Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2022, Тошкент вақти: 15:03

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонлик шахматчилар илк бор Жаҳон шахмат олимпиадасида мутлақ ғолиб бўлишди

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистонда ўтаётган Жаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритишди.

9 август куни ўтказилган ҳал қилувчи баҳсда ўзбек шахматчилари Ҳолландия жамоаси устидан 2,5:1,5 ҳисобида ғолиб келишган. Шу тариқа Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавҳир Синдаров, Жаҳонгир Воҳидов ҳамда Шамсиддин Воҳидов мусобақа ғолибига айланишган.

Ўзбек шахматчилари шахмат олимпиадасида сўнгги бор 1992 йилда совринли ўринга эга бўлишганди. Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтказилган ўша мусобақада улар кумуш медални қўлга киритишган эди.

Кун янгиликлари

Тошкентга «Уюшган халқаро молия маркази» мақоми берилгани айтилмоқда

Тунги Тошкент.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги GFCI Халқаро молия марказлари глобал индекси Тошкентга «Уюшган халқаро молия маркази» мақомини берганини билдирди.

Агентликнинг билдиришича, GFCI халқаро молия марказлари рақобатбардошлигини молия бозори, бизнес муҳит, инсон капитали, инфратузилма, мамлакат обрўси йўналишлари бўйича баҳолайди.

GFCIнинг рейтинг тузувчи молиявий-инвестициявий ҳамжамияти 30 минг молиячи ва дунёнинг 138 та мамлакатидаги 5 мингта халқаро корпорацияларни ўз ичига олади.

“Республика пойтахтининг индексга киритилиши халқаро инвесторлар ва бизнес вакиллари томонидан инвестицион қарорларни қабул қилишда Ўзбекистонни капитал киритиш учун юрисдикция сифатида танлашга рағбатлантиради”, дейилади расмий билдирувда.

Ўзбекистон ва Венгрия 16 шартномани имзолади. Ядровий соҳада ҳамкорлик қилинади

Шавкат Мирзиёев ва Виктор Орбан қўшма баёнот қабул қилди.

Ўзбекистон президентининг Венгрияга 3-4 октябрдаги ташрифи доирасида томонлар ўртасида 16 та шартнома имзолангани тўғрисида Мирзиёевнинг матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Виктор Орбан имзолаган Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида қўшма баёнотда музокаралар дўстона, очиқ ва конструктив руҳда ўтгани қайд этилган.

Имзоланган шартномалар орасида 2023-2024 йилларда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма дастур, фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳаракатлар режаси каби ҳужжатлар бор.

Шунингдек, Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан кўпроқ бўлган шартномалар имзоланган.

Бундан ташқари Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ўзбекистонлик ҳамкасби Владимир Норов билан ўтказган музокаралар доирасида Ўзбекистон ва Венгрия ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастурини йўлга қўйишга келишиб олгани билдирилди.

Петер Сийяртога кўра, ядровий энергетика соҳасида комплекс ҳамкорлик дастури учта қисмдан иборат бўлади:

1. Ўзбекистонда қурилаётган АЭСда Венгрия совутиш тизимларидан фойдаланилади.

2. АЭС комплекс ҳамкорлик учун таълим асоси бўлади. Венгрия ҳар йили ўзбекистонлик олий ўқув юртлари талабаларига 170 та стипендия ажратади. Уларнинг бир қисми, ядровий энергетика соҳасидаги бўлажак инженер ва экспертлар Венгрияда тайёрланади.

3. Қиздирувчи унсурлар билан боғлиқ тадқиқот ва ишланмалар дастури йўлга қўйилади.

4 октябрь куни Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Шавкат Мирзиёев венгриялик ҳамкасби Каталин Новак билан учрашди. Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Чирчиқдаги кимё заводида чиққан ёнғин ўчирилиди. Икки киши жароҳат олди

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги Maxam Chirchiq заводининг аммиак-1 ишлаб чиқарувчи синтез цехида 4 октябрь куни соат 8:30 да бошланган ёнғин тўлиқ ўчирилгани тўғрисида вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

ФВВнинг билдиришича, ёнғин ва шундан сўнг юз берган портлаш оқибатида заводнинг икки ходими енгил жароҳатланган. Уларга Чирчиқ шаҳар касалхонасида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Воқеа жойига шаҳар ҳокими Даврон Хидоятов, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовлар етиб келиб, ёнғин ва портлаш сабабларини ўрганмоқда.

«Максам Чирчиқ» ширкати Ўзбекистонда минерал ўғитлар ва бошқа кимё маҳсулотларини йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Чирчиқдаги йирик кимё заводида портлаш бўлди

Чирчиқдаги завод. Тошкент вилоят ҳокимияти матбуот хизмати фотоси.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 4 октябрь куни эрталаб «Максам Чирчиқ» ширкатига қарашли 5-заводда ёнғин чиқди. Ёнғин оқибатида заводда портлаш юз берганини Тошкент вилояти ҳокимлиги тасдиқлади.

Ҳозирги пайтда соат 08:40 ларда бошланган ёнғинни қуршаб олиш ва ўчириш чораси кўрилмоқда. “Ўзкимёсаноат” ширкати ёнғин ва портлаш оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини расман билдирди. Ширкатнинг маълум қилишича, портлаш оқибатида атмосферага заҳарли газларнинг кўтарилишининг ҳам олди олинган.


Мазкур вазиятни келтириб чиқарган сабаблар ва оқибатлари юзасидан қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.

«Максам Чирчиқ» ширкати Ўзбекистонда минерал ўғитлар ва бошқа кимё маҳсулотларини йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Ўзбекистонда 9 ойда нархлар 12,2 фоизга қимматлади

Нархлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаган.

Ўзбекистонда сентябрь ойига келиб, истеъмол нархлари индексининг ўсиш даражаси 12,2 фоизга етди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Расман билдирилишича, сентябрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1 фоизга ошган. Нархлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 1,4 фоизга ошди.

Шу даврда ноозиқ-овқат товарлари нархлари 0,7 фоизга ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 0,8 фоизга қимматлади.

Март ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси Марказий банк кутилмаларидан кўпроқни, ўн ярим фоизни ташкил этгани билдирилган эди. Марказий банкка кўра, бунга озиқ-овқат нархларининг 2,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарларининг эса 1,1 фоизга ошгани сабаб бўлган.

Жаҳон банки 10 апрель куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонда 2022 йилда иқтисодий ўсиш 3,6 фоизгача секинлашишини башорат қилди. Банк иқтисодий ўсишнинг секинлашишига пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши, озиқ-овқат ва нефть нархларининг ошиши каби омиллар сабаб бўлишини айтган.

Ўзбекистонликларни онасидан сўккан собиқ ИИБ ходими қамоққа олинди (ВИДЕО)

Ўзбекистон халқини онасидан сўккан Оққўрғон тумани ИИБ собиқ ходими Аббос Сулаймонов 2 октябрь куни Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан айбланиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Сулаймоновнинг бир аёл билан телефон орқали қилган мулоқоти аудиоси пайдо бўлган эди. Унда Сулаймонов “бутун ўзбекистонликларнинг, жумладан, оққўрғонликларнинг оналари” билан “жинсий алоқада” бўлганини қўпол сўзлар билан бир неча марта айтган ва аёлга “ўзи билан ҳазиллашмасликни ва тинчиб ўтириш”ни тавсия қилган.

Бу ёзув интернетда тарқалгани ортидан эллик нафарга яқин оққўрғонлик туман ички ишлар бўлимига келиб, онани ҳақорат қилган фуқарога қаттиқ жазо беришни сўраган.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, 1992 йилда туғилган Аббос Сулаймонов “2022 йилда туман ИИБ профилактика инспектори лавозимига қабул қилинган. Ёш ходим кўп ўтмай хизмат фаолияти давомида ўзини салбий томондан кўрсатганлиги ва ноўрин хатти-ҳаракатлари сабабли ички ишлар органларидан бўшатилган”.

Сулаймонов қўлга олинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда унинг Ўзбекистон халқидан кечирим сўраган видеоси эълон қилинди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда унинг онаси ҳам кечирим сўраган видео тарқатилди.

Шавкат Мирзиёев 3-4 октябрда Венгрияга сафар қилади

Президент Шавкат Мирзиёев 3−4 октябрь кунлари Венгрия томонининг таклифига биноан расмий ташриф билан Будапештга боради. Мирзиёев у ерда Венгрия президенти Каталина Новак ва бош вазири Виктор Орбан билан музокаралар ўтказади.

Ўтган йилнинг март ойида бош вазир Виктор Орбан Тошкентда бўлган эди. Президент матбуот хизматининг билдиришича, “бўлажак саммит давлат раҳбарининг жавоб ташрифи” ҳисобланади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Ўзбекистон-Венгрия саммитининг кун тартибидан стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги, молиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари ўрин олган.

Бундан ташқари ўзаро савдони кўпайтириш, фармацевтика, агросаноат мажмуи, машинасозлик, сувни тежаш ва бошқа йўналишларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Музокаралар якунида қўшма баёнот ва икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини имзолаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Мирзиёевнинг Венгрия етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон ТИВ мобилизациядан қочиб келаётган россияликлар масаласида муносабат билдирди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 30 сентябрда мобилизациядан қочиб келаётган россияликлар масаласида муносабат билдирди.

“Уларнинг мамлакатимизда бўлиши масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз. Шу билан биргаликда ҳуқуқбузарликлар содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмайди” дейилади вазирлик баёнотида.

ТИВ баёнотида Украинанинг бўлгинчи ҳудудларидаги “референдум”лар бўйича муносабат билдирилмаган. Бироқ Ўзбекистон томони мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдори экани қайд этилган.

Президент Путин 21 сентябрь куни Россияда қисман сафарбарлик эълон қилгани ортидан минглаб россияликлар урушга боришдан қочиб бошқа давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга бошпана излаб келди.

Украина уруши ортидан Ўзбекистонга россияликларнинг биринчи оқими шу йил мартига тўғри келган эди. Камида 2 минг россиялик, асосан IT-мутахассислар Тошкентда иш ва бошпана қидириши турар-жой ижара нархларига сезиларли таъсир кўрсатгани айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати Украинадаги уруш борасида нейтрал позицияда эканини таъкидлаб келади.

Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика вазири этиб тайинланди

Жўрабек Мирзамаҳмудов бунга ыадар «Ўзкимёсаноат» бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Президент фармони билан Жўрабек Мирзамаҳмудов бош вазирнинг ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш бўйича ўринбосари — энергетика вазири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда 30 сентябрга ўтар кечаси президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Бунгача энергетика вазири лавозимида ишлаган Алишер Султонов апрель ойида «саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтган» ва ўшандан бери вазир ўрни бўш турган эди.

1979 йилда Наманган вилоятида туғилган Жўрабек Мирзамаҳмудов 2001 йилда АҚШдаги Алабама университетини, 2005 йилда эса Тошкент кимё технологиялари институтини тамомлаган.

Жўрабек Мирзамаҳмудов 2006-2012 йилларда «Ўзбекнефтгаз»да турли лавозимларда ишлаган. Шундан сўнг 2012-2014 йилларда иқтисодиёт вазири ўринбосари, 2014-2017 йилларда «Ўзкимёсаноат» раиси ўринбосари, 2017-2018 йилларда Вазирлар маҳкамасида департамент мудири, 2018-2019 йилларда Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги бош директори, 2019 йилдан «Ўзатом» агентлиги бош директори лавозимларида ишлади.

У 2019-2020 йилларда энергетика вазири ўринбосари бўлди. 2020 йил январидан «Ўзкимёсаноат» бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси 24 мингтагача оширилади

Саудия Арабистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон президенти қабулида, Тошкент, 2022 йил 29 сентябри (president.uz фотоси)

Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик Ҳаж квотаси 24 мингтагача оширилади. Бунга оид келишувга Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегациянинг 29 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган пайтда эришилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида Саудия делегацияси йилига Ўзбекистондан 100 минг нафаргача Умра зиёратчисини қабул қилишга тайёр эканини билдирган.

Каримов ҳукмронлиги даврида ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси 5000 дан оширилган эмас. Мирзиёев даврида бу кўрсаткич ўсган, дейлик, 2019 йилда 7 200 нафар ўзбекистонлик учун Ҳаж ибодатини адо этиш имконияти берилган. Жорий йилда эса Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланганди.

Аслида бирор мамлакат учун Ҳаж квотаси “ҳар минг мусулмонга бир зиёратчи” формуласидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Ўзбекистонда ўртача ҳисоб-китобларга кўра 31 миллиондан зиёд мусулмон яшаши эътиборга олинса, сўнгги келишув ортидан квота меъёрга яқинлашиб қолганини кўриш мумкин.

Саудия ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация Тошкентга келгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Ўзбекистон баданига Путиннинг учта татуировкасини чиздирган рус раққоси иддаоларини рад этди

Полунин Путиннинг биринчи татуировкасини 2018 йилда чиздирган.

Россиялик раққос Сергей Полунин 28 сентябрь куни Instagram саҳифасида Тошкентдаги гастроли пайтида ҳалок бўлган рус аскарларига бағишланган қўшиққа рақс ижро этгани учун Ўзбекистон расмийлари унга қўпол равишда танбеҳ берганини иддао қилди. Ўзбекистон расмийлари эса Полунин келишилган дастурдан четга чиққани учун огоҳлантирилганини айтмоқда.

Reuters агентлигининг ёзишича, Полунин «Встанем» қўшиғига рақс тушган. Бу қўшиқ Россия армиясига бағишланган бўлиб, биринчи марта 23 февраль куни, яъни Украинага уруш очилишидан бир кун олдин ижро этилган.

Полунинга кўра, шундан сўнг Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш фонди вакиллари унга қўпол муомалада бўлишган ҳамда иш ҳақини тўлашдан бош тортишган. Полунин Россия элчихонасидан ўзини ҳимоя қилишни сўраган.

“Биз улар билан муроса қилмаслигимиз керак, биз уларга рус санъаткорлари ва рус маданиятига бундай муносабат қилинишига йўл қўймаслигимиз керак”, деган Полунин.

Gazeta.uz бу масалада Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш фонди расмийларидан муносабат олди. Фонд расмийлари Полунинга қўпол муносабатда бўлинмаганини, раққос келишилган дастурдан четга чиқиб, келишувни биринчи бўлиб ўзи бузганини айтишган.

Ўз баданига президент Путиннинг учта суратини ва свастикага ўхшаган рамзни татуировка қилдирган Сергей Полунин Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрида 25-26 сентябрь кунлари Satori балетини намойиш этган эди.

Украинанинг Херсон вилоятида 1989 йилда туғилган ва кейинчалик жаҳоннинг йирик театрларида раққослик қилгани ортидан танилган Сергей Полунин 2018 йилда кўкрак қисмига президент Путиннинг татуировкасини чиздирган эди. Август ойида эса у ўз баданига Путиннинг учинчи татуировкасини чиздирганини эълон қилган.

Ўзбекистонда гўдаклар ўлими кўпайди

Ўзбекистонда 9 миллион туғиш ёшидаги аёлга 227 та туғруқхона хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонда 2021 йилда гўдаклар ўлими 2020 йилга нисбатан 160 тага кўпайди ва 7 214 тани ташкил қилди. Бу ҳақда 28 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Кенгаши мажлисида маълум қилинди.

Сенат матбуот хизматининг билдиришича, бунинг асосий сабабларидан бири ҳудудларда 2018-2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури камчиликлар билан ижро этилаётганидадир.

Бундан ташқари йиғилишда ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республикадаги туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмагани ҳам қайд этилди.

Сенатга маълум қилинишича, Ўзбекистондаги 17,5 миллиондан ортиқ аёлнинг 9,1 миллиони туғиш ёшидадир. Уларга 227 та туғруқхона хизмат кўрсатади. 18 нафаргача бўлган болалар сони 11,3 миллион бўлиб, улар учун 238 та болалар даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатмоқда.

2022 йилнинг 8 ойи давомида 9,1 миллион нафар туғиш ёшидаги аёлдан 6,7 миллиони (74,1 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилган, улардан 2,9 миллионида (42,9 фоизи) экстрагенитал касалликлар аниқланган.

Йиғилишда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш учун ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳ бир ой муддатда мазкур йўналишда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказиб, 1 ноябрга қадар Сенат Кенгашига аниқ таклиф киритиши белгиланди.

Деновдаги мактабда 3-синф ўқувчисининг жасади топилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси.

Сурхондарё вилоят прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган Деновдаги мактаблардан бирининг ҳовлисида 3-синфда ўқийдиган қизалоқнинг жасади топилгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади, бироқ қизалоқ қотиллик қурбони бўлгани тўғрисидаги гумонларни рад этди.

Прокуратуранинг 28 сентябрда хабар беришича, дастлабки терговда Денов тумани “Буюк ипак йўли” маҳалласида яшовчи М.Қ., исмли аёл 27 сентябрь куни 2013 йилда туғилган З.Қ.,ни Сариосиё туманига олиб боргани аниқланган. Прокуратура аёл ўқувчи қизни Сариосиёга нега олиб борганини очиқламаган.

Сариосиёдан Деновга қайтилган пайтда З.Қ.,нинг соғлиги ёмонлашган. Аммо М.Қ., қизнинг “ҳаёти хавф остида қолганлиги ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлганлигини англаган ҳолда унга ёрдам кўрсатмасдан” 15-мактабнинг ҳовлисига ташлаб кетган. Қизалоқ мактаб ҳовлисида вафот этган.

“Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 28 сентябрь куни Денов тумани прокуратураси томонидан М.Қ.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (хавф остида қолдириш одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган”,- дейилади прокуратура билдирувида.

Прокуратура аёл ўқувчи қизни нега Сариосиёга олиб боргани, қизалоқнинг аҳволи қай тарзда ёмонлашгани ва айнан қандай сабаблар оқибатида вафот этгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот бермади.

Саудиянинг Ҳаж ва умра ишлари вазири Тошкентга келди

Иллюстратив сурат

Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация 27 сентябрь куни Ўзбекистонга келган.

Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати маълумотига кўра, меҳмонлар Тошкент халқаро аэропортида президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва бир гуруҳ мутасаддилар томонидан кутиб олинган.

Ташрифдан асосий мақсад Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини такомиллаштириш, айниқса, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш экани айтилган.

Ўзбекистонда раҳбарлик этикаси ва қонунни бузган бешта туман ҳокими ишдан олинди

Андижон туман ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев қабулига келганларга пойгакдан жой бергани билан "машҳур" бўлган. Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурат.

Президент қарорлари асосида 27 сентябрь куни Андижон вилоятининг Асака, Андижон ва Пахтаобод, Фарғона вилоятининг Фарғона, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманлари ҳокимлари ишдан олинди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихонов ва Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Пахтаобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов ва Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдошев раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани учун, Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев давлат хизматчиси этикасини бузган ҳолда фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик қилгани учун ишдан олинди.

2020 йил сентябридан Асака тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Мансурбек Алихонов 2021 йил декабрида фуқаролар билан менсимаслик оҳангида гаплашгани тасвирга олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Бунинг учун ҳокимининг матбуот котиби ишдан олинганди.

2021 йил февралидан бери Андижон тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Абдужаббор Эгамбердиев эса 2022 йил августида қабулига келганларга пойгакдан жой бераётгани акс этган маълумотлар тарқатилгани ортидан ўзбекистонликлар орасида «машҳур» бўлиб кетган эди.

Қолган уч ҳокимнинг бу каби ҳаракатларни содир этгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда маълумотлар мавжуд эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG