БМТ: Украинада 501 нафар бола ҳалок бўлгани тасдиқланди
БМТ Украинага босқин туфайли 501 нафар бола нобуд бўлганини тасдиқлади.
“Бу БМТ тасдиқлай олганлар, холос. Ҳақиқий рақамлар анча катта бўлиши турган гап, мазлум оилаларнинг мусибатлари кўламини тасаввур қилиш мушкул”, деди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел.
Августнинг охирларида Украинада уруш туфайли 972 бола ўлгани ёки яралангани маълум қилинган эди. Расселга кўра, бу болаларнинг кўпчилиги фуқаровий аҳолига нисбатан қўлланаётган портловчи қуроллардан ҳалок бўлган ёки жароҳатланган.
Шунингдек, жуда кўп украин болалари Россияга депортация қилинмоқда. Март ойи охирида Қайта интеграция вазирлиги ҳузуридаги Миллий ахборот шуъбаси мамлакатдан 19 514 нафар бола ноқонуний олиб кетилганини билдирган эди.
Айнан болаларнинг Россияга ноқонуний депортация қилиниши Халқаро жиноят судининг Владимир Путинни ҳамда Россия болалар омбудсмени Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер беришига асос бўлган эди.
Чернигов шаҳри ЮНEСКО мерослари рўйхатига кириши мумкин
ЮНEСКО бош директори Одри Азуле кеча Чернигов шаҳрига ташриф буюриб, Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди.
Одри Азуле Украина президенти билан Чернигов шаҳрини БМТ Жаҳон мероси рўйхатига киритиш имкониятларини муҳокама қилди.
Улар шунингдек, Украинадаги маданий иншоотларни ҳимоя қилиш, мамлакатда таълимни ривожлантириш ҳамда ушбу соҳаларда халқаро ёрдамни мувофиқлаштириш саъй-ҳаракатлари борасида ҳам фикр алмашди.
«Уруш сиз бошдан кечираётган қанчадан-қанча йўқотишларга, инсоний талафотларга сабаб бўлганини яхши тасаввур қиляпман. Уруш шароитида маданият ва таълим каби муҳим ижтимоий соҳаларга устувор аҳамият бераётганингизни қадрлайман. Чунки биламизки, бу соҳалар Украинани миллат сифатида намоён қилади. Сиз томонда бўлиш, украин халқи томонида бўлиш ва маданий меросни ҳимоя қилиш бизнинг ЮНEСКОДАГИ асосий вазифамиз”, деди ЮНEСКО бош директори Одри Азуле.
Украинанинг Одесса шаҳрига январь ойидаёқ Жаҳон меросининг хавф остидаги шаҳри мақоми берилганди.
ЮНEСКО ташкилоти Россиянинг Украинага босқини мамлакатдаги маданий объектларга 2,6 миллиард доллар зарар етказганини, қайта тиклашга эса 6,9 миллиард доллар кетишини тахмин қилмоқда.
Британия қироли украиналик қочқинлар билан учрашди
30 март куни Буюк Британия қироли Чарлз III Берлиндаги собиқ Тегел аэропортида украиналик қочқинларни кутиб олиш марказига ташриф буюрди.
Чарлз Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер билан биргаликда марказда қочқинлар билан учрашди, кўнгиллилар билан суҳбатлашди. Унга Берлин мери Франсиска Гиффи ва Германия ички ишлар вазири Ненси Фазер ҳамроҳлик қилди.
Чарлз III Германия парламентида чиқиш қилиб, Британия-Германия муносабатларининг муҳимлигини таъкидлади ҳамда Германиянинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини олқишлади.
Бахмутликлар зирҳли машиналарда эвакуация қилинмоқда
Бахмутлик Людмила кеча ярим тунда эвакуация қилинганлардан бири. У сўнгги дақиқагача шаҳардан кетишни истамади, бироқ кечаси унинг уйи ҳужум натижасида ёниб кетгач, бунга мажбур бўлди.
Бахмутда унинг қизи ва ўғли қолган. Людмиланинг болалари шаҳарнинг бошқа қисмида бўлгани учун уларни олиб чиқишнинг имкони бўлмаган.
“Зирҳли машинада келарканман, йўл бўйи йиғлаб келдим. Мен кетганим учун болаларимдан кечирим сўрайман, улар қолиб кетишди", дейди бахмутлик Людмила.
Охирги бир ой давомида 50 га яқин одам Бахмутдан олиб чиқилган, аммо ҳозирда эвакуация қилиш деярли имконсиз. Украиналик ҳарбийлар Бахмутдан аҳолини зирҳли машиналарда ярим тунда олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда.
“Украин аскарлари ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, одамларни асосан тунда олиб чиқиб кетишади. Чунки кундузи жуда кучли отишма бўлади. Душман ҳеч нарсани кўздан қочирмайди, тинч аҳоли ва ҳарбийларни тинимсиз ўққа тутади", дейди бахмутлик Татяна Шербак.
Константинивкадаги кўнгиллиларнинг аксарияти Бахмутдан келган.
Февраль ойи охирида «Stay Safe» ташкилоти кўнгиллилар билан биргаликда Бахмутдан эвакуация қилинган аҳоли учун бошпаналар ташкил қилди.