АҚШ генерали: Украина Россиянинг камида 55 та самолётини йўқ қилди
Россия Украина осмонида ҳарбий устунликка эриша олмади, деб ҳисобламоқда АҚШ генерали.
АҚШнинг Европа ва Африкадаги ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал Жеймс Хекер Россия уруш бошлаганидан бери Украинада камида 55 та самолётини йўқотгани ҳақида маълум қилди. Унга кўра, камида 5 самолёт аэродромларда йўқ қилинган.
Генерал фикрича, катта йўқотишлар ортидан Россия Украина осмонида ҳарбий устунликка эриша олмаяпти. Шунинг учун ҳарбий ҳаракатларда рус қирувчи ва бомбардимончи самолётлари катта аҳамиятга эга бўлмаяпти.
АҚШ қўмондони Украина Россия самолётларини йўқ қилишда Совет Иттифоқи пайтида ишлаб чиқарилган С-300 ва "Бук" мудофаа тизимлардан фойдаланаётганини таъкидлади. Киев Шарқий Европа давлатларидан ҳаводан мудофаа учун айнан мана шу тизмларни етказиб беришни илтимос қилаётир.
Жеймс Хекер Россия Украина осмонида ҳарбий устунликка эриша олмагани америкалик кузатувчилар учун ажабланарли ҳол бўлганини айтди. Чунки АҚШ экспертлари Россия биринчи навбатда украин осмонини ўз назоратига олишини башорат қилишганди.
АҚШ экспертларига кўра, айни пайтда Украина ўз ҳарбий самолётларининг 80 фоизини сақлаб қолган ва улардан ҳаводан зарба беришда самарали фойдаланмоқда.
Генерал Хекерга кўра, Россия украин зенит тизимларини йўқ қилишга эътибор қаратмагани оқибатида “асосий стратегик хато”га йўл қўйган. Украина август ойидан бошлаб АҚШнинг радиолокацияга қарши AGM-88 ракеталарини олмоқда. Бу ракеталар Украинанинг Су-27 ва Миг-29 қирувчи самолётларига ўрнатилмоқда. Бу ракеталардан Россия зенит тизимларини йўқ қилишда фойдаланилмоқда.
Туркиянинг энг йирик банки “Мир” карталари билан ишлашни тўхтатди
Туркиядаги энг йирик Iş Bankası Россиянинг “Мир” тўлов тизими билан ишлашни вақтинча тўхтатганини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ёзди. РИА “Новости” DenizBank ҳам “Мир” карталари билан ишлашни тўхтатгани тўғрисида хабар берди.
Агентликларнинг билдиришича, ижтимоий тармоқларда Туркиянинг қатор меҳмонхоналари ҳам “Мир” картасини қабул қилишдан бош тортаётганлари тўғрисида маълумотлар пайдо бўлмоқда. Россия туроператорлари ассоциацияси Туркияга бормоқчи бўлган туристларга ўзлари билан нақд пул олиб боришни тавсия этмоқда.
Яқин орада Туркиянинг Vakıfbank, Ziraat Bank, Iş Bank и Halkbankлари ҳам “Мир” тўлов тизими билан ишлашни тўхтатиши кутилмоқда.
Кремль Изюмда оммавий қабр бўйича Киев баёнотини “уйдирма” деб рад қилди
Украин ҳарбийлари Харьков вилоятидаги аҳоли масканларини озод қилганидан сўнг оккупация даврида тинч аҳоли ўлдирилганига оид дастлабки далиллар ўртага чиқа бошлади.
Хусусан, ўтган ҳафтада Изюм шаҳри қабристони яқинидаги номсиз қабрларга оммавий дафн қилинганларни эксгумация қилиш ишлари бошланди. Дастлабки маълумотларга кўра, у ерда ўз ажали билан ўлганлар ҳам, вайронагарчилик ёки очликдан ўлганлар ҳам кўмилган. “Грати” нашри у ердан топилган бир эркак жасади ҳақида мақола эълон қилди – у қийнаб ўлдирилгани айтилмоқда.
“Бу Бучадаги сценарийнинг ўзгинаси. Бу ерда ҳам барчаси ўша сценарий бўйича давом этяпти. Ва булар бари уйдирма, турган гапки, биз бу воқеаларда ҳақиқатни ҳимоя қиламиз”, деди Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Харьков вилоятидаги Россия оккупацияси оқибатларига доир янги далиллар ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
2022 йилнинг баҳорида Киев вилоятида, жумладан Бучада Россия ҳарбийлари тинч фуқароларга зўравонлик қилгани ва ҳатто уларни қатл этганига доир кўплаб далил-исботлар эълон қилинганига қарамай, Кремль ҳамда Россия расмийлари буларнинг барини “фейк” ва “томоша” дея иддао қилишмоқда.
Зеленский: Россия бутун дунёни хавф остига қўймоқда
Украина президенти Владимир Зеленский ўз телеграм-каналида Жанубий Украина АЭСнинг ўққа тутилиши ва бунинг оқибатлари акс этган кадрларни ёйинлади.
Фотосуратларда ойнаси тўкилиб тушган деразаларни кўриш мумкин.
“Босқинчилар яна ўққа тутди, лекин улар атом станцияси нималигини унутиб қўйишди. Россия бутун дунёни хавф остига қўймоқда. Фурсат ўтмасдан уни тўхтатиш керак”, деб ёзди давлат раҳбари.
“Энергоатом” агентлигига кўра, АЭС Россия армияси томонидан ўққа тутилган.
Ширкат телеграм-каналида Николаев вилоятида, Жанубий Буг дарёси бўйида жойлашган Жанубий Украина АЭСнинг саноат зонаси ярим кечага яқин ракета ҳужумига учрагани айтилган. Ракета ядро реакторларидан 300 метр нарига тушгани айтилмоқда.
Портлашдан ҳосил бўлган зарба тўлқини АЭС биносига шикаст етказган, 100 дан ортиқ дераза ойналари чил-чил синган. Снаряд тушган жойда диаметри 4 ва чуқурлиги 2 метрга тенг ўра пайдо бўлган. Бундан ташқари, Жанубий Украина энергомажмуаси таркибига кирувчи Александров ГЭС гидроагрегатларидан бири ўчиб қолган.
“АЭСдаги уч энергоблокнинг барчаси доимги режимда ишламоқда. Хайриятки, станция персонали орасида жабрланганлар йўқ”, дейилади хабарномада.