Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:25

Миллий гвардия кимни кимдан ҳимоя қилади?


Шакли-шамойили Путиннинг Росгвардиясини эслатувчи Мирзиёевнинг Миллий гвардияси янги ваколатларга эга бўлди. 3 май куни Миллий гвардияга ҳуқуқбузарларга жарима солиш ваколати ҳам берилди.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида МХХ ўзининг қудрати ила аҳолини қўрқувда ушлаб турган бўлса, бугунги кунда Мирзиёев тузган Миллий гвардия ҳам йил сайин ваколатлари оширилиб, қудратли тизимга айлантирилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга биноан, бундан буён Миллий гвардия ходимлари майда безорилик қилганлар ва совуқ қурол олиб юрганларга нисбатан баённома тузиш ва уни судга юбориш ҳуқуқига эга бўлди.

Бундан ташқари Миллий гвардия вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаганларни, жамоат жойларида алкоголь ичганларни, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаган, сақлаган ёки тарқатганларни, тиланчилик қилганларни ва қимор ўйнаганларни жаримага тортиши мумкин.

“Энди буларга хам хуқуқбузарлик турлари бўйича план берилади. Тирноқни орасидан кир ахтаргандек йўқ ерлардан қора халқ бўйнига жарималар илинади. Мен тушунмайман булар жазоловчи органми ё халққа тўғри йўлни кўрсатиб ёрдам берувчи органми?” дея ёзди Facebook фойдаланувчиси Шухратжон Тожибоев.

Эндиликда Миллий гвардия ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколатига ҳам эга бўлди.

Сенат хабарида Миллий гвардияга ушбу ваколатларни бериш зарурати туғилгани қайд этилган.

Ҳуқуқбузарларга жарима қўллаш ваколати шу пайтгача Ички ишлар вазирлиги зиммасида эди. Сенат хабаридан маълум бўлишича, бу ваколат Ички ишлар органларидан олиб қўйилмаган яъни улар ҳам жарима қўллашда давом этаверади. Фақат бундан буёғига ҳуқуқбузарни ким биринчи бўлиб тутса, ўша жарима солади.

Кузатувчиларга кўра, Миллий гвардия борган сари ДХХ ва ИИВ ваколатига кирган вазифаларни эгаллаб олмоқда ёки аксинча бу уч ташкилот бир пайтнинг ўзида бир хил вазифа билан шуғулланмоқда. Буни бу ташкилотлар тўғрисидаги қонунларни варақласангиз, ишонч ҳосил қиласиз.

“Бир бирини такрорлайдиган идоралар кўпайса, иш самарадорлиги пасаяди”, дейди блогер Элмурод Одил.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан бир йил ўтиб, Миллий гвардияга вазирлик мақомини берди. Бунгача Миллий гвардия кичик бир бригада эди. Миллий гвардия дастлаб 1992 йилда Ички ишлар вазирлигининг 3408-ҳарбий қисми негизида тузилган ва шу йили бу бригада Мудофаа вазирлиги тасарруфига ўтказилган. Йиллар давомида 1000 кишилик бу бригаданинг бор-йўқлигини биров билиб, биров билмаган, унинг асосан стратегик объектларни қўриқлаш билан шуғуллангани айтилади.

2017 йил августида Мирзиёев фармони билан Ички ишлар Вазирлиги ва МХХнинг иккита бригадаси базасида Миллий гвардия ташкил этилди.

Экспертлар фикрича, Мирзиёев Миллий гвардияни қудратли тузилмага айлантириб, Каримов МХХси ўрнини эгаллашини режа қилган ва шу мақсадда бу тизимни ривожлантиришни ўзининг энг ишончли одамларидан бири-катта куëви Ойбек Турсуновнинг отаси Ботир Турсуновга топширган. Совет КГБ сидан чиққан генерал Ботир Турсунов 2020 йилгача Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Кейинчалик генерал Турсунов МХХга ўринбосар бўлиб ўтди, бироқ Ўзбекистон куч тизимларига яқин манбанинг айтишича, Турсуновнинг Миллий гвардия устидан қудратини сақлаб қолган ва ҳозирга келиб у нақафат Миллий гвардия¸ балки Ўзбекистон кучишлатар тизимларида катта таъсирга эга.

"Бир нарсани тушуниб олишимиз керакки, мазкур идорага нафақат исталган

Надежда Атаева
Надежда Атаева

ташкилот фаолиятига, балки Ўзбекистоннинг исталган фуқароси ва мамлакатда бўлиб турган ҳар қандай инсон ҳаётига аралашиш ваколати берилган. Жамоатчилик назорати йўқлиги боис, бу чексиз ҳокимият, шак-шубҳасиз, жуда жиддий репрессия қуролига айланган. У президентнинг мутлақ хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади, айни чоғда исталган кишининг ҳуқуқларига дахл қилиш ваколатига эга”, дейди Париждаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаева.

Таҳлилчилар, Мирзиёев президентлик курсисини эгаллагач, Каримовга содиқ бўлган кучишлатар тизимларга ишонмагани боис янги тизим барпо қилишган уринган.

Мирзиёевнинг президент сифатида илк амалга оширган ишларидан бири ҳам айнан ДХХ ва Бош прокуратура ваколатларини қисқартиришдан иборат бўлган.

ДХХ ва Ички ишлар бўлимларининг қатор ваколатлари Миллий гвардияга ўтказилди. Айни пайтда кузатувчилар ушбу органларнинг ваколатлари бир бирини такрорлашини ҳам айтишади. Аммо уларнинг орасида ваколатлари муттасил кенгайиб бораётгани Миллий гвардиядир.

2020 йилда қабул қилинган “Миллий гвардия тўғрисидаги қонун”га кўра, ушбу тизим вазифаларидан бири-оммавий тадбирлар, митинглар, йиғилишлар, намойишлар ўтказилган пайтда жамоат тартибини сақлашдир.

Миллий гвардиянинг бу вазифаси ўтган йили 1-2 июль кунлари содир бўлган Нукусдаги қонли воқеалар чоғида яққол кўринди.

Қорақалпоғистон: Қонли намойишлардан бир ой ўтиб кўплаб саволлар очиқ қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:58 0:00

Халқаро ташкилотлар Нукус воқеаларида намойишчиларга қарши ўқотар қурол қўлланилганини айтишган ва ҳаддан ташқари куч ишлатилган эҳтимолий ҳолатларни тергов қилишга чақирганлар.

Расмий маълумотларга кўра, Нукусдаги ўша воқеаларда 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган.

Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.

Ҳозирда суд давом этмоқда, аммо айбланганлар орасида биронта куч қўллаган ходим йўқ.

Президент Мирзиёев ҳаддан ташқари куч ишлатган ходимлар аниқланса, улар қонун доирасида жазога тортилишини айтган эди.

Қонунга кўра, Миллий гвардия ҳарбийлари хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга ҳисобланади. Шу ўринда қонунда белгиланган бошқа бир жиҳатга эътиборингизни қаратсам.

  • Миллий гвардия тўғрисидаги қонун, 7 модда: “Миллий гвардия қўмондони ўз фаолиятини амалга оширишда бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади”.

Демак, Мирзиёев рухсатисиз Миллий гвардия бирор ишга қўл урмайди.

Миллий гвардия, амалдаги қонунга кўра, Қуролли Кучларни жанговар қўллаш ва Давлат чегарасини қўриқлаш, Фавқулодда ҳолатларда, террорчиликка қарши операцияларда ҳам иштирок этади.

“Бу чексиз ҳокимиятга эга ҳарбийлаштирилган тузилма ва Ўзбекистондаги ҳар қандай норозилик кайфиятини бостирувчи жиддий қуролдир. Бу Ўзбекистон президентининг шахсий армияси, унинг имкониятлари мутлақо чекланмаган”, дейди Париждаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаева.

Миллий гвардия ходимлари фаол жалб қилинадиган яна бир ҳолат - оммавий тартибсизликлар. Аммо Ўзбекистонда кузатиладиган ҳолатларда бу тартибсизлик ёки норозиликлар унчалик ҳам оммавий бўлиши шарт эмас.

Миллий гвардиянинг бошқа бир вазифасини эсга олсак. Икки йил аввал Меҳрибонлик уйлари Ўзбекистон Миллий гвардияси қарамоғига ўтди.

Мирзиёев қарори билан ҳар бир Меҳрибонлик уйида гвардиячилар учун директор муовини лавозими киритилди. Ўша пайтда таҳлилчилар бу қарорни қўлламаган бўлса, Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи воқеаси ортидан танқидлар кучайди.

Икки ой аввал фош бўлган Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйидаги 3 нафар вояга етмаган қизнинг вилоятдаги раҳбарлар томонидан 10 ой давомида зўрланиши жамоатчилик томонидан жуда жиддий норозилик билан қарши олинди.

Бироқ расмийлар Меҳрибонлик уйлари учун жавобгар Миллий гвардияни ушбу ҳодиса бўйича умуман тилга олмади.

Ўз вазифасини қўриқлаш хизматидан бошлаган Миллий гвардиянинг бугунги кунда кириб бормаган соҳаси деярли йўқ.

Кўпчилик Миллий гвардияни Путининг Миллий гравдияси билан қиёслашади. Мирзиёевнинг Миллий гвардиясидан 1 йил аввал Россия президенти Владимир Путин бевосита ўзига бўйсинувчи Миллий Гвардияни ташкил қилди.

Ўшанда Путиннинг шахсий қўриқчиси Виктор Золотов бошлиқ этиб тайинланган Росгвардия Путиннинг шахсий ҳокимиятини кучайтириш ҳаракати ўлароқ баҳоланган эди.

Бугунги кунда Россиядаги асосий кучишлатар тизимига айланган Росгвардия жангчилари одамларга нисбатан огоҳлантиришларсиз ўқотар қўрол ва куч ишлатиши мумкин.

Росгвардия жангчилари Россиянинг хориждаги, жумладан, Сурия ва Украинадаги жанговар ҳаракатларига ҳам жалб қилинган.

Путиннинг Миллий гвардияси ҳарбийлари Мирзиёев ўзининг Миллий гвардиясини ташкил қилгач, уларга ўқув машғулотлари ўтгани хабар қилинган.

2018 йил 19 октябрь куни Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон Миллий гвардияси билан Россия Миллий гвардия қўшинлари ўртасидаги ҳамкорликка оид келишувлар ҳам имзоланган.

Икки давлатнинг Миллий гвардиялари нафақат иш тизими бўйича бир бирига ўхшаш. Балки уларнинг ҳарбий кийимларида ҳам фарқ йўқ. Росгвардиячилар кийимидаги ёзув Миллий гвардияга ўзгартирилган холос.

“Россияда қатағонлар кучайган паллада Росгвардиянинг мақоми оширилган эди. 2017 йилда, Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг Росгвардия ходимлари иштирокида машқлар ўтказиш йўлга қўйилди ва бу машқлар деярли узлуксиз давом этмоқда. Яна бир карра таъкидлайманки, бу айни чоғда Россиянинг Ўзбекистонга таъсир ўтказиш воситаси ҳам саналади. Чунки ушбу тузилмани яратиш билан Путин Мирзиёевнинг ҳокимият тепасига келишига кўмаклашди ва яна шу Миллий гвардия орқали унинг иқтидорда қолишини таъминламоқда. Шавкат Мирзиёевнинг Путинга тобелиги сабаби шу билан изоҳланади”, дейди Париждаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаева.

Форум

XS
SM
MD
LG