Украиналик қиличбозлар россиялик ва беларуслар иштирокидаги халқаро мусобақаларни бойкот қилди
Украина қиличбозлари ўз федерациясининг россияликлар ва беларуслар иштирокидаги халқаро мусобақаларни бойкот қилиш қарорини олқишламоқда.
Ўтган йилнинг феврал ойида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг россиялик ва беларуслик спортчилар кўплаб нуфузли халқаро спорт мусобақаларидан четлатилди.
Бироқ, Россия ва Беларус қиличбозларига 2024 йилги Париж Олимпиадасига саралаш ойнаси очилишидан бир неча кун олдин, 10 март куни бўлиб ўтган қиличбозлик бўйича глобал федерациянинг навбатдан ташқари Конгрессида халқаро мусобақаларга қайтишга рухсат берилди.
Ушбу ҳаракат Украина қиличбозлик федерациясини руслар ва беларуслар иштирок этадиган барча тадбирларни бойкот қилишга ундади.
“Ушбу мусобақаларда иштирок этаётган россиялик ва беларуслик қиличбозлар асосан ҳарбий хизматчилардир”, деди Украина қиличбозлик федерацияси президенти Михаило Иллиашев.
Иллиашевнинг қўшимча қилишича, қиличбозлик қоидаларига кўра, украиналик спортчилар ўзлари дуч келган россиялик ёки беларуслик рақиб билан қўл бериб кўришишга мажбур бўлади.
Теннисдан фарқли ўлароқ, қиличбозликда рақибнинг қўлини сиқмаслик дисквалификацияга олиб келади.
Глобал Атлет ташкилоти маълумотларга кўра, уруш Украинада 343 та спорт иншоотини вайрон қилган, 140 мингга яқин ёш спортчи машғулотлар учун жойсиз қолган.
Россияга қарши санкциялар фонида Қозоғистоннинг “Эйр Астана” ширкати даромадлари ошган
Қозоғистоннинг энг йирик авиакомпанияси “Эйр Астана” Россия орқали ҳаво қатновининг қисқариши ва Хитойнинг қайта очилишидан фойдаланиш мақсадида кенгайиш режаларини тезлаштирмоқда. Бу ҳақда ширкат ижрочи директори Питер Фостер Рейтер агентлигига айтган.
Ўтган йили Украинага бостириб кирганидан сўнг, кўплаб авиакомпаниялар Россияга парвозларни тўхтатди.
Натижада Москва Европа ва Осиё ўртасидаги авиақатновлар маркази мақомини йўқотиб, жанубий қўшниси Қозоғистонга бозордаги улушини ошириш имконини берди.
"Украинада уруш бошланишидан олдин, ғарбий йўналишда, хоҳ Европа бўлсин хоҳ Америка, парвозлар асосан Россия Федерацияси орқали эди. "Шубҳасиз, энди бундай эмас. Вазият ўзгарди ва бизга бу ўзгаришдан фойдаланиш учун фурсат туғилди", - дейди Питер Фостер.
Бир қисми Британиянинг BAE Systems компаниясига тегишли бўлган “Эйр Астана” ўтган йили рекорд даражада 78, 4 миллион доллар фойда кўрди.Ширкат йиллик даромади 11 фоизга ўсди. Гарчи ширкат Россияга парвозларни тўхтатган эсада ўтган бир йилда 7, 4 миллион йўловчига хизмат кўрсатган .
Компания жорий йил охиригача ўз паркини 44 та самолётдан 50 тага етказишни режалаштирмоқда.
Фостернинг таъкидлашича, “Эйр Астана” Ғарбнинг Москвага қарши санциялари туфайли таъминот занжири билан боғлиқ муаммоларни тезда ҳал қила олган, бу Марказий Осиёдаги Ғарб маҳсулотларини импорт қилувчи ва уларни Россия орқали транзит қилган кўплаб корхоналар дуч келадиган муаммо.
Уй қамоғидан қочган Алексей Москвалёв Минскда ҳибсга олинган
Тула вилоятининг Ефремов шаҳрида яшовчи ёлғиз ота Алексей Москалев армияни “обрўсизлантириш” айби билан ҳукм чиқарилгунга қадар уй қамоғидан қочган ва Минскда ҳибсга олинган.
Алексей Москалевнинг адвокати Дмитрий Захватов Рейтер мухбири билан суҳбатда мижози Беларусда ҳибсга олинганини тасдиқлади.
"У ерда бўлмаганим учун Москалев қандай шароитда ҳибсга олинганини айта олмайман. Менда фақат иккита манба бор. Кеча кечқурун у билан алоқа узилиб қолди ва мендаги маълумотларга кўра, ҳақиқатан ҳам у ҳибсга олинган”, деди адвокат.
Қизи мактабда урушга қарши расм чизгани учун полиция томонидан тергов қилинган россиялик Алексей Москалёв 28 март, сешанба куни қуролли кучларни обрўсизлантиришда айбланиб, икки йилга колонияга ҳукм қилинди.
Аммо суд вакили Москалёв бир кечада уй қамоғидан қочгани, унинг қаерда эканлигини билмасликларини айтди.
“Айбланувчи жаноб Москалёв ҳукм чиқаришда иштирок этмади, чунки у кеча уй қамоғидан қочиб кетди”, дейди суд матбуот котиби.
Москалёв шу ой бошида уй қамоғига олинганидан бери қизи Машадан ажралиб қолган, Маша Москва жанубидаги Ефремов шаҳридаги болалар уйига кўчирилган.
Бу воқеа россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари орасида норозилик уйғотди ва ота ва қизни бирлаштириш учун интернетда кампания бошлаб юборди.
Москалёв Украинадаги уруш ҳақида интернетда ёзган изоҳлари учун айбланган. Аммо тергов 12 ёшли Маша ўтган апрел ойида украиналик она-бола устига рус ракеталари ёғаётгани акс этган расм чизгач, мактаб раҳбари полицияга қўнғироқ қилганидан кейин бошланган.
Полиция Москалёвнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини текширишни бошлади ва у дастлаб Россия армиясини танқид қилган фикрлари учун 35 минг рубл (460 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди.
Декабр ойида терговчилар қуролли кучларни обрўсизлантиришда гумон қилиб, унга қарши яна бир иш очди, бу сафар июн ойида ижтимоий тармоқда эълон қилинган постга асосланиб.
Россияда тақиқланган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Москалёвни сиёсий маҳбус деб билишини айтди.
"Бахмут қирғинбароти" - Россия йўқотишлари ортмоқда
Россия кучлари ўтган кун давомида бешта ракета ва 25 та ҳаво ҳужуми, шунингдек, 34 та ракета зарбаси уюштиргани, фуқаролик ва энергия инфратузилмасини ҳужумга тутишни давом этган.
Бахмут ва унинг атрофидаги тинимсиз ҳужумлар рус кучларига катта зарар етказди.
АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли 29 март куни Вакиллар палатасининг Қуролли кучлар қўмитасига қарата нутқида Россия ўтган ҳафталарда Бахмут атрофида “ҳеч қандай силжишга эришмаган”и ва “Вагнер” ёлланма гуруҳи ҳудудда “жуда кўп талофат”га учраганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Бахмут "руслар учун қирғинбарот"га айланган.
Вагнер бошлиғи Евгений Пригожиннинг ўзи 29 март куни Бахмут учун жанглар Украина томони билан бир қаторда ўз кучларига ҳам катта зарар етказганини тан олди.
“Бугунги Бахмут учун жанг Украина армиясини амалда йўқ қилди ва афсуски, “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ҳам жиддий зарар етказди”, — деди Пригожин.
Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес АҚШ маълумотларига таяниб, Россиянинг Украина билан урушдаги йўқотишлари ҳақида гапирди, 220 минг рус аскари ўлган ёки яраланган деб ҳисобланаётганини айтди.
Уоллес бу рақамни 29 март куни Швеция мудофаа вазири Пол Йонссон билан учрашувдан сўнг ўтказилган қўшма матбуот анжуманида айтди.