Қримдан қайтарилган болалар
Ўн етти нафар украин боласи, аннексия қилинган Қримдан Украинага қайтарилди: улар ишғол этилган ҳудудлардан “ёзги оромгоҳларга”, деб олиб чиқиб кетилган ва ярим йил Қримда қолиб кетган.
Болаларнинг айтишича, Қримда уларни Россия гимнини куйлашга мажбур қилишган, ёнларидан топилган сариқ-кўк байроқни ёқиб юборишган. Украинани қўллаб-қувватлашини яширмаган ўқувчиларни калтаклашган.
Болаларнинг сўзларига кўра, оромгоҳда уларга математика, рус тили ва инглиз тилидан дарс ўтишган. Ҳар тонгда уларга Россия гимни садолари остида бадантарбия қилдиришган.
“Бир қиз хонасида Украина байроғини яширинча сақларди. Хавфсизлик бўйича бошлиқ, Астахов дегани уни топиб олди ва ташқарида ҳаммамизни йиғиб, кўз олдимизда ёқди.
“Мамлакатингиз қандай ёнишини томоша қилинглар”, деди. Ҳар куни бизга: “Украина бу террорчилар юрти. Улар одамларни болаларни ўлдиришяпти. Сизлар Украинага керак эмассизлар”, дея қулоғимизга қуйишарди”. , дейди болалардан бири Қримда кечирган кунларини эсларкан. “Украина тарафидаман, деб айтган болани калтаклашарди. Қачон, ким сўрамасин: “Мен Россияни қўллаб-қувватлайман”, деб жавоб бериш керак эди”, дея қўшимча қилади у.
Болаларни қайтаришда ота-оналарга Save Ukraine фонди ёрдам берди.
“Болаларга “Сизларни эвакуация қиляпмиз, ҳаётингизни қутқариб қолдик”, дейишган. Ота-оналар оромгоҳга қўнғироқ қила бошлаганида эса, истасангиз, келиб, болангизни олиб кетинг, деганлар. Чунки бунинг имкони йўқлигини, ҳеч ким фронт чизиғидан ўта олмаслигини билганлар. Фақат битта йўли бор эди: Польша, Беларусь ва Россия орқали Қримга бориш. Қарийб 5 минг километр – бир тарафга. Халқаро жиноят судининг қарори бутун дунёга мужда бўлди. Путин – жиноятчи. Унинг қилган иши ҳарбий жиноят. Бу эвакуация эмас. Бу депортация”, дейди Save Ukraine фонди асосчиси Николай Кулеба.
Зеленский Херсонда
Украина президенти Владимир Зеленский 23 март куни жанубий Херсон вилоятига сафар қилди, у ерда маҳаллий инфратузилмани кўздан кечирди ва Россия босқинидан кейин вайрон бўлган “ҳамма нарсани тиклашга” ваъда берди.
"Ўйлайманки, биз минтақадаги ҳамма нарсани жуда тез тиклаймиз. Ўйлайманки, ҳаммаси амалга ошади", - деди Зеленский маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашар экан.
Ўтган йили Украинанинг қарши ҳужуми Россия қўшинларини бир неча ойлик ишғолдан сўнг вилоят пойтахти Херсондан сиқиб чиқарди.
Бир кун олдин Зеленский Бахмут яқинидаги жабха чизиғига борди, қаҳрамон жангчиларни орден ва медаллар билан тақдирлади.
FIFA тақиқига қарамай Россия футбол терма жамоаси Эрон билан ўйинга ҳозирлик кўрмоқда
Украинага босқин сабабли FIFA ва UEFA қўйган тақиқга қарамай, Россия 23 март оқшомида Эрон билан халқаро ўртоқлик ўйини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.
Ўтган йил феврал ойида Москва Украинага қарши уруш бошлаганидан бери Россия жамоалари Европа ва FIFA мусобақаларидан четлаштирилди.
Ўтган йилнинг ноябр ойида Россия футбол федерацияси раҳбари Александр Дюков Осиё Футбол Конфедерациясига ўтишни Россия терма жамоаси ва клубларининг халқаро мусобақаларга қайтишига имкон бериши мумкин бўлган вариант сифатида эълон қилган эди.
Россиялик мураббий Валерий Карпин жамоаси учун Эронга қарши ўйин Россиянинг Украинага босқиндан кейинги тўртинчиси бўлади.
Россия терма жамоаси ўтган йили Қирғизистонни мағлуб этган, аммо Тожикистон ва Ўзбекистон билан 0: 0 ҳисобида дуранг ўйнаган.
Эрон жамоасига келсак, 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичидан чиқа олмаган.
Эрон жамоаси Уелс устидан ғалаба қозонган бўлса-да, АҚШ ва Англияга мағлуб бўлганди.
Медведевдан янги таҳдидли баёнот
Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Халқаро жиноий суд буйруғи билан Владимир Путинни ҳибсга олишга ҳар қандай давлатнинг уриниши уруш эълон қилиш сифатида қабул қилинишини айтди.
"Тасаввур қилайлик. Бу ҳеч қачон содир бўлмайди, албатта. Аммо шундай бўлса, тасаввур қилайлик, бу вазият амалга ошди - ядровий давлатнинг амалдаги раҳбари, масалан, Германияга келди ва ҳибсга олинди. Нима. Бу? Россия Федерациясига уруш эълон қилиш бу!", - деди Медведев.
Дмитрий Медведев россиялик журналистларга, жумладан ТАСС давлат ахборот агентлигига берган интервюсида Украина унинг таъбирича “Буюк Россия”нинг бир қисми эканлиги ва яқин келажакда Россиянинг Ғарб билан алоқаларини қайта тиклаш истиқболини кўрмаётганини қўшимча қилди.