Путин ва Си Цзинпиннинг Самарқаддаги учрашуви
Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг Украинадаги вазият борасида хавотирларини тушунишини айтди. Путин шу билан бирга Хитой раҳбарини можаро бўйича “мувозанатли” позицияси учун мақтади.
Икки давлат раҳбарлари пайшанба куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида учрашди. Бу икки етакчининг Украинадаги уруш бошланганидан кейинги илк юзма-юз учрашуви бўлди.
Учрашувда Хитой раҳбари “қадрдон дўстини” яна кўрганидан мамнунлигини билдирган. Путин АҚШнинг бир қутбли дунёни яратишга уринишлар муваффақиятсизликка учрашини айтган. Хитой президенти шу пайтгача омма олдидаги чиқишларида Украинани тилга олмаган.
Хитой давлат телерадиокомпаниясига кўра, Хитой Россияга ўзининг асосий манфаатлари билан боғлиқ масалаларда астойдил ёрдам беришга тайёр.
Цзинпин ва Путин охирги марта, 24 февралдаги босқиндан бир неча ҳафта олдин шахсан учрашган ҳамда Ғарбга қарши бирга туришга ва ҳамкорлик қилишга келишиб олган эди.
АҚШ президенти Жо Байден Украина учун 600 млн долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлади
Reuters агентлигига кўра, ҳарбий ёрдам HIMARS ракета тизимлари, тунда кўриш жиҳозлари, миналардан тозалаш машиналари, артиллерия снарядлари ва бошқа қурол-аслаҳаларни ўз ичига олади.
Шунингдек, янги пакет доирасида америкалик мутахассислар украин ҳарбийларини тайёрлаш билан шуғулланади. АҚШ 24 февралдан бери Украинага жами қарийб 15 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди.
Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляен эса, Рейтерга берган интервьюсида Украинани қўллаб-қувватлаш қимматга тушади, аммо эркинлик “бебаҳо”, дея таъкидлади.
Киевда туриб сўзлаган фон дер Ляен хоним блок Украинани қувватлашда қатъиятли бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидлади. ЕИ аъзо давлатлари ўртасида Россияни босқинчилиги учун қандай жазолаш борасида келишмовчиликлар пайдо бўла бошлади.
Европада ривожланаётган энэргетика инқирозининг Киевни қўллаб-қувватлашга таъсири ҳақида сўралганда, фон дер Ляен Украина ёнида туриш “қимматга тушади, аммо бизнинг эркинлигимиз, халқаро тинчлик тартиби ва демократия бебаҳо”, дея жавоб берди:
"Ҳа, бу жуда қимматга тушишини яхши тушунамиз. Аммо бизнинг эркинлигимиз, халқаро тинчлик тартиби ва демократия бебаҳодир. Қўшимча қилиб шуни айтмоқчиманки, автократия эмас, демократия ғалаба қозонади. Мен Украина ва Европа, демократик давлатлар ғалаба қозонишига қатъий аминман”.
Европа Иттифоқи бу йил Украинани қўллаб-қувватлаш учун ўз тарихида биринчи марта Европа тинчлик жамғармаси орқали Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштирди.
“Украина ўз мудофааси учун зарурий барча ҳарбий имкониятларга эга бўлиши ҳар доимгидан ҳам муҳим”, деди фон дер Ляен.
Ўтган тунда Россия ҳарбийлари Днепропетровск вилоятини ҳам ўққа тутишди
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченкога кўра, Никополь ва Кривой Рог туманлари ҳужумга учраган. Жами тўртта обшчина “Град” ва оғир артиллерия қуролларидан ўққа тутилгани айтилмоқда.
Россиянинг РИА Новости агентлиги эса, уларнинг назорати остидаги Херсон шаҳри марказига ракета зарбалари берилганини билдирмоқда.
Агентликка кўра, зарба Херсон вилояти маъмурияти биносига йўлланган ва натижада оккупация маъмурияти томонидан тайинланган бандлик департаменти бошлиғи яраланган, унинг ҳайдовчиси ўлган.
Херсон вилояти оккупацион маъмурияти бошлиғининг ўринбосари ракета ҳужуми вақтида бинода ҳудудий раҳбарлар йиғилиши бўлаётганини маълум қилган.
Россияпараст маъмурият раҳбари Кирилл Стремоусовга кўра, зарба Украина томонидан HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизими орқали йўлланган.
«Кабинетимга бешта HIMARS учиб кирди. Тинч аҳолидан бир киши ўлди. Ҳозирча бошқа ҳеч нима дея олмайман», деган у "Интерфакс" мухбирига.
Озодлик уруш шароитида ушбу маълумотларни оператив текшириш имконига эга эмас.
Путин ошпази маҳкумларни Украинага урушга ёллаётган видео тарқалди
Алексей Навальний жамоаси ўз телеграм-каналида Россиядаги қамоқхоналардан биридан олинган видеони ёйинлади: унда Владимир Путинга яқинлиги билан танилган тадбиркор ва ошпаз Евгений Пригожин маҳкумларни Украина урушига аскарликка ёлланишга тарғиб этаётгани айтилади.
Видеоёзув, афтидан, мобил телефонда ёки қамоқхона нозирлари кўкрагига тақиб юрадиган видеорегистраторда тасвирга олинган. Шунингдек, сифати унчалик юқори бўлмаган ва айрим қисмлари монтаж қилинган ушбу кадрлардаги одам айнан Пригожин экани ҳам шак-шубҳасиз эмас, бироқ маҳкумларни аскарликка ёлланишга ундаётган кимсанинг ташқи кўриниши ва овози, дарҳақиқат, тадбиркор Евгений Пригожинникига жуда ўхшайди.
Видеода Пригожинга ўхшаш одам маҳкумлар кийимидаги эркаклар қаршисида турганча ўзини “Вагнер” хусусий ҳарби ширкати вакили деб таништиради ва урушда вазият жуда оғир экани урушга жўнатиш шартлари ҳақида сўзлаб беради:
Бу уруш ҳеч қандай чечен уруши ўхшамайди. Биз Сталинград жангига қараганда икки ярим баравар кўп ўқ-дори сарфлаяпмиз. Бизга ким керак? Бизга фақат “ҳужумчилар” керак. Йигитларимнинг 60 фоизи ҳужумчи ва сиз улардан бири бўласиз. Сиз биздан фарқ қилмайсиз. ...
Ўлганлар масаласида. Жасадлар васиятномангизда кўрсатган жойга олиб кетилади. Қариндошларингизга етказишади - ёки сиз айтган жойда дафн қилишади. Ҳар бири ўз шаҳарларидаги Қаҳрамонлар хиёбонига дафн этиляпти. Ким қаерга дафн қилишни билмаса - биз Горячий Ключдаги Вагнер компанияси ибодатхонаси ёнига дафн қиламиз. Ундан кейин. Олти ойдан сўнг, авф олгандан сўнг, уйга кетасиз. Биз билан қолишни истаганлар биз билан қолади. Шунинг учун, зонага қайтиш вариантлари йўқ. Биринчи куни келиб "Мен хато келибман", деганларга биз "дезертир" белгисини қўямиз ва шундан кейин отиб ташлаймиз.
Унинг айтишича, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга розилик берадиган маҳкумлар фронтнинг олдинги чизиғида олти ой бўлади; аскарликка ёлланувчи 22 ёшдан кичик бўлса, қариндошларининг ёзма розилиги керак; хизмат даврида мародёрлик, маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш, маҳаллий аҳоли билан “жинсий алоқалар”га киришиш, шунингдек “чекиниш ва асирга тушиш” ман этилади.
Пригожиннинг қиёфадоши видео охирида бир қарорга келиш учун маҳкумларга беш дақиқа фурсат берар экан, шундай дейди: “Сизларни қамоқдан чиқариш кимнинг қўлидан келади? Бунга қодир бўлганлар иккита – Аллоҳ билан Худо, лекин улар ҳам фақат жасадингизни олиб чиқа олади. Мен эса тирик ва соғ-саломат олиб чиқиб кетаман, лекин тирик қайтишингизга ваъда беролмайман”.
Аввалроқ ОАВлар Россияда маҳкумлар Украина ҳудудида жанг қилишга тарғиб қилинаётгани ва бу иш билан Евгений Пригожин шахсан шуғулланаётгани ҳақида бир неча бор хабар тарқатган эди. Хусусан, у Иваново вилоятидаги учта колонияга бориб, 650 нафар маҳкумни ёллагани, шунингдек Ростов вилоятидаги икки қамоқхонага борганидан сўнг “Вагнер” ХҲШга қарийб бир ярим минг чоғли янги аскар қўшилгани тўғрисида маълумотлар бор. Нашрларда ёзилишича, гўё Пригожин маҳкумларга “украинларни истаган куйингизга солишингиз мумкин, бунинг учун сизларга ҳеч нарса бўлмайди”, деб айтган.