БМТ Украина ҳудудларида ўтказилган “ноқонуний сайловлар”ни қоралади
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларида ўтказилган “ноқонуний сайловлар”ни қоралаб, уларни БМТ Низомига зид деб атади.
Кенгашга бу ҳақда Бош котибнинг Европа, Марказий Осиё ва Америка бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча маълумот берди ва у референдум ўтказиш учун қонуний асос йўқлигини таъкидлади.
АҚШнинг БМТдаги элчиси ўринбосари Роберт Вуднинг айтишича, Россия Федерациясидаги “сохта сайловлар” “Украинадаги ҳарбий йўқотишларини рус халқидан яшириш” усулидир.
Айни пайтда, Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небезня босиб олинган Украина ҳудудлари аҳолисининг унинг таъбирича Россияга қўшилишга интилишларига “Киевнинг ғайриинсоний жиноятлари” сабаб бўлган.
Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари ушбу ҳудудларда 2022 йил сентабр ойи охирида ноқонуний деб аталмиш референдумлар ўтказиш йўли билан аннексия қилинган эди. Ҳозирда Россия бу ҳудудларнинг ҳеч бирини тўлиқ назорат қилмайди.
Донбассда шиддатли жанглар
Украина Қуролли кучлари Бош штаби сўнгги 24 соат ичида фронтда 30 та янги ҳарбий тўқнашувлар содир бўлганини маълум қилди.
Авдеевский, Марйинский ва Шахтёр йўналишларида Украина қуролли кучлари ҳужум операцияларини ўтказмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги, ўз навбатида, Лиман йўналиши бўйича Украина захираларига артиллерия зарбаси берилганлиги ҳақида хабар беради.
Константиновкадаги корхоналардан бири ҳудудида жойлашган Украина қўшинлари бўлинмаларига ракета ҳужуми ҳақида гап кетмоқда.
“Озодлик” радиоси ҳарбий амалиётлар ҳақидаги маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлай олмайди.
Украина АҚШдан АТАCМS ракеталарини олиши мумкин
Қўшма Штатлар Украинага АТАCМS узоқ масофали ракета тизимларини етказиб беради. Бу ҳақда АBC Nеws манбаларга таяниб ёзмоқда.
Нашр суҳбатдошларидан бири ракеталар берилишига “жуда яқин” қолгани, лекин режалар расмий эълондан олдин ўзгариши ҳам мумкинлигини айтган.
Бошқа манбага кўра, ракеталарни етказиб бериш "кўриб чиқилмоқда" ва эҳтимол Американинг Украинага Россия агрессиясини қайтаришда ёрдами бўйича навбатдаги пакетига киритилади. Шу билан бирга, ракеталарни етказиш ойлаб вақт олиши мумкин, деб айтган манба.
Модификацияга қараб, АТАCМS ракеталарининг масофаси 300 километрдан ошиши мумкин. Бу Украинага фронт чизиғидан анча орқада жойлашган, хусусан, аннексия қилинган Қримда жойлашган рус қўшинларига зарба бериш имконини беради. Илгари Вашингтон АТАCМS ракеталарини Украинага топширишдан бош тортган эди, бунга қисман бу можаронинг янада кучайишига олиб келишидан қўрқиш ва қисман бундай тизимларнинг чекланганлиги сабаб бўлган.
2023 йил бошида Британия ва Франция Украинага 250 километр масофадан урадиган "Сторм Шадоу" ракеталарини етказиб беришган. Украина аллақачон улардан Россия томонидан босиб олинган ҳудудларга зарба бериш учун фойдаланган.
"Мен Украинадаман. Севастопол - бу Украина"
Қримнинг Севастопол шаҳрида Россия байроғига оёғини артган мана бу йигити маҳаллий патриотлар ғазабини қўзғатди.
- Чунки Россия Федерацияси менинг юртим Украинага бостириб кирди. Мен эса ҳозир Украинадаман. Севастопол, бутун Қрим каби - бу Украина, дея жавоб қайтаради бу йигит.
Z-блоггерлар исми номаълум қолаётган йигит аллақачон ҳибсга олинганини ёзишмоқда.