Линклар

Шошилинч хабар
13 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:17

Жонли 24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

17:35 25.5.2023

Вагнер Бахмутдан бўлинмаларини олиб чиқишни бошлади

Россиянинг “Вагнер” ёлланма гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин Бахмут шаҳридан ўз қўшинларини олиб чиқиб, ўз позицияларини рус қўшинларига ўтказишни бошлади, дея хабар қилди.

"Нима гап йигитлар? 10-15 дақиқада йўлга чиқамиз. 1 июнгача ҳамма бу ердан кетади. Биз дам оламиз, тайёрланамиз, кейин яна янги топшириқ оламиз. Позицияларимизни каравот ва чойшаблари билан армия ҳарбийларга топширяпмиз. Совунни уларга қолдиринг, лекин тиш чўткаларини ўзингиз билан олинг. Эҳтиёт бўлинглар йигитлар! Тиқилинчда қолмайман десангиз, тезроқ ҳаракат қилинг”, деди Пригожин.

Рейтерс агентлиги видеодаги тасвир Бахмутнинг шарқи эканлигини тасдиқлашга муваффақ бўлди.

Пригожин 20 май куни Бахмут қўлга олинганини эълон қилди.

Вагнер раҳбари агар рус армияси Бахмутни бошқара олмаса, Бахмутга яна қайтишга тайёрлигини айтган.

Пригожин, шунингдек, Бахмут учун жангларда 20 мингга яқин одамини йўқотганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг 10 минг нафари Вагнер жангчиси, қолган 10 минг нафари эса колонияларда ёлланган маҳбуслар.

2023 йилнинг январь ойида АҚШ Молия вазирлиги Украина урушидаги иштироки ҳамда Украина, МАР ва Малида содир этилган кўплаб ҳарбий жиноятларга гумонлар туфайли “Вагнер” ХҲШни трансмиллий жиноят ташкилоти деб эълон қилган.

Буюк Британия, Франция, Литва, Канада парламентлари ҳам “Вагнер” ХҲШни террор ташкилоти деб тан олган.

Украина Мудофаа вазирлиги "Вагнер" Бахмут яқинида қайта гуруҳланганини тасдиқлади

Мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг сўзларига кўра, Бахмут чеккасидаги Вагнер бўлинмалари РФ Қуролли кучларининг мунтазам армия отрядлари билан алмаштирилган. Вагнерчилар ҳали ҳам шаҳарнинг ўзида қолмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги “Самолёт” ҳудудидаги чекка ҳудудларни назорат қилади.

17:32 25.5.2023

Ўтган тунда Украинага йўлланган барча 36та “Шаҳид” уриб туширилди

Украина 25-май, пайшанба куни Россия томонидан амалга оширилган тунги ҳужумларда Эронда ишлаб чиқарилган 36 та «Шаҳид» дронининг барчасини уриб туширганини маълум қилди.

Ҳужумдан мақсад Украина ғарбий вилоятларидаги инфратузилма объектларини вайрон қилиш бўлгани айтилмоқда.

Президент Владимир Зеленский “нотинч тун” бўлганини айтди.

Украина бирлашган кучлари қўмондони Сергей Наев ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари позицияларига ташриф буюрди.

Пайшанба куни эълон қилинган видеода Наевнинг Германияда ишлаб чиқарилган "Гепард" ўзиюрар зенит қуролини бошқараётган аскарлар олдига боргани тасвирланган.

“Мен шимолий операция зонасида ҳаво ҳужумидан мудофаа вазифаларини бажараётган йигитларимизга миннатдорчилик билдириш учун келдим. Улар "Гепард" қуроли билан жиҳозланган, у аллақачон душманнинг - тўртта "Шаҳид" учувчисиз учиш аппарати ва иккита қанотли ракетасини йўқ қилган», деди Украина Бирлашган Кучлари Қўмондони Сергей Наев.

Шунингдек, улар Киев тунги осмонида дрон уриб туширилгани акс эттирилган видеони ҳам тарқатишди.

“Шаҳед”лардан 10 таси Львов вилояти устида уриб туширилди, аҳолидан ҳеч ким жабрлангани йўқ, деди вилоят раҳбари Максим Козицкий.

Реутерс кадрлар қаерда эканлигини ва у суратга олинган санани мустақил равишда тасдиқлай олмади.

17:29 25.5.2023
Архив сурати.
Архив сурати.

Бахмут йўналишида жанг қилган 106 аскар Россия асирлигидан қайтди

106 нафар аскар Украинага Россия асирлигидан қайтди. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак маълум қилди.

Унга кўра, Украинага қайтганлар орасида Бахмут ҳудудида жанг қилган 8 офицер, 98 нафар аскар ва сержант бор. Қайтганлар орасида кўпчилик бедарак йўқолган деб ҳисобланган.

"Бизнинг ҳақиқий уйимиз - одамлар биз ҳақимизда ўйлайдиган жой. Биз биргаликда қураётган Украина - бу инсон, ватандош энг олий қадрият деб ҳисобланадиган жой. Одамлар ҳақида қайғурадиган мамлакат. Бизнинг жамиятимиз айнан шундай фикр юритади. Барча асирлар уйда бўлади, биз бунинг устида ишлаяпмиз ", деб ёзди Андрей Ермак.

Россия томони ҳарбий асирлар алмашинуви ҳақида ҳозирча хабар бермаган.

17:25 25.5.2023

Нидерландия украиналик учувчилар билан Ф-16 машғулотларини имкон қадар тезроқ бошлашга тайёр

Бу ҳақда Нидерландия мудофаа вазири Кайса Оллонгрен маълум қилди.

Машғулотлар Бельгия, Дания ва Буюк Британия билан мувофиқлаштирилган ҳолда ўтади, бошқа давлатлар ҳам қўшилиши мумкин, дея қўшимча қилди Оллонгрен.

НАТО раҳбари Енс Столтенберг украиналик учувчиларни Ф-16 қирувчи самолётларига ўргатиш НАТОни Россия ва Украина ўртасидаги можарода иштирок этишини англатмаслигини айтди.

Норвегия ҳам украиналик учувчиларни тайёрлаш дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бир кун аввал юқори мартабали рус мулозимлари Ф-16 самолётларини Украинага бериш НАТОнинг можародаги роли масаласини кўтаришини таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Украинага етказиладиган ҳар қандай Ф-16 қирувчи самолётлари Москва учун "қонуний нишон" бўлади, дея иддао қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG