Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 01:04

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

18:15 2.9.2022

Украина қуролли кучлари қарши ҳужумни давом эттирмоқда

2 сентябрга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари босиб олинган Мелитополь шаҳридаги Россия армиясига оид икки манзилга зарба берган.

Бу ҳақда шаҳар мэри Иван Фёдоров маълум қилди. Унинг айтишича, украин ҳарбийлари аэродром яқинидаги ўқ-дори омборини йўқ қилганлар.

“Зарба шу қадар аниқ бўлдики, ўқ-дорилар портлаши бир неча соат давом этди”, деб ёзди у телеграмда.

Уруш шароитида томонлар бераётган бу маълумотларни мустақил равишда текшириш имкони бўлмаётир.

18:16 2.9.2022

“Энергоатом”: экспертлар Запорожье АЭСнинг кризис марказига киритилмади

Украинанинг “Энергоатом” ташкилоти АЭХА гуруҳининг Запорожье АЭСга сафари қандай ўтгани ҳақида маълумот берди:

Энергоблокларнинг машина залларида ростдан ҳам ҳарбий юк машиналари турибди. Аввалроқ бу машиналар акс этган видеолар ҳақиқийлигини Reuters ва BBC тасдиқлаган эди. Оккупация “маъмурияти” экспертларга уларни кимёвий ҳимоя қўшинларига қарашли техникалар сифатида тақдим этмоқда.

Россия томони делегация ишига монелик қилмасликка ваъда берганига қарамай, экспертлар Запорожье АЭСнинг кризис марказига киритилмаган. “Энергоатом”нинг маълум қилишича, у ерда халқаро вакилларининг кўзидан пана қилинган ҳарбийлар бўлган. Бунинг устига, станция ишига фақат оператив персонал жалб қилинган.

АЭХА делегацияси келган куни Энергодарда мобил алоқа ва интернет ўчирилган.

Запорожье вилоятининг босиб олинган қисмидаги “маъмурият” халқаро атом агентлиги экспертларининг кўзини бўяш учун “томоша” уюштиришгани айтилмоқда: ўзини маҳаллий аҳоли вакиллари, деб танитган бир неча киши экспертларга Украина армияси уларнинг уйларини бомбалаётганидан шикоят қилган.

Россия давлат агентликлари ёйинлаган видеода икки эркак агентлик раҳбари Рафаэл Гроссининг ёнига келиб, Украина ҳужумларини тўхтатишни сўраб 20 минг киши имзо чеккан хатни топширгани акс этган.

Уруш шароитида Россия ва Украина томонлари бераётган бир-бирига қарама-қарши бу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Халқаро атом энергияси агентлиги экспертлари заводга етказилган зарарни, хавфсизлик тизимларининг ишлаши ва ходимларнинг ҳолатини баҳолайдилар. Гросси, миссия ўрганишлар бўйича ҳисобот берилишини айтди.

18:17 2.9.2022

АЭХА: экспертлар текширув тугамасдан “ҳеч қаерга кетмайди”

Запорожье АЭСга етиб борган Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) гуруҳи заводни кўздан кечирди. АЭХА раҳбари Рафаэл Гросси, ўз жамоаси текширув тугамасдан “ҳеч қаерга кетмаслигини” айтди.

Гросси бошчилигидаги миссиянинг бир неча аъзоси Украина назорати остидаги ҳудудга йўл олган, 5 эксперти заводда қолган, дея хабар берди Украина давлат атом компанияси.

Россия назорати остидаги “маъмурият” Атом энергияси бўйича халқаро агентлик миссияси билан бирга борган мустақил журналистларни заводга киритмади.

Украина президенти Зеленский агентлик бош директори Киевда эканида, мустақил журналистларни АЭС ҳудудига олиб бориш хусусида у билан келишганини айтганди:

“Афсуски, бу иш бўлмади. Ҳолбуки, ваъда беришган эди. Босқинчилар журналистларни ўтказишмай, ўз пропагандачилари билан томоша кўрсатиб беришди. Афсуски, агентлик вакиллари мустақил журналистларни ҳимоя қилишмади. Россия рад этишига қарамай Энергодар шаҳри ва станция ҳудудини ўққа тутгани айни ҳақиқат. Миссия станциядаги вазиятдан келиб чиқиб, объектив хулосалар чиқаришига умид қиламиз”.

Зеленский агентлик миссияси Запорожье АЭС демилитаризация қилиниши кераклиги хусусида чақириқ билан чиқишини, шунингдек станциядаги вазиятдан “холис хулоса” чиқаришига умид қилаётганини айтди.

Россия заводни уруш бошида эгаллаб олган. Ҳозирга келиб жанубий ҳудудлар, Украина қарши ҳужумларининг асосий нуқтасига айланди.

Аммо, Россия ва Украина бир-бирини завод ҳудудини ўққа тутганликда айблаб келмоқда. Киев, Москвани завод ҳудудидан ўз ҳарбийлари учун қалқон сифатида фойдаланишда айбламоқда. Москва эса буни рад этиб, қўшинларни АЭСдан олиб чиқмаслигини билдирган.

АЭХА миссияси Запорожье АЭСга 1 сентябрь куни борган.

14:28 3.9.2022

Краматорскда Россия ҳужумидан улгуржи озиқ-овқат дўкони вайрон бўлди

Украиналик ўт ўчирувчилар Краматорскда Россия кучлари ракета зарбасидан сўнг вайрон бўлган улгуржи озиқ-овқат дўконида ёнғинни ўчирмоқда.

Донецк вилояти губернатори сўзларига кўра, Россия ракеталари шанбага ўтар кечаси Краматорскга урилган, улгуржи бозор ва тўққизта автомобилни вайрон қилган, бир киши яраланган.

Украина август ойида Донецкнинг шарқий ҳудуди ва бошқа фронтга яқин ҳудудлардаги ўзи назорат қилган ҳудудлардан қишгача аҳолининг учдан икки қисмини эвакуация қилишни мақсад қилганини билдирган эди.

Расмийлар эвакуацияни “мажбурий” деб таърифламоқда, бироқ аҳоли қолиш нияти ҳақида анкетани тўлдириб, кўчишдан воз кечмоқда.

Россия феврал ойида уруш бошлаганидан бери ракеталари Украина бўйлаб турар-жой ҳудудларига қайта-қайта зарбалар берган. Буни тасдиқловчи инкор этиб бўлмайдиган далилларга қарамай Россия тинч аҳоли пунктларини нишонга олганини бир неча бор рад этиб келади.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG