Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 08:34

“Шарқ”: Маданий ёдгорликлар яширинча вайрон қилинмоқда - фаоллар


Бир учида улкан соат минораси бўлган бу 16 қаватли бино Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган. 
Бир учида улкан соат минораси бўлган бу 16 қаватли бино Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган. 

Бир учида улкан соат минораси бўлган бу 16 қаватли бино Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган.

Эллик йил аввал меъмор Рихард Блезэ томонидан совет модернизми услубида яратилган бинонинг махфий ҳукумат қарори билан моддий маданий мерос рўйхатидан чиқарилгани унинг бузилиши ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.

“Ҳақиқий исмларингиз билан имзо чекишдан қўрқасизми? Тошкентликларнинг юзига тик қарашга журьат йўқми сизда? Маданий ёдгорликлар яширинча, хоинлик билан уятсизларча йўқ қилинмоқда”, деб ёзди ўзбекистонлик таниқли журналист ва блогер Никита Макаренко Facebook саҳифасида.

Санъатшунос Борис Чухович эса: "Агар бу бино бузиладиган ёки реконструкция қилинадиган бўлса пойтахт маркази қиёфасида яна бир синиқ тиш пайдо бўлади. Унинг ўрнига тушадиган олтинранг қопламали бино ҳам вазиятни ўнглай олмайди”, деб фикр билдирди.

Ўтган йил сентябрь ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонаси бинолари ва 16 қаватли курантли бинони ҳам ягона мулкий мажмуа сифатида савдога, яъни хусусийлаштиришга қўйган эди.

Маданий мерос агентлиги ўшанда бинонинг Ўзбекистон моддий маданий мерос рўйхатига киритилганини эслатиб, уларни аукциондан олиб ташлашни талаб қилган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров фикрича, “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонасига тегишли тарихий бинонинг моддий маданий мерос рўйхатидан чиқарилиши унинг “прихватизация қилиб бузиш” уринишларнинг давоми бўлиши мумкин.

“Рўйхатдан чиқарилиш, катта эҳтимол, бу бинонинг ўзлигига хос архитектура ечимини сақлаб қолган ҳолда таъмирлаш эмас, "прихватизация қилиб" бузишни ва ўрнига бошқа бир дидсиз алламбалони қуришни англатади”, деб ёзди Бакиров Телеграм каналида.

Аввалроқ Буюк Турон кўчасидаги бошқа бир иншоот — Давлат хавфсизлик хизматининг тўрт қаватли собиқ қароргоҳи шу тариқа хусусийлаштирилган эди.

Моддий маданий мерос объектларининг 2019 йилда шакллантирилган ва ҳукумат томонидан тасдиқланган рўйхатида ДХХ эски биноси ҳам бор.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 июндаги ёпиқ қарори билан бино маданий мерос рўйхатидан чиқарилган.

Шу куннинг ўзида ушбу бино собик Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғлига алоқадор компания томонидан сотиб олингани эълон қилинди. 2023 йил июлида бинони бузиш ишлари бошланди, ўрнида 22 қаватли меҳмонхона қурилиши бошлаб юборилган.

Маданий мерос агентлиги “Шарқ” нашриёти бинолари маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилишини изоҳларкан, “аянчли ҳолатида экани ва тўлиқ реконструкцияни тақозо этиши”ни билдирди.

“Экспертиза натижаларига кўра, Ишчи гуруҳ томонидан бино ва иншоотларнинг аксарияти тўлиқ реконструкцияни тақозо этувчи авария ҳолати, аянчли аҳволда экани тўғрисида тегишли хулосалар қилинди. Шунингдек, тарихий ва маданий аҳамиятга молик бинолар аниқланди”, дейилади Маданий мерос агентлиги баёнотида.

Блогер Никита Макаренко фикрича, Маданий мерос агентлиги баёнотидан идора “Шарқ” биносини ҳимоя қилаётгани кўринмайди.

“Тошкентнинг ташриф қоғози бўлган Рихард Блезэ қурган бино уникал аҳамиятга эга, пойтахтликлар унинг йўқ қилинишини хоҳламайдилар. Бино Ўзбекистоннинг моддий маданий мероси рўйхатига киритилиши керак. Биз ёдгорликларимизни асраб-авайлашимиз, уларни Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ қарорлари билан яширинча йўқ қилинишига йўл қўймаслигимиз керак”, дейди Макаренко.

Тошкентнинг синиқ тишлари

Ўзбекистонлик фаоллар узоқ йиллардан буён Тошкент ёки бошқа шаҳарларни янада ободонлаштириш, уни чиройли қилиш важи билан тарихий, маданий қийматга эга бинолар вайрон этилаётгани ҳақида бонг уриб келади.

“Маданий мерос агентлигининг бугунги баёнотига келсак, улар 16 қаватли бинонинг кўринишини сақлаб қолишга интилишади. Ўйлайманки, бу ёндашувга ҳеч ким эътироз билдирмайди - бу бино ўзининг асл кўринишини деярли йўқотган бўлса-да, шаҳар маконида ва хотирада ўз аҳамиятини сақлаб қолган”, деб фикр билдиради.

Ўзбекистоннинг Британиядаги туризм элчиси Софи Иботсон: “Тошкентда тараққиёт учун жой кам эмас, лекин шаҳар жозибадор меъморий ёдгорликларни, жумладан, “Шарқ” биносини ҳам йўқотиш хавфи остида”, дейди.

Ўтган асрнинг 1960-1990 йилларида Совет Иттифоқидаги тўртинчи йирик шаҳар - Тошкентнинг меъморий қиёфаси шаклланди.

Модернизм услубидаги кўплаб фуқаролик ва маъмурий бинолар, театр, музей, санъат саройлари, меҳмонхоналар қурилди.

“Совет модернизми услубида қурилган 16 қаватли бу бинони баъзи архитекторлар Тошкентнинг иккинчи ташриф қоғози, айримлари ҳатто биринчи ташриф қоғози деб билган. Бино бузиладиган бўлса Тошкент кўп нарсани йўқотади. Агар бино реконструкция қилинадиган бўлса, унинг асл архитектура кўриниши сақлаб қолиниши керак”, дейди Никита Макаренко.

Ўзбекистон 1991 йилда Совет Иттифоқидан мустақилликка эришгач унинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида шаҳарнинг постсовет ландшафтини модернизация қилишга ҳаракатлар бўлди, кўплаб бинолар шиша ва алюминий билан қопланди.

Мустақиллик майдонидаги Вазирлар Маҳкамасининг осмонўпар эгиз биноси ҳам “каллакланиб”, устига шиша қопланди.

Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга келган собиқ бош вазир Шавкат Мирзиёев даврида йирик ободонлаштириш лойиҳалари воситасида шаҳарни тубдан ўзгартириш бошланди.

Тошкентнинг яна бир ноёб меъморчилик ёдгорлиги саналган “Киночилар уйи” ўрнида шиша билан қопланган кўп қаватли бинолар пайдо бўлди.

Бу ҳолат шаҳарнинг эски қиёфасини сақлаб қолмоқчи бўлганлар норозилигига сабаб бўлди.

Тошкентдаги "Киночилар уйи" бузиб ташланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Бузишлар бу билан тўхтамади. ТошМИнинг Чор Россияси подшоси Николай даврида ғиштдан қурилган эски биноси¸ Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети бош биносининг сирт қисми батамом бузиб ташланди.

Нуфузли тадбирлар ўтказиб келинган асосий маросим залларидан бири “Наврўз” ресторани – “Наврўз давлат қабуллар уйи” ҳам “авария ҳолатида” деган важ билан текисланди.

“Наврўз” комплекси 1980-йиллардаги юқори зилзилабардошлик коэффициентини кўзда тутган совет даври техник регламентлари, шаҳарсозлик талаблари ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ қурилган. Бинонинг тунда шаҳарликлардан яширинча бузилиши бино жойлашган жой жозибаси билан боғлиқлиги ҳақидаги фаразларни ўртага чиқарганди.

2020 йилда Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора шаҳар қиёфасини ўзгартириш режасининг яна бир қурбони бўлди.

Тошкент тимсоли сифатида 52 йилдан бери ишлаб турган фонтан Тошкент шаҳрининг ўша пайтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилганини билдирилди.

Фаввора нафақат Тошкент тимсоли¸ балки меъморлик санъати намунаси ҳам бўлган.

Таниқли қўшиқчилар Ботир Зокиров¸ Мансур Тошматов ва Фаррух Зокировларнинг мусиқали клипларида “Порлаган Тошкент “ тимсоли ўлароқ васф қилинган фонтан 1967 йили таниқли совет архитектори тарафидан қурилган эди.

Машҳур совет архитектори Борис Мезенцев раҳбарлигида яратилган бу фонтан мажмуаси¸ санъатшунослар эътирофига кўра “Шарқ ва Ғарб меъморий услублари уйғунлигидан иборат” бўлган.

СССР давридан қолган ғаройиб бинолардан яна бири машҳур Чорсу бозори. Феруза темурий кошинлари билан қопланган кенг бетон гумбаз остидаги улкан ёпиқ бозор. мажмуасига катта зарар этказиши мумкин бўлган "таъмирлаш" режалаштирилган.

Бозор ёнидаги собиқ “Москва” ҳозир “Чорсу” деб аталувчи меҳмонхона ҳам бузилишга юз тутган.

Тошкент сўнгги 30 йил ичида амалга оширилган бузилишлар давомида трамвай ва троллейбус линияларидан айрилди.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бери трамвай ва троллейбуслар Тошкент манзарасининг ажралмас қисми бўлган.

2016 йилда Тошкентда трамвай линиялари ҳеч қандай концепция ва муқобил ечимсиз бекор қилинди.

Миллионлаб доллар сарфлаб янги трамвайлар сотиб олинган кезда бу транспорт қатновидан воз кечилди.

Трамвай йўллари бузилиб, автомобил йўллари кенгайтирилди.

Бугун эса Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бирига айланар экан, атроф-муҳит ҳимоячилари шаҳарда автомобиллар ҳаракатини чеклаш ва Аи-80 бензинини тақиқлаш чақириқлари билан чиқишмокда.

Форум

XS
SM
MD
LG