Махсус амалиёт: Украина ўзига тегишли вишкаларни Россиядан қайтариб олди
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси Қора денгизда ўтказилган операция тафсилотларини ошкор қилди: Киев Россия 2015 йилда Қрим аннексия қилинганидан кейин қайтариб олган “Петр Годовалец» ва «Украина» нефтгаз платформалари, ҳамда «Таврида» ва «Сиваш” вишкаларини ўз назоратига қайтаришга муваффақ бўлди. Россия ҳарбийлари уларни ярим оролга яқинроқ тортиб олиб, 2022 йилдан бошлаб ҳарбий мақсадларда, хусусан вертолет майдончаси сифатида фойдалана бошлаган.
Украина Бош разведка бошқармаси операция тасвирларини намойиш этди ва у ўта махфийлик шароитида ўтказилганини таъкидлади: Россия армияси Қора денгиз устидаги осмонни назорат қилади. Шунинг учун амалиётда резина қайиқлардан фойдаланилган. Разведкачилар миноралардаги рус ускуналарини демонтаж қилишди.
Денгизга чиққан украиналик ҳарбийларни руслар пайқаб қолган ва Су-30 учоғидан ўқ узган. Украина ҳарбийлари тақдим этган видеода Су-30 зенит ракетаси ёрдамида уриб туширилганини кўриш мумкин. Шу билан бирга, украиналик жангчилардан бири қайиқдан йиқилиб, 14 соат сувда қолиб кетган. Натижада аскар қутқариб қолди.
Буюк Британия Россияни Қора денгиз портида 24 август куни тижорий кемани нишонга олганликда айблади
Аввалроқ тасдиқланмаган ракета ҳужуми Украина мудофааси томонидан муваффақиятли бартараф этилгани айтилган эди.
“Россиянинг Қора денгиз ғалла ташаббусидан чиқиши улар дунёга янада кўпроқ зарар келирмоқчи эканлигини кўрсатади. Путин номақбул талаблар қўйиб, Украина портлари ва дон омборларини вайрон қилмоқда. Ўтган бир ойдан кўпроқ вақт ичида Россия 270 000 тонна донни йўқ қилди. Бу бир миллион одамни бир йил боқиш учун етарли ғалла дегани. Разведка маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари 24 август куни Қора денгиздаги тижорий юк кемасини кўплаб ракеталар билан нишонга олган. Бу Путиннинг нақадар умидсиз эканлигини кўрсатади," деди Буюк Британия бош вазири Риши Сунак.
Британия парламентида Бош вазир Риши Сунак томонидан айтилган бу айблов, Украина йўлга қўйган коридор бошланганидан бери Қора денгиздаги портда кема нишонга олингани ҳақида илк расмий муносабат бўлди.
Британия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, ракеталар портга олиб келинган Либерия байроғи остидаги юк кемасини нишонга олган ва муваффақиятли уриб туширилган. Ракеталар Қора денгиз флотидан учирилган иккита «Калибр» ракеталари эканлиги айтилган.
Россиядаги сайловларни кузатиб борувчи гуруҳ мамлакатдаги минтақавий сайловлар «ҳаққоний» эмаслигини билдирди
«Голос» мониторинг гуруҳи раҳбари Станислав Андрейчук овоз беришда «сохталаштириш» кенг авж олганлигини маълум қилди:
"Давлатнинг ҳокимият ресурсларидан очиқчасига фойдаланаётгани ва айрим ҳудудлардаги сайлов комиссиялари аъзолари томонидан йўл қўйилаётган очиқдан-очиқ қонун бузилишлари 2023 йилги сайловлар ҳаққоний ўтмаётганининг асосий белгиларидан. Жума куни, кутилганидек, одамларни овоз беришга, сайловчиларни оммавий равишда мажбурлашганига гувоҳ бўлдик. Бу кампанияда онлайн овоз бериш ва уч кунлик овоз бериш катта ёрдам бермоқда. Жума иш куни эрта тонгдан сайлов бошланди. Овоз бериш бўйича энг юқори кўрсаткичлар пайдо бўлди, биринчи кунда онлайн овоз бериш 60 баъзан эса 70 фоиздан ошади, кейин эса кескин пасайиш кузатилади”.
Россиялик сайловчилар уч кунлик қаттиқ назорат остида бўлиб ўтган минтақавий ва маҳаллий сайловларда қатнашди.
Аннексия қилинган Украинанинг Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларида ҳам сайлов ўтказилди. Киев ва унинг иттифоқчилари бу сайловларни қоралади.
Wall Street Journal: Навалний алмаштирилаётганлар рўйхатида
Россия ва АҚШ маҳкумларни айирбошлаш бўйича музокараларни давом эттирмоқда, музокараларда Россияда қамоққа ҳукм қилинган мухолифатчилар, жумладан Алексей Навальний айирбошлашга номзодлар сифатида кўрилмоқда. Бу ҳақда Ғарб мамлакатларининг исми сир қолишини истаган мулозимларига таянган ҳолда Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.
Мақолада айтилишича, Москва чечен айирмачиларининг собиқ дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини ўлдиргани учун Германияда судланган ва Россия махсус хизматлари ходими дея тахмин қилинаётган Вадим Красиковнинг озод этилишини қистамоқда. Шунингдек, музокараларда Россияда жосуслик айблови билан суд қилинган АҚШ фуқароси Пол Уилан ҳамда айни айбловга кўра баҳордан бери Москвадаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган Wall Street Journal журналисти Эван Гершковичлар ҳам тилга олинаётгани айтилади.
Бироқ бирмунча мураккаб айирбошлаш схемаси қабул қилиниб, Алексей Навальний каби сиёсий тутқун деб топилган Россия мухолифатчилари ҳам рўйхатга киритилиши эҳтимолдан холи эмас. Яқинда Россия суди Навальнийни 19 йилга махсус тартибли колонияга қаматган эди.
Мақолада урғуланишича, Красиковнинг озод этилишига эришишни шахсан Владимир Путин буюрган. Бу масала билан Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев шуғулланмоқда. АҚШ қамоғида бўлган ва кейинроқ, Россияда судланган баскетболчи Бриттни Грайнерга айирбошланган Виктор Бутдан фарқли равишда Красиков АҚШ юрисдикциясидан ташқарида – Германия қамоқхонасида ўтирибди. Ва бу музокараларда ортиқча қийинчилик туғдириши мумкин.
Красиков 2021 йил декабрда Берлинда ҳукм қилинган эди. Суд у Москванинг буюртмасини бажарганини аниқлади ва Хангошвили ўлдирилишини давлат террорчилик акти деб атади. Журналистик суриштирувларга кўра, Красиков “Вимпел” махсус бўлинмаси ветерани ва ФСБ катта зобити бўлиши мумкин. Аммо Москва Хангошвили ўлимида қўли борлигини инкор этиб келади.