Пентагон: Россия 40 йиллик снарядларни қўлламоқда
Россия армияси Украина урушида артиллерия снарядлари жиддий етишмовчилигини бошидан кечирмоқда, деди Пентагоннинг юқори мартабали мулозими.
Унга кўра, россияликлар жангларда 40 йил олдин ишлаб чиқарилган ва ҳатто бундан ҳам эски совет снарядларини қўллаётганига далиллар бор.
АҚШ мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, аксар снарядлар ва ракеталарнинг техник ҳолати яхши эмас, кўплари отилаётган пайтда портлаб кетади ёки, аксинча, нишонга текканидан сўнг портламайди.
Америкалик ҳарбийлар ҳозирги ўт очиш интенсивлиги сақланган тақдирда, агар Москва четдан сотиб олиб олиш чораларини кўрмаса, 2023 йил бошларига бориб Россия армиясининг мақбул техник ҳолатдаги снарядлари тугаши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Аввалроқ Россия Эрон ва Шимолий Кореядан ўқ-дори сотиб олаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Россия Мудофаа вазирлиги бу маълумотларни инкор этган.
Словакия Украинага МиГ-29 қирувчи учоқларини беришга тайёр
Бу ҳақда Словакия ташки ишлар вазири Растислав Качер “Інтерфакс-Україна”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз сизларга “МиГ-29”ларни ҳали берганимиз йўқ. Аммо бунга тайёрмиз. Бу иш қандай амалга оширилишини НАТОдаги ҳамкорларимиз билан гаплашиб оламиз... билишимча, яқин ҳафталар ичида Словакияга Украина делегацияси келади, сўнгра америкалик дўстларимиз билан бирга бу режани рўёбга чиқариш устида ишлаймиз”, деди Качер.
Германия эса Украинага 24та ўзиюрар замбарак етказиб берди ва энди тез орада яна 6 та Gepard ўзиюрар артиллерия қурилмалари жўнатишни режаламоқда.
Бу ҳақда Германия парламентининг мудофаа қўмитаси раиси Мари-Агнес Штрак-Циммерман маълум қилди.
Аммо, унинг айтишича, Leopard русумидаги оғир танклар Украина армиясига берилмаяпти: ГФР ҳукуматида ҳануз бу борада “талай эътирозлар” мавжуд.
Сиёсатчи шахсан ўзи Украинага танклар бериш тарафдори эканини урғулади.
Зеленский: Россиянинг ягона умиди Украинани энергиядан маҳрум қилиб, бўйсундириш
Россия Украинага ҳаводан зарба беришда давом этяпти. Россиянинг ягона умиди Украинани энергиядан маҳрум қилиб, устунликка эришиш, деди Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида:
"Россия ўзининг бу террор тактикасидан воз кечмаган. Оммавий ракета зарбалари берилмаëтганининг сабаби шунчаки душман янги ҳужумларга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳаво ҳужумлари исталган вақтда бўлиши мумкин. Россия ҳали ҳам Украинани электр энергиясиядан маҳрум қилиб, устунликка эришмоқчи. Бу террорчиларнинг охирги умиди”.
Кеча Украина бош штаби Россия армияси ракеталар, артиллерия ҳамда дронлар ёрдамида Украина шарқи ва жанубидаги нишонларга зарба берганини хабар берди.
Владимир Зеленский G7 йиғилишида онлайн чиқиш қилди. Зеленский Россия босқинига қарши замонавий танклар, артиллерия ва узоқ масофали ракеталар зарурлигини таъкидлади. Катта “еттилик гуруҳи” “Украинанинг мазкур шошилинч талабларини қондиришга” ваъда берди.
Зеленский, шунингдек, G7 етакчиларидан Украинадаги жорий энергия тақчиллиги даврида Киевга қўшимча 2 миллиард куб метр табиий газ етказиб беришни сўради. Россиянинг Украина энергия иншоотларига навбатдаги зарбаларидан сўнг миллионлаб одамлар совуқда элeктрсиз қолмоқда.
Донецкнинг Россия босиб олган ҳудудлари раҳбарининг билдиришича, ҳозирда минтақанинг 50 фоизи Москва назорати остида
Донецк Халқ Республикаси деб аталган ҳудуд Украинанинг тўрт вилоятидан бири бўлиб, Москва сентябрь ойида бу ҳудудни “сохта” референдум орқали Россияга қўшиб олган эди.
"Донецк Халқ Республикаси ҳудудининг 50% дан ортиқ қисми озод қилинди", деди Донецкнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Денис Пушилин:
"Агар озод қилинган аҳоли ҳудудларига тўхталадиган бўлсак, рақамлар анча катта. Озод қилинган ҳудудлар аҳолиси озод қилинмаган ҳудудларникидан анча кўп. Бироқ бизнинг асосий мақсадимиз Донецк Халқ Республикасининг конституциявий чегараларига кирувчи бутун ҳудудини озод қилиш. Бизнинг қўшинларимиз буни имкон қадар тезроқ амалга ошириш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда”.
Рейтерс Денис Пушилин келтирган маълумотни мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Минтақада шиддатли жанглар давом этар экан, Донецкнинг Россия ва Украина назоратидаги қисмлари аниқ эмас.
Россия мудофаа вазирлиги Донецкади Украина позицияларига ҳужум натижасида 30 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилар экан, босқичма-босқич олға силжиётганини даъво қилди.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россия Бахмут ва Авдиевкани қўлга киритиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттираётганини маълум қилди.