-тўғри қўшилмайди, ишлаётган давлат иқтисодиётига киради. Россияда бу ишчи кучи қийматининг 25%ини ташкил этиб, улар яратадиган маҳсулот қиймати тахминан 60 миллиард долларга тенг бўлади. Бу потенциал қиймат Ўзбекистон иқтисодиётига кирмайди. Агар шароит бўлса, улар юртида ана шу қийматни яратишлари мумкин эди. Лекин ҳозирда мамлакатда бизнес юритиш, сармоя жалб қилиш ва ҳуқуқий кафолатлар етарли эмас. Хусусий мулк дахлсизлиги таъминланмаса, яширин келишувлар амалиёти сақланса, иқтисодий ўсишга тўсиқ бўлиб қолаверади” .
2024 йилнинг 11 сентябрида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашни умуммилий ҳаракатга айланишини таъкидлаган.
“Бир нарсани тушиниш зарур, одамларга қанча ёрдам бермайлик, маҳаллаларнинг шароитини яхшиламасак, камбағаллик, албатта қисқармайди. Шу боис келгуси йили маҳаллаларнинг инфратузилмасини ривожлантиришга барча манбалардан 1,6 миллиард доллар ажратамиз”, - деган у.
"Мана, сизга Ўзбекистоннинг статистикаси"
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 23 фоиздан 10 фоизгача пасайган. Президент матбуот хизмати эса бу рақамни келгуси уч йилда 7 фоизга тушириш режаси борлигини маълум қилган.
Бу рақамлар ҳукуматнинг ўзи ўлкада камбағаллик мавжудлигини тан олишини кўрсатиб турган бўлса-да, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги сайтидан ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан аҳолининг қашшоқ қатламининг реал ҳаётини акс эттирган ҳеч қандай визуал маълумот - расм ёки видеоларни топмайсиз.
Агар расмий статистикадаги рақамларига ишонилса, 2024 йилда иқтисодиёт 6,5% ўсиб, ялпи ички маҳсулот 115 млрд долларга яқин суммани ташкил этган.
Статистика агентлиги 2025 йил учун Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари бир ойда киши бошига 669 минг сўм, ёки 50 доллардан кўпроқ деб белгиланганини маълум қилган. Бу кўрсаткич камбағаллик чегараси сифатида қўлланилиб, давлатнинг моддий ва ижтимоий кўмакларини мақсадли равишда тақсимлаш, дастурлар самарадорлигини ошириш ҳамда пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилашда мезон бўлади.
Аммо сиёсатчи Хидирназар Аллақулов ушбу рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтади:
“Расмий статистикага назар ташласак, Ўзбекистон иқтисодиёти гўё жадал суръатларда ўсиб бораётгандек кўринади. Масалан, аҳолининг реал даромадлари 7,4 фоизга ўсди, дейилади. Аммо ҳаётий воқелик бутунлай бошқача, турмуш даражаси аксинча пасаймоқда. Бу ҳақда нафақат Жаҳон банки, балки Осиё тараққиёт банки ҳам аҳолининг реал даромадлари тушиб бораётганини таъкидламоқда. Расмий маълумотларда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 110 миллиард доллардан ортиқ, деб кўрсатилади. Бироқ яқинда Kotib AI Research тадқиқотига кўзим тушди. Унда дунёдаги йирик брендларнинг 87 фоизи Ўзбекистон бозорига киришни рад этгани қайд этилган. Бунинг сабаблари ҳам таҳлил қилинган ва натижада мамлакат инвестициялар бўйича сезиларли йўқотишларга учраётгани айтилган. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиёти бу омиллар туфайли 4,2 миллиард доллар зарар кўргани, бу эса ялпи ички маҳсулотнинг 5,7 фоизига тенглиги қайд этилган. Шу ҳисоб-китобларга таянадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ҳақиқий ялпи ички маҳсулоти 74 миллиард доллар атрофида. Ҳолбуки, расмий ахборотларда 110 миллиарддан ошди, деб эълон қилиняпти. Мана, сизга бизнинг Ўзбекистоннинг статистикаси".
Шу билан бирга Ўзбекистоннинг ташқи қарзи рекорд даражага етиб, 70 миллиард долларга яқинлашиб қолди. Экспертлар бу кўрсаткич ҳам жон бошига даромад даражасида роль ўйнашини таъкидлашади.
Кузатувчилар фикрича, ҳақиқий иқтисодий ривожланиш ва аҳолининг даромад даражасининг ўсиши - фақат иқтисодий чоралар билан эмас, балки демократик талабларга мос келадиган самарали сиёсий ислоҳотларнинг амалга ошиши билан ҳам узвий боғлиқ. Лекин бу борадаги халқаро рейтинг ва индекслар таҳлилида Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон ҳали етарли даражада юқори кўрсаткичларга эга эмас.
Таҳлилимиз бошида тилга олинган бухоролик Шабнам Эшонқулова эса яхши ҳаёт умидида ҳануз Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бошқармасидан жавоб кутмоқда.
Форум