Херсон вилоятининг янги шиддатли ўққа тутилиши
Охирги 24 соат ичида Украина назорати остидаги Херсон вилояти ҳудуди 84 марта ўққа тутилди, Россия қўшинлари минтақага 558 снаряд отган. Бу ҳақда бугун эрталаб вилоят ҳарбий бошқармаси маълум қилди.
Бошқарма маълумотича, камида 6 нафар тинч аҳоли жароҳатланган.
Авдеевканинг бугунги аҳволи
Россия қўшинлари бир ойдан ортиқ вақтдан бери қуршаб олишга уринаётган Украинанинг Донецк вилоятидаги Авдеевка шаҳри тинимсиз ўққа тутилишидан аслида харобага айланган. Украина кўнгиллиларидан бири томонидан нашр этилган мана бу видео 5 ноябрда тасвирга олинган.
Шаҳар буткул вайрон қилинганини кўриш мумкин.
Россия билан урушда Юрий Глодан исмли украин аскари ўлди
У оиласи Одессада Россиянинг ракета зарбасидан ҳалок бўлганидан сўнг фронтга кетган эди.
Глоданнинг ўлими ҳақида Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Кипер маълум қилди.
2022 йил апрелда Одессадаги “Тирас” турар-жой мажмуасига Россия ракетаси тушади. Ўша фожиада Юрийнинг уч ойлик гўдак қизи Кира, 28 ёшли хотини Валерия ҳамда қайнонаси Людмила ҳалок бўладилар. Юрийнинг ўзи бу вақтда дўконда бўлган.
Яқинлари ўлимидан сўнг Юрий Глодан Украина Қуролли кучларига хизматга киради. Юрий дастлаб “Азов” батальони сафида, кейинроқ 3-махсус штурмчилар бригадасида жанг қилган.
Глодан 12 сентябрдан бери бедарак йўқолган деб ҳисобланарди. Унинг яқин дўсти Александр Яковенко эълон қилган ёзишмаларга кўра, Юрийни жасадини бўйнидаги хочидан таниб олишган.
Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Чеченистон раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш хизматининг таъминот шуъбаси бошлиғи этиб тайинланди
Рамзан Қодировнинг 15 яшар ўғли Адам Чеченистон раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш хизматининг таъминот шуъбаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда телеграм-каналларда республиканинг миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Аҳмад Дудаев ҳамда Чеченистон сайланган Давлат Думаси депутати Адам Делимхановлар маълум қилишди.
“АЗИЗ ЖИЯНИМнинг бундай лавозимга тайинланиши мутлақ мантиқий. АДАМ РАМЗАНОВИЧ болалигидан бери ўзини шараф ва ғурурини ҳамма нарсадан ортиқ кўрувчи ҳақиқий эркак сифатида кўрсатиб келмоқда”, деб ёзди Адам Делимханов.
Йигитча 6 октябр куни Чеченистон Республикаси Қаҳрамони унвони, кейинроқ эса “миллатлараро ва динлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун” Татаристоннинг аҳамиятига кўра иккинчи ўринда турувчи “Дуслик” ордени, шунингдек Қорачой-Черкасиянинг “Республика олдидаги хизматлари учун” олий ордени билан тақдирланган.
Чеченистон раҳбарияти Адам Қодировни “қўллаб-қувватлаш”ни сўраб кўплаб Кавказ республикаларига мурожаат қилган, бироқ Адигей ва Қабардин-Болқор республикалари уни ўз миллий мукофотлари билан тақдирлашдан бош тортган.
Сентябр охирида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз телеграм-каналида ўғли Адам Қуръонни ёқиш айблови билан ҳибсхонада ётган 19 ёшли Никита Журавелни дўппослаётгани акс этган видеони эълон қилган ва изоҳида ўғлининг бу ҳаракатини оқлаган эди.
Сиёсатшунослар фикрича, Рамзан Қодиров ўғлини мукофотлаш ва катта мансабга қўйиш билан уни Чеченистон раҳбари лавозими ворис сифатида тақдим этмоқда.