Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2025, Тошкент вақти: 15:33

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:59 18.5.2023

Қрим темир йўлида портлаш: дон ортилган вагонлар ағдарилди

Россия босиб олган Қримнинг Симферополь туманида ғалла юкланган вагонлар издан чиқиб кетиб, ағдарилди. Бу ҳақда телеграм-каналлар хабар қилди, кейинроқ маълумотни Россия тайинлаган Қрим “раҳбари” Сергей Аксёнов тасдиқлади.

Аксёнов Baza, 112 ва Mash телеграм-каналлари хабарида тилга олинган портлаш ҳақида лом-мим демаган. Хабарларда портлаш натижасида ғалла ортилган саккиз вагон темир йўлдан чиқиб кетиб, бештаси ағдарилгани айтилади. Ҳукуматга оид SHOT телеграм-канали эса Қримда темир йўлда қўпорувчилик қилган шахс қидирилаётгани ҳақида ёзмоқда.

“Россия билан биргамиз” ҳаракати раиси Владимир Роговга кўра, портлатиш қурилмаси Чистенькое қишлоғи ёнида темир йўл остига ўрнатилган, портлаш таркибнинг юқори қисмида юз берган. Натижада 50 метр йўл шикастланган ва рельслар остида чуқурлиги 2, диаметри қарийб 15 метрлик ўра ҳосил бўлган.

“Кримская железная дорога” ширкати хабарномасида Қримда вагонлар “темир йўл транспорти фаолиятига бегона шахслар аралашуви” туфайли издан чиқиб кетгани ҳақида гап боради.

18:57 18.5.2023

Чехия Россия элчихонасига бепул фойдаланиш учун берилган ер участкаларини олиб қўйди

Чехия ҳукумати Россияга ер участкаларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқини берувчи 9 қарорни бекор қилди. Бу ҳақда Европа масалалари бўйича вазир Мартин Дворжак “Твиттер”да маълум қилди.

Гап Прагадаги Россия элчихонаси ёнидагиквартиралар жойлашган участкалар, шунингдек Брно, Карлови Вари, Влканчици ва Еванидаги бинолар ҳақида бормоқда.

Seznamzpravy нашрига кўра, 2022 йил майда Россиянинг Карлови Вари ҳамда Брно шаҳарларидаги собиқ бош консулхоналари бинолари консуллик биноси мақомини йўқотган.

“Биз мамлакатимиз оккупация қилинганидан сўнг рус танклари нишони остида ҳукуматга мажбуран қабул қилдирилган ва бу кунгача Россияга ҳудудимиздаги катта ер майдонларидан текин фойдаланишга имкон берган қарорларни бекор қилдик. Ушбу ерлардан келадиган бебилиска даромад Украина истилосига сарфланмаслиги керак”, деб ёзди Дворжак.

Чех ҳукумати маълумотига кўра, объектлардан айримлари дипломатик эмас, балки тижорат мақсадида қўлланмоқда, шу боис уларни бепул тақдим этишда давом этишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Ҳукумат Россия қайд этилган объектлар бўйича тегишли солиқ мажбуриятларини бажариши лозим, улардан бепул фойдаланиш ўрнига томонлар ижара шартномаси ёки

Чехия учун фойдалироқ бўладиган бошқа битим тузишлари мумкин, деб ҳисоблайди.

Бекор қилинган қарорлар жами 59 та ер участкасига оид. Чехияда Россия текинга фойдаланадиган ер участкаларининг умумий майдони 92 001 квадрат метр бўлиб, шундан 87 863 кв. метри давлат мулкидир.

Айни чоғда Россияда Чехияга атиги 26 875 кв.метр ер майдони берилган бўлиб, Чехия ТИВ раҳбари Ян Липавский аввалроқ бу “ўзаро ҳурмат принпицига хилоф”лигини айтган эди.

Вазирлик ҳукуматнинг ушбу қадами Россия тарафидан Москвадаги Чехия уйига нисбатан айни йўл тутилишига олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Чехия уйи Чехияники бўлса ҳам, Россияга тегишли ерда жойлашган.

Чех ҳукумати бекор қилган қарорлар 1970–1982 йилларда қабул қилинган эди. Ўшанда СССРга дипломатик мақсадларда бепул фойдаланиш учун қатор ер участкалари берилган. Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг бу ер участкалари автоматик равишда Россия фойдаланувига ўтган.

18:54 18.5.2023

Боррель Европа тинчлик фонди маблағларини 3,5 млрд.га кўпайтиришни таклиф қилди

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Европа тинчлик фонди ҳажмини яна 3,5 млрд еврога оширишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Reuters.

Эслатибўтамиз, Европанинг Украинага ҳарбий ёрдами асосан мазкур фонд ҳисобидан молияланмоқда.

Боррель ўз таклифини фонд маблағлари тугаб бораётгани билан изоҳлади.

Европа тинчлик фонди бюджетдан ташқари жамғарма бўлиб, ҳозирда унинг ҳажми қарийб 8 млрд еврони ташкил қилади.

Фонд ЕИга аъзо мамлакатларнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ сарф-харажатларининг бир қисмини қоплаб беради. Бугунга қадар фонддан Украинага ҳарбий ёрдам учун қарийб 4,6 млрд евро сарфланган.

Сўнгги кунларда Венгрия Европа тинчлик фондидан Украинага 500 миллион евро миқдорда пул ажратилишига вето қўйди.

Венгрия ТИВ раҳбари Петер Сийярто бу Украина Венгриянинг “OTP Bank”ини урушнинг халқаро ҳомийлари рўйхатига киритганига жавоб эканини яширмади.

17:49 17.5.2023

Зеленский: Рус ракеталари Патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида йўқ қилинди

Украина президенти Владимир Зеленский Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими хизматчиларига миннатдорлик билдирди ва АҚШнинг Патриот ракета тизимини «ақлбовар қилмас» деб айтди.

Кеча Украина Россия янги авлод гипертовушли ракета дея кўкларга кўтарган Кинжал ракетасидан олтитасини уриб туширганини маълум қилди.

«Бу қурол тизимларини олиб келиш учун қанча куч сарфланганини ҳам унутмаслигимиз керак. Бунга кўп вақт, энергия, баҳс мунозаралар, учрашувлар орқали эришдик. Катта натижа…бунда иштирок этган ҳар бир инсонга миннатдорлик билдираман!», деди Зеленский.

Россия Мудофаа вазирлиги эса Кинжал ракетаси билан Патриот мудофаа тизимини йўқ қилганини даъво қилди.

Бироқ, Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний русларнинг барча ракеталари муваффақиятли тўхтатилганини билдирди.

Кинжалнинг дастлабки тезланиши 4900 км/соат. Унинг тезлиги товуш тезлигидан 10 баравар юқорига етиши мумкин. Одатда гипертовушли ракеталар товуш тезлигидан беш баравар юқори тезликда ҳаракатланади дея таъкидлади АҚШдаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази.

Кинжал ханжар деган маънони англатади. У оддий ёки ядро каллакларни 2000 км масофага етказа олди. Россия Украинадаги урушда бу қуролни бир неча марта қўллаганини тан олган.

Владимир Путин Кинжал ракеталарини Россия армиясининг дунё миқёсида тенгсизлигининг исботи ўлароқ бот-бот мақтаб келади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG