Россияда эса военкоматларга ўт қўйиш ҳолатлари давом этмоқда
Охирги икки кун давомида россияликлар 12 та ҳарбий комиссарликка ўт қўйишга уринган.
Бу кадрларда Улан-Удеда яна бир уриниш содир бўлгани акс этган — эркак ва аёл ҳарбий идорага Молотов коктейли улоқтирган.
Бу воқеа Россиядаги ҳарбий комиссарликларни ўт қўйишга бир кун ичида 12-уриниш бўлди.
Бу кадрлар эса кечаги ҳолат. Ҳарбий комиссарликни ўт қўяётган икки қария полиция томонидан ушланган.
Ҳовлида бир йил сақланган танк
Дрон ва ракеталардан ташқари жанг майдонида ҳал қилувчи техник восита бу танклар экани шубҳасиз.
Суми вилоятида яшовчи бир шахс бир йилдан ортиқ вақт давомида Т-80УЕ-1 танкини яшириб келган экан.
У катта танкни ўзининг ҳовлисида сақлагани аниқланди. У русларнинг танкини Россия қўшинлари чекинганидан кейин топиб олган ва ҳовлисига ҳар эҳтимолга қарши олиб келиб қўйган.
Ҳозир танк эгаси мулкини Украина армиясига топширгани айтилмоқда.
Қримда портлаш юз берди
Аннексия қилинган Севастопол "губернатори" Михаил Развожаев портлашга уриб туширилган дрон сабаб бўлганини даъво қилмоқда:
"Дастлабки маълумотларга кўра, Қора-Коба ҳудудида дрон уриб туширилган. У Ерга тушиб портлади, дарахтзор ва буталар ёниб кетди. Ўт ўчириш бригадалари аллақачон жойида, ёнғинни ўчиришга киришган”.
Маҳаллий жамоатчилик Балаклава ва Севастопол ташқарисида ҳам портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Украинанинг Дунайбўйи ҳудудида ёнғинлар
Бугун тунда Россиянинг "Шаҳид" дронлари ҳужумидан сўнг Дунайдаги Украина портларида ёнғинлар бошланди, ғалла элеватори ишдан чиқарилди, кўплаб хўжалик бинолари вайрон қилинди, деб хабар бермоқда Одесса вилояти маъмурияти раҳбари Олег Кипер.