Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2025, Тошкент вақти: 06:20

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

18:25 27.8.2022

Россия улкан ҳажмдаги газни исроф қилмоқда

Россия Европа Иттифоқи давлатларига газ етказиб беришни кескин қисқартирган бир пайтда Финляндия чегараси яқинидаги Ленинград вилояти ҳудудида улкан ҳажмдаги табиий газ исроф қилинаётгани ўртага чиқди.

Норвегияда жойлашган Rystad энергетика бўйича консалтинг ширкати таҳлилчилари буни экологик фалокат деб таърифладилар.

Атмосферага ёқиб юборилаётган газ миқдори Европа Иттифоқининг кунлик эҳтиёжининг тахминан ярим фоизига тенг эканлиги тахмин қилинмоқда.

Улкан олов Болтиқ денгизи остидан Германияга ўтадиган "Шимолий оқим 1" газ қувурининг компрессор станцияси жойлашган ҳудудда сунъий йўлдош суратларида кўриш мумкин.

Россия “Шимолий оқим 1” орқали газ узатиш қувватини 20 фоизигача қисқартирди ва турбиналарга техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар сабаб уни келаси ҳафтада уч кунга бутунлай тўхтатишни режалаштирмоқда.

Европа Иттифоқи Россияни газдан Украина бўйича Ғарб санксияларига қарши курашда қурол сифатида фойдаланганликда айблайди.

Оловни ёқиш нефть ва газ қазиб олишда кенг тарқалган амалиётдир, аммо ҳозирги даража жуда юқори.

Россия энергетика гиганти “Газпром” изоҳ сўровига жавоб бермади.

Rystad таҳлилчиларига кўра, "ёқилаётган газ ҳажмини аниқлаш қийин, аммо тахминларга кўра кунига 4, 34 миллион куб метрни ташкил қилади. Бу йиллик ҳисобда 1, 6 миллиард куб метрга тўғри келади ва Европанинг газга бўлган талабининг тахминан ярим фоизига тенг".

Россия атмосферага зарарли газ чиқариш бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди. Президент Владимир Путин ўз давлати 2060 йилдан кечиктирмай углероддан холис бўлишга интилишини айтган, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар Москвани бу мақсадни кечиктирмасликка ундамоқда.

“Газпром” йил бошидан август ойи ўрталаригача табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 13 фоиздан кўпроққа қисқартириб, 275 миллиард куб метрга етказишини билдирган.

Унинг собиқ Совет Иттифоқидан ташқарига газ экспорти Украина бўйича Ғарб билан қарама-қаршилик фонида 36 фоизга қисқариб, 78, 5 миллиард кубометрга етди.

Аксарият маҳаллий экспертлар “Газпром” ишлаб чиқаришни тартибга солиш учун шунчаки кранларни ўчириб қўйиши мумкинлигини айтишган бўлса-да, компания ҳали ҳам ортиқча газни ёқишга мажбур.

18:30 27.8.2022

Бомбапанадаги спектакль - Николаев театри олти ойлик узилишдан сўнг саҳнага қайтди

Украина жанубидаги шиддатли бомбардимон қилинаётган Николаев шаҳрида театр актёрлари олти ойлик узилишдан сўнг яна саҳнага қайтди.

Улар ер ости бомбапанасида ташкил этилган кичик саҳнада илк спектаклни намойиш қилди.

Олти ойлик урушдан сўнг украиналик актёрлар ғалаба билан саҳнага қайтишди.

Николаев бадиий драма театри спектаклининг очилиш кечаси учун бир неча ўнлаб томошабин ер ости бомбапанасига тушишди.

Аммо труппанинг барча аъзолари у ерда эмас эди.

“Албатта, кўплаб спектакллар бекор қилинди, чунки баъзи эркак актёрлар жанг қилиш учун кетишди, баъзилари вақтинчалик қочқин сифатида чет элда. Шундай қилиб, бизнинг театр жамоамиз икки баравар кичрайиб кетди”, - дейди театр актрисаси Виолета Мамикина.

Гуруҳнинг одатий жойи 450 ўринли безакли зал эди. Николаев рус кучлари томонидан бир неча бор нишонга олинганидан кейин у ёпилди.

“Театримиз 24 февралда Россиянинг кенг кўламли босқинидан сўнг дарҳол украин тилига ўтди. Бу жараён секинроқ кечиши керак эди. Бизнинг репертуаримизнинг бир қисми аллақачон украин тилида бўлган, аммо баъзи спектакллар ҳали ҳам рус тилида эди. Биз ҳамма нарсани аста-секин таржима қилдик. Аммо 24 февралдан кейин ҳаммамиз украин тилига ўтдик”, дейди театр актрисаси Виолета Мамикина.

Театр менежери Артем Свистун спектаклни "арт терапия" деб таърифлади ва шаҳарда қолган кўплаб маҳаллий аҳоли учун кичкина театр қанчалик муҳимлигини айтади.

18:32 27.8.2022

Пентагон Украинага NASAMS ҳаво мудофаа тизимларини етказади

Пентагон Украина учун NASAMS ҳаво мудофаа тизимларини 182 миллион долларга сотиб олади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага ёрдам доирасида NASAMS илғор ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олиш учун Raytheon Co.ширкати билан шартнома имзолади.

Шу ҳафта АҚШ Украинага 3 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Қўшма Штатлар Украинани олтита NASAMS билан таъминлаш мажбуриятини олди.

Пентагоннинг таъкидлашича, 2021 йил январидан бери Қўшма Штатлар Украинага 13, 5 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган.

19:16 28.8.2022

С-300 ракетаси Харков марказига келиб тушди

Шанба куни эрталаб Россия ракеталари Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харков марказига келиб тушди.

Андрей Шарнин, Харков вилояти миллий полициясининг тергов бўлими бошлиғига кўра, ракеталар асосан тинч аҳоли яшаётган ҳудудларга келиб тушмоқда:

- Бу фугасли ракета эди. Фалокат жойида аниқланган ракета қолдиқларига кўра, биз бу С-300 ракета тури эканини аниқладик. Кўриб турганингиздек, у Павловская майдонида йўлга тушди.

Майдон атрофидаги биноларга жиддий зарар етказилган.

Маҳаллий губернатор Олег Синегубов қурбонлар йўқлигини, фақат бир аёл жароҳатланганини айтди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG