А.Арестович: Россия босқинчилари фронтнинг 20 км участкасидагина ҳужум қилишга уринаётган
Бахмут ҳудудидаги фронтнинг 20 км участкаси Россия босқинчилари ҳужум қилишга уринаётган ягона жой. Бу ҳақда Украина президенти маъмурияти маслаҳатчиси Алексей Арестович маълум қилди.
- Улар катта ресурсларни у ерда жамлаган, босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда, чунки ҳеч бўлмаганда операцион муваффақиятга эришиш керак... Эслатиб ўтаманки, фронт узунлиги 1390 км ташкил этади. Бу фронтнинг 20 км қисмидагина улар ҳужумга ўтишга уринмоқда, деди блогер Фейгин эфирида президентт маслаҳатчиси.
Шу билан бирга, Арестовичнинг сўзларига кўра, русларнинг Бахмут ҳудудидаги муваффақиятлари ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатдан йироқ.
Озод этилган Изюмда В.Зеленский Украина байроғини кўтарди
14 сентябр куни украиналик десантчилар томонидан озод қилинган Изюмда Украина байроғи кўтарилди. Тадбирда Украина президенти Владимир Зеленский, Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ва бошқа расмийлар иштирок этди. Тадбир жангларда ҳалок бўлган украин аскарларини хотирлаш дақиқаси билан бошланди.
10 сентябр куни шаҳар рус босқинчиларидан озод қилинди.
25-алоҳида десант-десант бригадасининг хабар беришича, Украина Президенти озод қилинган Украина ерлари учун аскарларга миннатдорчилик билдирди ва Украина байроғини тантанали равишда шаҳар кенгаши тепасига кўтарди.
Украина армияси озод этилган ҳудудларда россиялик ўқитувчиларни қўлга олди
Украин қўшинларининг қарши ҳужуми чоғида ушланган россиялик ўқитувчилар Жиноят кодексининг уруш қонунлари ва одатларини бузиш ҳақидаги 428-моддасига асосан суд қилинади, деди бош вазир ўринбосари Ирина Верешчук.
Купянскда ўқитувчилар қўлга олингани тўғрисида 10 сентябрь куни “24-канал” разведкадаги ўз манбасига таяниб хабар тарқатган эди. Манба рус ҳарбийлари шаҳардан чекинар экан, ўқитувчиларни унутганини айтган.
“Улар бизнинг давлатимизга қарши жиноят содир этишди. Украина ҳудудига келиб, бу ерда ноқонуний фаолият олиб боришга розилик берган Россия фуқароларини кўп марталаб огоҳлантирганмиз. Жазо чорасини суд белгилайди. Аммо уларга ҳеч ким ҳарбий асир деб қарамайди, чунки улар комбатантлар эмас, ҳарбий асир бўлмаганларни айирбошлаш Женева конвенциясида назарда тутилмаган”, дея таъкидлади Верешчук.
Ўқитувчилар 8 йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қўлга олинган россиялик ўқитувчилар сони ва уларнинг исм-фамилиялари очиқланмаган.
Россия маориф вазири Кравцов босиб олинган ҳудудларда дарс берган россиялик ўқитувчилар “ҳозирда Россия ҳарбийлари назоратидаги ҳудудларда” эканини айтди.
Оккупация маъмуриятининг исми сир тутилган вакили эса “Интерфакс” агентлигига “Купянскда Россия дастури бўйича дарс бергани учун жавобгарликка тортиш мумкин бўлган россиялик ўқитувчилар бўлмаган”ини билдирган.
БМТ: Украинада 5827 нафар тинч аҳоли нобуд бўлди
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари маълумотига кўра, Россия бостириб кирган 24 февраль санасидан бери Украинада 5 827 нафар тинч фуқаро ўлган, яна 8 421 киши яраланган.
Ташкилот аниқлаштиришича, ўлганлардан 2 270 нафари эркаклар, 1 559 нафари аёллар, 153 нафари – қиз ва 187 нафари ўғил болалардир. Шунингдек, 35 нафар бола ва 1 632 катта ёшли киши жасадларининг жинси аниқланмаган.
Аксар марҳумлар катта майдонга зарба берадиган оғир қуроллар қўлланиши оқибатида ҳалок бўлганлар. БМТ ўлганлар ва жабрланганларнинг ҳақиқий сони анча кўплигини урғуламоқда.
Экспертлар айнан қанча одам жабрланганини аниқ айта олишмайди, чунки ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган ҳудудлардаги қурбонлар сонини билиш ҳозирча имконсиз. Бундан ташқари, ҳали тасдиқланмаган маълумотлар ҳам бор.