Военком Ёқутистондан ҳафтасига 500 кишини урушга жўнатишни талаб қилди
Ёқутистон ҳарбий комиссари Александр Авдонин республиканинг ҳар бир туманидан ҳафтасига камида 15 нафардан эркак Украина урушига жўнатилишини талаб қилди. “Свободная Якутия” жамғармасининг хабар беришича, у бу ҳақда Ёқутистон ҳукуматининг ёпиқ мажлисида гапирган.
Авдонин Узоқ Шарқ федерал округидан Украина урушида кўнгилли бўлиб қатнашиш ниятини билдирганлар сони бўйича Ёқутистон минтақалар орасида охирги ўринларда эканини билдирган.
Унга кўра, урушга ўз ихтиёри билан бориш истагини билдириб, армия билан шартнома тузганлар сони бўйича Ёқутистон сентябрь ойида энг паст кўрсаткичга эга бўлган. Военком кўнгиллиларни урушга жалб қилиш бўйича режа учдан бирга бажарилганини қайд этган.
Масалан, Алан улусида йил охиригача 176 кўнгилли билан шартнома тузиш режалаштирилган. Бироқ фақат 36 киши шартномага рози бўлган. Республика пойтахтида ҳам одамлар кўнгилли сифатида армияга ёзилишни хоҳламаяпти.
Авдонин армияга кўнгиллиларни жалб қилиш масаласига жиддий ёндашувни талаб қилди. Военком Ёқутистон раҳбариятини бу масалани ўз назоратига олган Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев томонидан чоралар кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ўтган ҳафтада президен Владимир Путин журналистлар ва блогерлар билан учрашуви чоғида Украинадаги ҳарбий амалиёт якунланмагунича, кўнгилли сифатида армия билан шартнома тузганлар уйларига қайтарилмаслигини билдирган эди.
Еврокомиссия Россияга нисбатан янги санкцияларни тасдиқлаши кутилмоқда
ЕИнинг олий ижроия органи ҳисобланадиган Еврокомиссия 15 ноябрда Россияга нисбатан санкцияларнинг 12-пакетини тасдиқлаши кутилмоқда. Унда Россия олмосларини экспорт қилишни тақиқлаш назарда тутилган. Бу ҳақда Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель маълум қилди.
Унга кўра, бундан ташқари санкция жорий этилган жисмоний шахслар рўйхати кенгайтирилади, Россия нефтининг баҳосини оширмаслик мақсадида иқтисодий чекловлар киритилади.
Янги санкциялар Европа комиссияси томонидан маъқуллангач, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан тасдиқланиши зарур, деб хабар берди Reuters.
Bloomberg октябрда янги санкциялар Россияга пайвандловчи ускуналар, кимёвий моддалар ва ҳарбий мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган бошқа технологияларни экспорт қилишни тақиқлашга қаратилишини билдирган эди.
Агентликнинг ёзишича, чекловлар умумий қиймати 5 миллиард долларлик товарларга жорий этилади.
Европа Иттифоқи Россиядан йилига тахминан 1,5 миллиард долларлик олмос сотиб олади. Олмос экспортини тақиқлаш масаласи ЕИ томонидан аввал ҳам муҳокама қилинган, аммо Россия олмосининг энг йирик харидорларидан бири бўлган Бельгия бунга қаршилик қилган эди.
Германия Украинага ҳарбий ёрдамларни икки баравар оширмоқчи
Германиянинг ҳукмрон коалицияси Украинага ҳарбий ёрдамни икки баравар оширишни режалаштирмоқда
Германияда канцлер Олаф Шолц бошчилигидаги ҳукмрон коалиция келаси йил Украинага ҳарбий ёрдамни икки баробарга кўпайтириб, 8 миллиард еврога етказишга рози бўлди, дея маълум қилди 12 ноябр куни Берлиндаги сиёсий манба.
Коалициядаги партиялар кўпчиликни ташкил этувчи парламент томонидан маъқулланса, Германиянинг мудофаа харажатлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2, 1 фоизигача ошади, яъни НАТОга аъзо мамлакатлар учун белгиланган тегишли эҳтиёжлар учун сарфланадиган минимал харажатлардан ошади.
Германия Украинанинг Европадаги асосий иттифоқчиси саналади. Киевга етказилган ёрдам ҳажми бўйича у АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.
Зеленский Херсон озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди
Украина президенти Владимир Зеленский “Херсон озод қилингани”нинг бир йиллиги муносабати билан чиқишида, унинг кучлари Россия армиясининг стратегик аҳамиятга эга жанубий шаҳарга қилган ҳужумларига жавоб қайтаришини айтди.
"Биз Украина фуқароларини Ғазо секторидан эвакуация қилишни давом эттирмоқдамиз. Бу иш том маънода ҳар куни давом этмоқда. Нажот топганлар сони деярли ҳар соатда ўзгариб туради. Аллақачон 214 кишимиз қутқарилди. Молдова фуқароларига ҳам ёрдам беряпмиз. Мудофаа разведкасига, Ташқи ишлар вазирлигига, Украинанинг минтақадаги элчихоналарига, шунингдек, бу ишда бизга ёрдам берган барчага миннатдорчилик билдираман”, - деди Зеленский.
Зеленский ўзининг тунги мурожаатида Херсон озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Зеленский, шунингдек, Украина фуқароларини Ғазо секторидан эвакуация қилиш ҳаракатлари давом этаётганини, 214 нафар украиналик олиб чиқиб кетилганини ва уларнинг сони “деярли ҳар соатда” ўзгариб бораётганини айтди.