Нидерландия Бош вазири: Сафарбарлик фармони - Кремлнинг ваҳимага тушгани белгиси
Путиннинг қисман сафарбарлик ҳақидаги фармони Кремлнинг ваҳима ва саросимага тушганидан далолатдир. Бу ҳақда Нидерландия Бош вазири Марк Рютте таъкидлади.
"Сафарбарлик қилиш, Донецкда референдум ўтказишга чақириқлар, буларнинг барчаси ваҳима ва саросима аломатлари. Унинг ядровий қурол ҳақидаги риторикасини биз аввал ҳам кўп эшитганмиз. Биз билган риторика. Мен хотиржам бўлишни маслаҳат берган бўлардим", деди Рютте.
Британия вазири: Путиннинг ҳаракатлари - босқин барбод бўлганини тан олишдир
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинишига изоҳ берди.
“Президент Путиннинг ўз аҳолисининг бир қисмини сафарбар қилмаслик ҳақидаги ўваъдаларини бузиши, шунингдек, Украинанинг бир қатор ҳудудларини ноқонуний қўшиб олишга уриниши, унинг босқини барбод бўлаётганини кўрсатади. У ва унинг Мудофаа вазири ўн минглаб фуқароларини қуролсиз ва ёмон қўмондонлик остида ўлимга жўнатган. Ҳеч қандай таҳдид ёки ташвиқот Украина ғалаба қозонаётганини яшира олмайди. Халқаро ҳамжамият бирлашди ва Россия халқаро майдонда яккамаҳовга айланмоқда ", деб ёзди Бен Уоллес.
АҚШнинг Украинадаги элчиси: Путиннинг сафарбарлиги Россиянинг заифлигидан далолат
АҚШнинг Киевдаги элчиси Брижит Бринкнинг сўзларига кўра, Россия раҳбариятининг сўнгги қадамлари уларнинг нақадар оғир аҳволда эканидан далолат беради.
"Сохта референдумлар ва сафарбарлик Россиянинг заифлиги, муваффақиятсизлигидан далолатдир. Қўшма Штатлар Россиянинг Украина ҳудудларини қўшиб олиш даъволарини ҳеч қачон тан олмайди. Биз Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашда давом этамиз", - деб ёзади Бринк Твиттерда.
Харьков ўққа тутилди
Чоршанбага ўтар кечаси рус қўшинлари Харьковга, бу сафар Холодногорск вилоятига ракета зарбалари берди. Украина расмийларига кўра, бир неча турар-жой бинолари вайрон бўлган, камида бир киши жароҳатланган. Қутқарувчилар вайроналар остидан 10 нафар маҳаллий аҳолини олиб чиқди.