Линклар

Шошилинч хабар
15 июл 2024, Тошкент вақти: 06:51

Дунёнинг тўртинчи рақамли шахматчиси. Нодирбек Абдусатторов Prague Masters ғолиби бўлди


Нодирбек Абдусатторов. (Петр Врабец/ Prague International Chess Festival)
Нодирбек Абдусатторов. (Петр Врабец/ Prague International Chess Festival)

Ўзбекистонлик 19 яшар Нодирбек Абдусатторов Чехия пойтахтида ўтказилган Prague Masters шахмат фестивали ғолиби бўлди.

7 март куни Нодирбекнинг рейтинги классик шахматда 2766, рапид шахматда 2733, блиц шахматда 2661га етди.

Динамик рейтингда у амалдаги жаҳон чемпиони Дин Лижендан ҳам бир поғона юқорилаб, 4-ўринга чиқди.

Бу ўзбек шахмати тарихида мисли кўрилмаган натижа. Бунгача фақат Рустам Қосимжонов 2715 балл билан 11-ўринни эгаллаганди.

Нодирбек Абдусатторов 8 ёшидан бери халқаро мусобақаларда қатнашади. У шахмат тарихидаги иккинчи энг ёш гроссмейстер.

2023 йилнинг январида Tata Steel Chess супертурнирида қатнашиб, классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалабага эришган.

Бу галги Прага шахмат турнирида эса, турнир тугамасиданоқ унинг ғолибига айланди.

Халқаро шахмат федерациясидаги ўйинчилар сони 2023 йил якунида 350 мингдан ошди, бунинг 170 мингдан ортиғи актив ўйинчидир.

“Ҳозир классик шахматда Магнус Карлсен 1-рақамли шахматчи. Нодирбек уни ҳозирча рапидда енгган. Аммо, ҳозир ёш шахматчилар бирин-кетин кўтарилмоқда. Нодирбек, Гукеш ёки Прагнанандха тез орада чемипон бўлишига шубҳа йўқ. Нодирбекни мен 2022 йилдан бери танийман. Жуда иқтидорли шахматчи”, дейди Петр Болеслав, Prague Masters фестивали директори.

Озодлик илк бор Нодирбек билан 8 ёшлик пайтида, кейин 13 ёшлигида суҳбатлашган эди. Иккинчи суҳбат - Россияда, Нодирбек гроссмейстерликни қўлга киритган кезда бўлган.

2017 йилда Санкт-Петербург шаҳрида халқаро Чигорина Ёдгорлиги шахмат мусобақаси бўлган ва унда 2 та ғалаба, 2 та дуранг натижага эришган эди.

Ўшанда Нодирбекни қўлидан тутиб, Россияга олиб борган онаси - ёш талантнинг хориж сафарлари харажатини оила ўзи кўтараётгани, Ўзбекистон Шахмат федерациясидан ёрдам ололмаётганини айтганди.

Шунга қарамай, оиласи бор имконини ишга солиб, ҳомий топиб, жажжигина Нодирбекни гроссмейстер даражасигача олиб чиқишди.

Нодирбек Абдусатторов 13 ёшида гроссмейстер титулини қўлга киритган ва шахмат тарихида бу мақомни қўлга киритган иккинчи энг ёш шахматчи бўлган.

2021 йилда амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен устидан ғалабага эришиб, 17 ёшида шахматнинг рапид йўналишида жаҳон чемпиони бўлганди.

Ўшанда Нодирек Ўзбекистон президенти назарига тушган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Шавкат Мирзиёев Нодирбек Абдусатторовнинг шахмат бўйича жаҳон чемпионига айланиши лаҳзаларини самолётдан онлайн кузатиб борди, деб хабар қилганди:

“Давлатимиз раҳбари шахматнинг рапид йўналиши бўйича янги ва энг ёш жаҳон чемпионига ўзининг энг самимий табрикларини йўлламоқда ҳамда унинг ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирмоқда. Баракалла!”

Шов-шувларга сабаб бўлган ўйин президент МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган Санкт-Петербургдан Тошкентга қайтаётган вақтга тўғри келган.


Ўшанда Нодирбек ва ўзбекистонлик яна бир неча ёш иқтидорли шахматчиларни Тошкент аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги расмийлар тантанали кутиб олганди.

Нодирбекнинг айтишича, шундан сўнг унга давлат кўмаги кела бошлаган.

Шахматчининг сўзларига кўра, 2021 йилда эришган тарихий ғалабасидан бери Магнус Карлсен билан 20дан ортиқ ўйин ўтказган. Бирида енгган, бирида енгилган, яна бирида дуранг.

Аммо, бир вақтлар кумири бўлган кучли шахматчи билан кетма-кетма дона суриб юрган иқтидор бу гал "кумирингиз ким", деган саволга дунё шахматининг афсонавий ўйинчиси Гарри Каспаров эканини айтди.

Форум

XS
SM
MD
LG