АҚШ Украина ҚКга ажратилган Bradley жанговар машиналари кемаларга юкланаётгани акс этган видеони ёйинлади
Кема Шимолий Каролинадаги Чарльстон портидан йўлга чиқади. 60 дан ортиқ пиёдалар жанговар машиналари (ПЖМ) Вашингтон томонидан 2,85 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам доирасида Киевга жўнатилмоқда.
Украинага ушбу машиналардан ташқари, 500 та TOW танкка қарши ракеталари ҳамда Bradley ПЖМларида қўлланадиган йирик калибрли ўқ-дорилар ҳам йўлланади.
Видео АҚШ қуролли кучлари ҳамда айрим давлат идоралари учун денгиз орқали юк ташувларни ташкил қилишга масъул бўлган Транспорт қўмондонлиги (ингл. United States Transportation Command, USTRANSCOM) расмий твиттерида эълон қилинди.
“Медиазона”: “Вагнер ХҲШ”га аскар ёллашнинг иккинчи тўлқини жуда суст кечмоқда
“Вагнер ХҲШ” ёлловчилари ўтган йилнинг декабридан бошлаб Россия колонияларини иккинчи марта айланиб, маҳкумларга озодлик эвазига Украинада жанг қилишни таклиф қилишмоқда.
“Медиазона” ёзишича, бу сафар “Вагнер ХҲШ” сафига қўшилаётган маҳкумлар сони жуда кам. Қиёслаш учун, ёз ва куз ойларида ўн минглаб маҳкум қамоқхоналардан урушга жўнаб кетган эди.
“Медиазона” эндиликда маҳкумларни ёллаш аввалгидек “тантанавор” кечмаётганини урғулаган. “Бутун колония ортиқ плацда саф тортмайди, Евгений Пригожин ҳам шахсан вертолётда учиб келаётгани ҳам йўқ – қамоқхоналарга шотирлари жўнатяпти”, дейилади мақолада.
Нашрнинг колониялардаги манбалари аскарликка ёлланаётган маҳкумлар сони ёздагидан бир неча баравар камлигини, бунга, жумладан, фронтдан келаётган хабарлар сабаб бўлаётганини, қолаверса, илгари ёлланган собиқ маҳкумларнинг тақдири урушда ўлиб кетиш эҳтимоли жуда юқорилигига, афв этилиш эса кафолатланмаслигига кўпчиликни ишонтирганини таъкидлаганлар.
“Медиазона” ўз мақоласида Бахмут остонасида жанг қилган “вагнерчи” билан суҳбатлашган маҳкумдан иқтибос келтиради. “Ўша танишим бу ердан кетганлардан атиги 20 фоизи тирик қолганини айтди”, деган маҳкум.
Россия колонияларидан айнан қанча маҳкум урушга жўнатилгани бир оз ноаниқ. Федерал жазони ижро этиш хизмати ўтган йили маҳкумлар сони қарий 30 мингга қисқарганини маълум қилган эди.
Февраль ойи бошларида “Медиазона” аскарликка ёлланган 567 маҳкумнинг ўлимини тасдиқлашга муваффақ бўлди, аммо ҳақиқий рақамлар бундан анча катта бўлиши мумкин.
Тувадан сафарбар қилинган аскарлар зўравонликка учраганидан шикоят қилди
Бир гуруҳ ҳарбий Тувадан сафарбар қилинган аскарлар номидан ҳукумат идораларига мурожаат қилиб, Донецк вилоятининг Россия назоратидаги ҳудудида бошқа бўлинмалар ҳарбийларининг тазйиқ ва зўравонлигига дучор бўлишганидан шикоят қилишди.
Тува тилидаги видеомурожаат “Азиаты России” телеграм-каналида ёйинланган. Видео муаллифларига кўра, улар29 сентябрдан бошлаб уч ой Новосибирск вилоятида тайёргарликдан ўтганлар. Аскарларга “сизлар комендантлик батальонида хизмат қиласиз”, дея ваъда беришган.
Ҳарбий йиғинлар чоғида уларни бор-йўғи2-3 марта полигонга олиб чиқишган. 29 декабрда эса аскарлар Донецкка олиб келинган ва бир қисми дарҳол олдинги чизиққа жангга ташланган.
Видео муаллифлари ҳужжатлардаги чалкашлик туфайли уларни Мудофаа вазирлигининг бирон-бир бўлинмасига бириктиришмаганини, ҳатто командирлари йўқлигини иддао қилишган.
Аммо, шунга қарамай, улар жанг қилишдан бўйин товламаганлар.
“4 февраль куни ДХР ҳарбийлари келишди. Бизга қарата автоматлардан отишди. Ҳарбий полиция келиб, бизни дўппослади”, дейишган мурожаат муаллифлари.
“Азиаты России” телеграм-каналида Тувадан сафарбар қилинган аскарларга оидлиги айтилаётган яна бир видео бор.
Унда ҳарбий кийимли икки киши бир аскарни тиз чўктиргани ва улардан бири унинг бошига автомат тирагани акс этган.
Видеонинг ҳақиқийлиги тасдиқланганича йўқ.
Германия ҳукумати Украинага 178 та Leopard 1 танкларини жўнатишга розилик берди
Германия ҳукумати маҳаллий ҳарбий ширкатларга Украинага 178 та Leopard 1 A5 русумли танкларни экспорт қилишга рухсат берди, дея маълум қилмоқда мамлакат мудофаа вазирлиги.
Бироқ айнан нечта Leopard 1 Киевга жўнатилиши таъмирлаш ишларидан сўнг маълум бўлиши айтилмоқда.
Танклар таъмири, украин ҳарбийларини ўқитиш ҳамкор мамлакатлар билан келишилган ҳолда олиб борилади, дея қўшимча қилинган вазирлик хабарномасида.
"Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиб Германия ҳукумати бугун расман яна бир узоқни кўзлаган қарор қабул қилди. Биз Украинани 178 тагача Леопард 1 танклари билан таъминлаймиз. Бу Леопард 2 нинг ўтмишдоши. Бироқ, уларни жанговар ҳолатга келтириш учун қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш керак. Бундан охир-оқибат қанча тайёр танк чиқишини аниқ билмайсиз, чунки баъзи таъмир ишлари жуда зарур. Аммо русларнинг баҳорги ҳужумини қайтариш учун бу ерда танк етарли», деди Германия Иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек.
Мазкур хабар Германия мудофаа вазири Борис Писториус Киевга ташриф буюрган куни пайдо бўлди.
Украина мудофаа вазири Алексей Резников ўз твиттерида Писториус билан, қўлида Leopard 2 танки моделини ушлаб турган суратини эълон қилди. “Биринчи Leopard 2 Киевга келди. Яна кўп келади. Раҳмат”, деб ёзди Резников.
Писториус 2023 йил охиригача Украина Leopard 1 русумли танклардан қарийб 80 та олишини, дастлабки 20-25 та танк ёзга қадар етказилишини билдирди. Киевга ҳаммаси бўлиб 100 дан ортиқ танк бериш режаланмоқда.
Leopard 1 Бундесвер асосий танкларининг олдинги авлоди бўлиб, 1980-йиллар ўрталарида ишлаб чиқаришдан олинган, унинг ўрнини нисбатан замонавийроқ модификацияси – Leopard 2 эгаллаган.
Шунга қарамай, Leopard 1 дунёнинг қатор мамакатлари армиясида ҳануз қўлланмоқда ва мунтазам равишда модернизация қилинади.