Линклар

Шошилинч хабар
14 январ 2026, Тошкент вақти: 12:02

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:36 19.7.2023

Қримда ўқ-дори омбори ёнмоқда. Ҳукумат 2 минг кишини эвакуация қилади

Россия аннексия қилган Қрим шарқидаги полигонда юз берган ёнғин туфайли “Таврида” автомобиль трассаси ёпиб қўйилди.

Бу ҳақда яриморолга Россия томонидан раҳбар этиб тайинланган Сергей Аксёнов маълум қилди. Ёнғин сабаблари ва бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Мулозимга кўра, полигон яқинидаги тўрт аҳоли масканидан жами 2 минг аҳоли кўчирилиши мумкин.

Аннексия қилинган Қрим маъмурияти автомобил ва автобус ҳаракати йўналишларини ҳам ўзгартирди. Темир йўл транспорти ҳаракатида ўзгаришлар йўқ.

Расман тасдиқланмаган маълумотга кўра, Эски Қрим шаҳри яқинида жойлашган ўқ-дори омборида ёнғин ва портлашлар бўлмоқда.

Воқеа ҳақида биринчи бўлиб “Кримский ветер” телеграм-канали хабар берганди: у турлича уч видео эълон қилган бўлиб, иккитасида – улкан ёнғин ва ҳар ёққа сочилаётган учқунлар акс этган. Бу учқунлар реактив ўқ-дорилар портлашидан ҳосил бўлган бўлиши мумкин.

“Кримский ветер” маҳаллий аҳоли вакилларига таяниб ёзишича, омборга учта ракета ёки дрон келиб теккан. Полигон фронт чизиғидан камида 230 километр ичкарида жойлашган.

18:33 19.7.2023

Россия кетма-кет иккинчи кеча Одессага ҳужум қилди

Россия кетма-кет иккинчи кеча Украинанинг Одесса порт шаҳрига йирик ҳаво ҳужумини уюштирди. Украин расмийси ҳужумга ўта кетган шафқатсизлик дея муносабат билдирди.

Рейтерс воқеа жойидан олинган тасвирларни намойиш қилди.

“Биринчи қаватда яшайман, яхшиямки, ўша вақт уйғоқ эдим. Деразада ракета учиб келаётганини кўришим билан дарҳол каравот орқасига яшириндим. Портлаш натижасида барча деразалар синиб кетди. Кейин пастга тушдим, ҳамма жой шовқин ва тутун ичида қолган, одамлар ваҳимада эди, атрофда шиша синиқлари сочилиб ётарди”, дейди одессалик Константин.

Қрим кўпригида содир бўлган портлашга жавобан Россия икки кундирки Одессани бомбардимон қилмоқда. Иккинчи ҳужумга Россия ҳозирча изоҳ бермади.

18:29 19.7.2023

Kремль ЖАРни Путинни ҳибсга олишнинг оқибати "уруш" бўлиши ҳақида огоҳлантирмаган

Kремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан суҳбатда Путиннинг ҳуқуқларини бузишга уринишнинг оқибати тушунтирилмасдан туриб ҳамма ўзича хулосага келганини айтди.

Жанубий Африка президенти Кирил Рамафоса Путинни ҳибсга олиш уруш эълон қилиш билан баробар бўлишини айтиб, ХЖСдан Владимир Путинни қўлга олмаслик учун рухсат сўраган эди.

“ЖАР Путинни қўлга олиб, топшириш илтимосини бажариш билан боғлиқ жиддий муаммо қаршисида қолди. Россия ўзининг амалдаги президенти қамоққа олиниши уруш эълон қилиш билан тенглигига очиқ ишора қилди”, дейилади Рамапосанинг баёнотида.

Жанубий Африка келаси ой BRICS (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) саммитига мезбонлик қилади. Ташкилотга аъзо барча давлат раҳбарлари саммитга таклиф қилинган.

Дмитрий Песковнинг баёнотидан бироз ўтиб ЖАР "ўзаро келишувга кўра, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин БРИКС саммитида қатнашмайди", дея эълон қилди.

Путиннинг ўрнига Россия делегациясига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилади.

18:28 19.7.2023

Венгрия ТИВ: Венгрия Украинага қурол етказиб берилишига қарши

Венгрия Украинага ҳар қандай қурол етказиб берилишига ва айниқса кассетали бомбалардан фойдаланишга қарши дея баёнот берди мамлакат ташқи ишлар вазири Питер Сийярто. У муросага жанг майдонида эмас, музокаралар столида келиш кераклигини қўшимча қилди.

Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Питер Сийярто БМТ бош қароргоҳида берган интервьюсида Украина инқирози бўйича Венгриянинг ёндашувини баён қилди.

АҚШ июль бошида Украинага 800 миллион АҚШ долларлик кассетали бомбалар беришини эълон қилди. Бу қарор бутун дунё бўйлаб кескин танқидларга сабаб бўлди.

"Умуман олганда, биз бундай қуроллардан фойдаланишга қаршимиз, чунки бу тинч аҳоли ҳаётини хавф остига қўяди. Биз бежизга кассетали бомбаларни тақиқлаш бўйича глобал ташаббусга қўшилмаганмиз. Шу сабабли ҳам АҚШнинг бу борадаги қарорига мутлақо қўшилмаймиз. Мазкур қарор янада кўпроқ азоб-уқубат ва қурбонларлар берилишига олиб келиши мумкин. Умуман олганда, Украинага ҳар қандай қуроль етказиб берилишини ёқламаймиз”, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Питер Сийярто.

Венгрия Европа Иттифоқидаги Россиянинг Украинага босқинини изчиллик билан қоралашдан бош тортиб келаётган кам сонли давлатлардан биридир. Бу давлат Россиянинг нефть ва газига қарамдир.

Венгрия вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда Европа Иттифоқининг Украинага оид қарорларини бир неча марта блоклаб қўйган эди

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG