Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2022, Тошкент вақти: 19:12

Кремл Украинанинг босиб олинган ҳудудларини аннексия қилишга ҳозирланмоқда. Уруш хроникаси

Урушнинг 218-куни

30 сентябрь куни Кремлда “янги ҳудудларнинг Россия таркибига киритилиши” тўғрисидаги шартномалар имзоланади. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

АҚШ 28 сентябрь куни Украинани қурол билан таъминлаш доирасида 1,1 миллиард долларлик кўмак кўрсатилишини билдирди.

Украина Росгвардия ходимларини Киев яқинидаги Гостомель шаҳрида қатлиомни амалга оширганликда айбламоқда.

Москвада 30 сентябрь куни аннекцияни қўллаб-қувватловчи митинг ўтказилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Россияни Украинанинг босиб олган ҳудудларида ўтказган сохта референдумларини қоралади.

Владимир Зеленский Кремл бошчилигидаги референдумларни “майнавозчилик” деб атади.

Қўшма Штатлар Украина шарқида ўтказилган референдумларни қораловчи резолюция қабул қилади.

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ўз фуқароларини зудлик билан Россияни тарк этишга чақирди.

Кремл 28 сентябр куни Украинадаги “махсус ҳарбий операция” Россия Украина шарқидаги Донецк вилоятини тўлиқ назоратга олмагунча давом этиши кераклигини билдирди.

Денгиз остидан ўтувчи “Шимолий оқим 1” ва “Шимолий оқим 2” қувурларидаги авария руслар диверсияси деб тахмин қилинмоқда.

Оқ Уй: Украинадаги урушда қатнашишни истамаган вмобилизациядан яшириниб юрган Россия фуқаролари АҚШдан бошпана олиши мумкин.

16:39

30 сентябрь куни Кремлда Украинанинг 4 вилоятини аннексия қилиш ҳақидаги ҳужжатлар имзоланади

30 сентябрь куни Кремлда “янги ҳудудларнинг Россия таркибига киритилиши” тўғрисидаги шартномалар имзоланади. Бу ҳақда Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Бу ерда гап яқинда сохта референдумлар ўтказилмиш Украинанинг ишғол этилган Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳақида бормоқда. Украина ва Ғарб мамлакатлари ҳеч қачон бу аннексияни тан олмасликлари ҳақида билдиришган.

Маълумотларга кўра, Давлат думаси депутатлари жума куни соат 15.00 га Кремлга таклиф этилган. Песковнинг айтишича, ҳужжатлар имзоланишидан аввал Путин депутатлар олдида чиқиш қилади.

Шартномалар айирмачи ЛХР ва ДХР раҳбарлари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларининг Москва томонидан тайинланган бошлиқлари билан имзоланади. Худди шу каби ҳолат 2014 йил март ойида кузатилган эди – ўшанда Путин депутатлар ва Федерация кенгаши аъзолари олдида чиқиш қилганидан кейин Қрим аннексиясига оид ҳужжатлар имзоланган.

07:42

АҚШ Украинага яна 18 та HIMARS ракета тизимини беради

АҚШ 28 сентябрь куни Украинани қурол билан таъминлаш доирасида 1,1 миллиард долларлик кўмак кўрсатилишини билдирди. Пентагоннинг билдиришича, ёрдам 18 та HIMARS ракета тизими ва унга керакли ўқ-доридан, 150 та зирхли техника, буксирлаш учун 150 та тактик транспорт воситаси ва Россия Украинада қўллаётган Эрон дронларидан ҳимоя қилувчи системалардан иборат бўлади.

AFPнинг хабар беришича, Россия Украинага бостириб кирган 24 февралдан то шу кунгача АҚШ украин армиясига 16 миллиард доллардан кўпроқ ҳарбий ёрдам кўрсатди.

Украина ҳарбий қўмондонлиги, хориж разведкалари ва ҳарбий экспертлар бир неча марта июль ойидан бери украин армиясига етказиб берилаётган HIMARS ракета тизимлари жанговар ҳаракатларга сезиларли таъсир кўрсатаётганини таъкидлашган. Украина ҳукумати урушда туб ўзгариш яратиш учун бу каби ракета тизимларидан яна 200 та зарур эканини билдирган.

07:19

Украина Росгвардияни Гостомелда қатлиомни амалга оширганликда айбламоқда

Украина хавфсизлик хизмати, прокуратураси ва полицияси Кемерово вилояти ҳамда Красноярск ўлкасида хизмат қилган Росгвардия ходимларини Киев яқинидаги Гостомель шаҳрида қатлиомни амалга оширганликда айбламоқда.

Украина томонининг билдиришича, Россия бостириб кирганининг эртаси куни, яъни 25 февралда Росгвардиячилар «Киевни эгаллаш бўйича жанговар топшириқни бажара олмай» Гостомель шаҳрига чекинган. Улар Гостомелда олти соат давомида «эвакуация қилинаётган тинч аҳоли кетаётган автомашиналарни ўққа тутган». Украина бунинг исботи сифатида кузатув видеокамераларидан олинган видеоларни келтирмоқда.

Полиция отишмада тинч аҳолидан 11 киши, хавфсизлик хизмати эса 5 киши ҳалок бўлганини, бир неча киши яраланганини билдирмоқда.

Украина матбуоти қатлиомда айбланаётганлардан айримларининг исмларини эълон қилди. Украин матбуотининг ёзишича, улар Красноярск ўлкаси бўйича ОМОН командири Сергей Казеичев, унинг ўринбосари Сергей Вейкколлайнен, ОМОН ходимлари Никита Гадаев ва Алексей Малахаев, Красноярск ўлкаси бўйича Росгвардия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Олег Потопальскийдир.

Россия ҳукумати ва айбланувчилар бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.

06:55

Москвада 30 сентябрь куни аннекцияни қўллаб-қувватловчи митинг ўтказилади

Москва марказида 30 сентябрь куни қатор кўчалар ва Кремль атрофидаги ҳудудлар ҳаракат учун вақтинча ёпилади. Бу ҳақда хабар берган Москва транспорт департаменти кўчаларнинг ёпилиши сабабларини айтмаган.

РБК Давлат думаси ва Москва мэриясидаги манбаларига таянган ҳолда, 30 сентябрда пойтахт марказида ҳокимият Украинанинг босиб олинган ҳудудларини Россияга қўшиб олиш борасида халқаро ҳамжамият тан олмаган “референдум”лар натижаларини қўллаб-қувватлашга бағишланган митинг ўтказишини хабар қилди. ТАСС митинг Қизил майдонда ўтишини ва унда президент Владимир Путин иштирок этишини ёзди.

Аввалроқ РИА Новости ўз манбаларига таянган ҳолда 30 сентябрда Путин Давлат думасида Украинанинг тўрт вилоятини аннекция қилинганини эълон этиши кутилаётганини хабар қилганди. Кремль ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG