Ллойд Остин: Украинанинг шошилинч талаблари бор
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украинанинг ҳарбий ёрдам борасида бўйича шошилинч талаблари борлигини маълум қилди.
У АҚШ ва НАТО Украинани узоқ вақт давомида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади.
«Кремль ҳали ҳам бизни бўлиниб кетишимизга умид қилмоқда. Аммо орадан бир йил ўтди, биз ҳар доимгидек бирдаммиз.
Бу якдиллик Украинага келгусида ҳам ўз шаштини сақлаб қолишга ёрдам беради», деди Остин Брюсселда ўтган НАТО мудофаа вазирлари йиғилишида.
Украинага босқинга бир йил бўлиши олдидан Россия Украинанинг жануби ва шарқий қисмида ҳужумларни кучайтирди.
Брюсселдаги йиғилишдан олдин НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Ғарб давлатлари Киевга ўқ-дорилар етказиб беришни кучайтириши кераклигини билдирди.
Йенс Столтенберг: «Украина урушда ғалаба қозониши учун зарур қуролларни олиши керак»
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг НАТО Украинани «урушда ғалаба қозониши» учун зарур бўлган қуроллар билан таъминлаши кераклигини айтди. У шунингдек, Россия президенти Владимир Путин тинчлик учун эмас, аксинча «кўпроқ урушга тайёрланаётганини» таъкидлади:
"Кейинги ҳафта Украинадаги даҳшатли уруш бошланганига бир йил тўлади. Россия президенти Владимир Путиннинг эса тинчликка интилаётганига бирон бир белги кўрмаяпмиз. У кўпроқ уруш қилишга ва янги ҳужумларга тайёрланмоқда. Шундай экан, НАТО иттифоқчилари ва ҳамкорларининг Украинага кўпроқ ёрдам кўрсатиши янада долзарб аҳамият касб этади”, деди Столтенберг
Россия Украина ҳарбий объектларига ҳужум қилмоқда, Украина эса Россия ҳужумларини бартараф этяпти
Кремль ўтган сутка давомида Украина Қуролли Кучлари нишонларига зарар етказганини билдирди. Украина эса Россиянинг бир неча йўналишдаги ҳужумларини қайтарганини даъво қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков кундалик брифингда Россия артиллерия бўлинмалари Купянск йўналишидаги Украина нишонларига зарар етказди, дея маълум қилди.
«Красний Лиман» йўналишида Россия қўшинларининг артиллерия ҳужумлари натижасида 80 дан ортиқ украин ҳарбий хизматчиси, учта зирҳли жанговар техника ва Д-30 гаубицаси йўқ қилинди, деди Конашенков.
Конашенков шунингдек, Словянск шаҳри яқинидаги 95- украин ҳаво десант бригадаси иншоотига ҳам зарба берилганини билдирди.
Украина Бош штаби Украина ҳарбий-ҳаво кучлари рус армияси ва техникаларини ўққа тутганини маълум қилди.
Ўтган 24 соат ичида Донетск, Луганск ва Харков вилоятларида рус қўшинларининг ҳужумлари қайтарилди, дея қўшимча қилди Украина Бош штаби.
Зеленский: «Дипломатик марафонимиз давом этади»
Владимир Зеленский Украинадаги урушнинг бир йиллиги арафасида дипломатик учрашувлар давом этишини билдирди:
«Келгуси ҳафтада ҳам дипломатик марафонимиз давом этади. Эртага Рамштейн базасида яна бир учрашув бўлиб ўтади. Бунга тайёргарлик кўряпмиз. Барча музокараларимиз Рамштейндаги ҳамкорларимизнинг мудофаа қарорларида ҳам ўз аксини топишига ҳаракат қиляпдамиз. Икки томонлама музокаралар ва учрашувлар ҳам режалаштирилган. Бу каби фаол дипломатик йиғинларни Украина учун янги нормага айлантирмоқдамиз”.
Украинанинг мудофаа бўйича алоқа гуруҳи бугун НАТО қароргоҳида йиғилиш ўтказади.