Каховка ГЭСида фавқулодда ҳолат
Украинанинг Херсон вилоятида Каховка ГЭСи тўғони ёрилди, расмийларга кўра, сув оқими назоратсиз Днепрга қуйилмоқда. Сув босган ҳудудлардаги аҳоли кўчирилмоқда.
Фаразлардан бирига кўра, Россия назорати остидаги тўғон портлатилган, бошқа фаразга кўра эса ёрилишга олдинги зарар сабаб бўлган..Урушаётган томонлар ҳодисада бир-бирини айбламоқда.
Херсон вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Прокудин сешанба куни эрталаб Каховка ГЭСи тўғони ёрилишини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, сув сатҳи 5 соатда "критик даражага" етади.
"Жануб" Украина қўшинларининг тезкор қўмондонлиги ўзининг Фейсбук саҳифасида тўғоннинг ёрилишида Россия ҳарбийларини айблади.
Россия: Украина қарши ҳужумни бошлади
Россия томони, Украина қарши ҳужумни бошлагани ва бу қўшинларнинг Донецк вилоятига қилган “кенг кўламли ҳужуми” тўхтатиб қолинди, деб баёнот берди.
250 дан ортиқ душман ҳарбийлари ва ўнлаб зирҳли техникалари йўқ қилинди, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилган видеотасвирда.
Рейтерс Россия мудофаа вазирлигининг хабарини дарҳол тасдиқлай олмади. Киев ҳозирча вазиятга ҳеч қандай муносабат билдирмади.
3 июнь куни Wall Street Journal нашрига интервью берган Украина президенти Владимир Зеленский, ўз давлати Россияга қарши ҳужумга тайёр эканини айтган, аммо қарши ҳужумга қачон ўтилишини айтмаган эди.
Интервьюда Зеленский бу ҳужумда Украина армиясининг фуқаролик объектлари ва фронтнинг олди чизиғидаги аскарларни ракетадан мудофаа қилиш учун “Патриот” тизимларига эҳтиёжи бўлишини таъкидлаган эди. Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас.
Украина ҚК: сўнгги 24 соатда Россиянинг 29 та ҳужумини қайтардик
Украина ҳарбийлари мамлакат шарқи ва жанубида жанглар кетаётганини билдирди. Украина қуролли кучлари Бош штабининг маълум қилишича, украиналик ҳимоячилар ўтган 24 соат ичида Россиянинг 29 та ҳужумини қайтарган.
Киев шунингдек, рус “диверсантлари”нинг Харков вилоятига кириб боришга уриниши тўхтатилганини ҳам маълум қилди.
Украина қуруқликдаги кучлари қўмондони генерал Александр Сирский, Бахмут шаҳри яқинида украин қўшинлари олдинга силжишда давом этмоқда, деб баёнот берди.
Украина бригадаси Бахмут яқинидаги рус позицияларига украиналик ҳарбийлар ҳужуми акс этган видеони жойлаштирди. Видеода танклар ва бронетранспортёрнинг рус позицияларига ўқ узаётгани кўринган.
Рейтерс видеодаги жойлашувни сунъий йўлдош тасвирлари билан солиштириб тасдиқлашга муваффақ бўлди. Видеода Бахмут марказидан тахминан 11 км жануби-ғарбдаги ҳарбий ҳаракатлар тасвирланган.
Украина ҳарбийлари: “Режалар сукунатни яхши кўради”
Украина ҳарбийлари Россия кучларига қарши узоқ кутилган қарши ҳужум олдидан оператив сукутга чақирди. Украина кучлари шарқ ва жанубдан кенг миқёсли қарши ҳужумга ўтиши кутилмоқда. Аммо Украина расмийлари бу амалиёт билан боғлиқ бўлган гап-сўзлар душманга ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, уларни рад этган.
"Режалар сукунатни яхши кўради. Бошланиш вақти ҳақида ҳеч қандай эълон бўлмайди", - дейилади Украина мудофаа вазирлик расмий Telegram каналида. Reuters агентлиги бу видео қачон ва қаерда тасвирга олинганига оид мустақил маълумотга эга эмаслигини билдирган.
Сўнгги ойларда Ғарб давлатлари Киевга қарши ҳужум учун қуроль-яроғ, зирҳли техника ва ўқ-дорилар етказиб берди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, Россия қўшинларига қарши кураш қийин бўлиши мумкин.
Украина президенти Владимир Зеленский Россия ракета ва бошқа қуроллар ишлаб чиқаришга қўйилган халқаро санкциялардан қочиш учун етказиб берувчилар тармоғидан фойдаланмоқда, деди.
Зеленский тунги видеомурожаатида айтишича, бир қанча давлат ва компаниялар Россияга ракеталар ишлаб чиқаришда зарур технологияни олишда ёрдам бермоқда:
“Афсуски, террорчи давлат етказиб берувчилар тармоғи орқали дунё технологияларидан фойдаланишга, халқаро санкцияларни четлаб ўтишга муваффақ бўлмоқда. Украина Россиянинг санкциялардан қочиш учун нималар қилаётганини яхши билади ва “Россия ракеталарида эркин дунё маҳсулоти бўлмаслигини таъминлашга ҳаракат қилади”.