Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2025, Тошкент вақти: 00:50

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

20:03 9.11.2023

70 ёшлик қария Путинни муҳокама қилгани учун жазоланди

70 ёшли қримлик Путинни муҳокама қилгани учун 50 минг рубл жаримага тортилди.

Аннексия қилинган Қримнинг Ленин тумани суди 70 ёшли турғунга Россия армиясини “обрўсизлантиргани” учун (РФ МҲтКнинг 20.3.3-моддаси 1-қисми) 50 рубл жарима солди. Жазо тайинланишига “Нефтяник” озиқ-овқат дўкони ёнида кечган суҳбат асос бўлган. Айтилишича, пенсионер ўшанда Путин ҳақида салбий мазмунда гапирган.

“Жамоатчилик олдида РФ президенти шаънига ножўя гаплар айтган, у одамлар ухлаб ётган вақтда турар-жой биноларини ўққа тутишга ва кундузлари, гавжум пайтда савдо марказларини бомбалашга буйруқ берганини иддао қилган ва ушбу ҳаракатларни терроризм деб ҳисоблайди, Украина ҳудудида ўтказилаётган махсус ҳарбий амалиётга қарши очиқ фикр билдирган”, дейилади суд матбуот хизмати хабарномасида.

Қримликнинг ўзи айбни тан олмаган.

18:44 8.11.2023

Навалний 22 маротаба жарима изоляторига ташланди

Владимир вилоятидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясида жазо муддатини ўтаётган мухолифатчи Алексей Навалний 22 -марта жарима изоляторига тушди. Бу гал уни 15 суткага қамашди, дея хабар бермоқда сиёсатчининг телеграм-канали.

Навальний жарима изоляторидан чиққанидан сўнг бир сутка ҳам ўтмасдан яна ўша ерга қамалган. Колония ходимлари кун давомида унга нисбатан тўрт марта жисмоний куч ишлатишгани айтилмоқда.
23 октябрда Навальнийнинг ёзув-чизув ашёлари олиб қўйилгани маълум бўлган эди.
Иккинчи ноябр куни Навальнийнинг телеграм-каналида 6-сонли АТМ маъмурияти унинг 15 та хатини тортиб олгани ва биттасини ёқиб юборгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди. Сиёсатчига кўра, қамоқхона ходимлари мактубни “темир косада” ёқишган.
Навальний 2023 йил августда экстремистик ташкилот тузишга доир жиноят иши бўйича 19 йил махсус тартибли колонияда қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилинган.
2023 йил октябрда сиёсатчининг адвокатлари Вадим Кобзев, Игор Сергунин ва Алексей Липцерлар ҳибсга олинган.

18:41 8.11.2023

АҚШ Россияга электроника жиҳозлари етказиб берган тожикистонликни қўлга олди

Салимжон Насриддинов
Салимжон Насриддинов

АҚШ санкцияларни четлаб ўтган ҳолда Россияга электроника жиҳозлари етказиб бергани учун етти нафар жисмоний шахсга ва уч ширкатга нисбатан чекловлар жорий қилди. Савдо вазирлиги тизимига кирувчи АҚШ саноат ва хавфсизлик бюроси пресс-релизида маълум қилинишича, 31 августда 37 ёшли Николай Гольцев, 32 ёшли Кристина Пузирёва, шунингдек 52 ёшли Салимжон Насриддинов ҳибсга олингани маълум бўлган эди. Улар Россияга сохта ширкатлар орқали 7 млн доллардан ортиқ қийматдаги электроника жиҳозларини етказиб беришни ташкил қилиш мақсадида ноқонуний тил бириктиришда айбланмоқда.

Айбланувчилар ўзлари Россияга етказиб бераётган электроника ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкинлигини билганлар.

52 ёшли Салимжон Насриддинов Тожикистонда туғилган. У АҚШдаги тожик диаспораси орасида таниқли одам бўлиб, Бруклиндаги “Тандури” ресторани соҳибидир. Шунингдек, Насриддинов АҚШдаги тожик мигрантларига кўмаклашувчи “New Tajik Generation” (Тожикларнинг янги авлоди) ташкилоти асосчиларидан бири ҳисобланади.
Насриддинов АҚШга қачон кўчиб боргани номаълум, бироқ у 90-йиллар ўрталаридан бери Россияда яшаб ва ишлаб келаётганди.

Журналистлар маълумотига кўра, у Тожикистондаги Роғун электр станцияси қурилиши учун жиҳозлар харид қилиш ва жўнатишда иштирок этган.
2000-йилларда Насриддинов номида Москва шаҳрида бир нечта квартира ва Москва вилоятида иккита участка бор эди. Ўша пайтлар у улгуржи савдо ва қурилишга ихтисослашган иккита ширкат таъсис қилган.

18:36 8.11.2023

Путин МДҲ ҳукуматларини “беқарорлаштириш уринишлари”дан огоҳлантирди

Баъзи давлатлар қонуний ҳукуматни, анъанавий қадриятларни ва умуман Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларидаги вазиятни бузишга ҳаракат қилмоқда. Россия президенти Владимир Путин МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг 11 йиғилиши иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида шундай иддао билан чиқди.

- Бир қатор минтақаларда эски можаролар авж олди ва янги можаро ўчоқлари пайдо бўлди, хусусан, Яқин Шарқда Фаластин-Исроил қарама-қаршилигининг янги босқичи қўзғатилди, бундан биринчи навбатда тинч аҳоли жабр кўрмоқда. Айрим давлатларнинг хатти-ҳаракатлари бевосита МДҲ мамлакатларидаги қонуний ҳокимият, ижтимоий барқарорлик ва анъанавий қадриятларга путур етказиш, анъанавий яқин савдо, ҳамкорлик ва маданий алоқаларимизни бузишга қаратилган, деди Россия президенти.

Ўз навбатида, Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев Москвада МДҲ ҳамкасблари билан бўлиб ўтган учрашувда Ғарб Марказий Осиё мамлакатларини Россиядан ажратиш учун уларга таъсир кўрсатишга уринаётганини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG