Украина артиллерияси Донбас фронтини ўққа тутди
Украинанинг қарши ҳужуми давом этар экан, шарқий фронтда украин артиллерия бўлинмаси фаоллашган
Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини айтишни истамаган 48 ёшли "Шкиппер" Донбас фронт чизиғида иккала томон ҳам фаолликни ошираётганини айтади:
"Улар ҳаракат қилиши билан, биз ҳам фаоллашамиз. Аммо қолгани сир бўлиб қолгани яхши. Кейин нима бўлишини ўзингиз кўрасиз"
Артиллерия бўлими АҚШдан юборилган М119 гаубицаси билан бир неча марта ўт очди.
"Биз душманга яқинроқ келиб, ҳужум қилмасидан олдин йўқ қилдик. Эвакуация гуруҳимизни пана қилдик. Кўплаб нишонларни ўққа тутилди", дейди "Шкиппер".
Россия Украинадаги фронт чизиғининг учта қисмида шиддатли жанглар кечгани ҳақида хабар берди. Украина президенти эса ўз қўшинларини душман ҳужумларини қайтарганини олқишлаб, қарши ҳужум яхши кетаётганини маълум қилди.
Украина расмийлари оператив хавфсизликни таъминлаш мақсадида қарши ҳужум борасидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти.
Европа Иттифоқи Украинага 50 млрд евро молиявий ёрдам ажратишни режаламоқда
Бу ҳақда, ўз манбаларига таянган ҳолда Bloomberg хабар қилди.
Маблағлар Украина ҳукуматининг жорий харажатларига (масалан, иш ҳақлари ва пенсиялар тўлашга), шунингдек вайрон бўлган муҳим инфратузилма объектларини тиклашга сарфланади. Ёрдам грантлар, имтиёзли кредитлар ва кафолатлар кўринишида бўлади. ЕИ ушбу маблағни қонун устиворлигини мустаҳкамлаш ва коррупцияга қарши курашга доир ислоҳотлар ўтказиш шарти билан тақдим этади. Манбаларга кўра, Украинага суд ислоҳоти ўтказиш ва ОАВлар тўғрисидаги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш талаби қўйилиши мумкин.
Шунингдек, ЕИнинг Конституциявий суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ислоҳ қилиш, коррупцияга, пул ювишга ва олигархларга қарши кураш ҳамда миллий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир шартлари ҳам бор.
Ёрдам ажратилиши ҳақида сешанба, 20 июнь куни Лондонда ўтадиган донорлар конференцияси олдидан эълон қилиниши кутилмоқда.
БМТ: уруш бошланганидан бери Украинада 9 мингдан зиёд тинч аҳоли нобуд бўлди, қарийб 16 минг киши яраланди
Россия кенг кўламли босқин бошлаганидан бери Украинада 9083 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, яна 15 779 нафар тинч фуқаро турли даражада жароҳат олди, дейилади БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳисоботида.
Ҳисоботга кўра, 1 июндан 18 июнга қадар Украинада 112 киши – 59 эркак, 39 аёл ва 6 нафар бола қурбон бўлган. Шу даврда яраланганлар сони эса 445 кишини ташкил қилади.
Ҳисобот муаллифлари ҳалок бўлган ва яраланган тинч фуқароларнинг аниқ сони бундан анча кўп эканини, чунки кўплаб тинч аҳоли қурбон бўлгани ёки жароҳатланганига доир хабарлар ҳануз тасдиқланмай қолаётганини урғулашган. Хусусан, Мариуполь (Донецк вилояти), Лисичанск, Попасная ҳамда Северодонецк (Луганск вилояти) шаҳарларидан олинган маълумотларни текшириш имкони бўлмаяпти.
2022 йил 24 февралдан 2023 йил 18 июнгача бўлган даврда энг кўп ўлим штган йилнинг мартида қайд этилган: ўшанба Россия босқинидан 4102 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 2988 киши яраланган эди.
Тинч фуқароларнинг аксари портлаш кучи катта майдонни қамраб оладиган қуроллар қўлланишидан жабр кўрган. БМТ жабрланганларнинг ҳақиқий сони бир неча марта кўп бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Россия Украинага камикадзе-дронлар ва С-300 ракеталари билан зарба берди: Киевда портлашлар содир бўлди
20 июнга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага “Шаҳед” камикадзе-дронлари ва С-300 баллистик ракеталари билан ҳужум қилди, расмийлар Киев, Львов ҳамда Запорожьеда портлашлар содир бўлганини маълум қилишди.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти бошлиғи Сергей Попкога кўра, дронлар Украина пойтахти ҳаво ҳудудига тўп-тўп бўлиб, турли йўналишлардан кирган.
“Киев теварагидаги ҳаво ҳудудида ҲҲМ кучлари томонидан 20 га яқин нишон аниқланиб, йўқ қилинди”, дея қайд этди Попко. Мулозимга кўра, Киев вақти билан соат 7:00 ҳолатига жабрланганлар ёки вайронагарчиликлар тўғрисида маълумот тушмаган.
Львов шаҳри мэри Андрей Садовой ҳам кечаси шаҳарда ва Львов вилоятида портлашлар содир бўлганини билдирди.
Запорожье вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Юрий Малашко эса Запорожье шаҳри ва шаҳар атрофига кенг кўламли ҳужум бўлганини маълум қилди. Мулозим айтишича, Россия қўшинлари коммуникацияларни, қишлоқ хўжалиги техникалари ва фермерларнинг мулкларини, шунингдек дам олиш жойларини нишонга олган. “Бахтимизга, ҳеч ким жабрланмади. Мутахассислар душман зарбалари оқибатларини бартараф этиш устида иш олиб боришмоқда”, дея қўшимча қилди Малашко.
Украина ҚК Бош штаби дастлабки маълумотларга кўра, кечаси Россия армияси Украинадаги нишонларга қарата 30 та камикадзе-дронлари йўллаганини ва шундан 28 таси ҲҲМ кучлари томонидан йўқ қилингани ҳақида баёнот берди. Шунингдек, Запорожьега 7 та С-300 ракеталари билан зарба берилгани айтилмоқда.