Украин ҳарбийларига аталган дронлар учун 20 млн доллар йиғилди
Украина ҳарбийлари халқаро донор давлатлар ва жисмоний шахслардан разведкачи дронларни харид қилиш учун қарийб 20 миллион доллар олганини маълум қилди.
Шу ой бошида Украина ҳукумати дронларни сотиб олиш ва таъмирлаш ҳамда операторларни ўқитиш учун “Дронлар армияси” деб номланган янги маблағ тўплаш кампаниясини бошлади.
Бутун уруш давомида ҳам Украина, ҳам Россия кучлари душман позицияларини аниқлаш ва артиллерия зарбаларини йўналтириш учун кичик дронлардан фойдаланиб келмоқда.
Украиналик дрон ишлаб чиқарувчи Александр Чендековнинг айтишича, учувчисиз учқичлар душман ҳаракатларини кузатиш, ҳарбий стратегияни ўзгартириш ва энг муҳими, имкон қадар кўпроқ ҳарбий ва тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш имконини бермоқда.
"Учувчисиз учиш аппаратлари инсон ҳаётига нисбатан арзонроқ", - дейди Чендеков.
Хайриялар 74 давлатдан келган ва хайриячилар орасида ҳатто Украина Қуролли кучларига ёрдам бериш учун ўйинчоқ дронларини юборган болалар ҳам бор.
ISW: HIMARS Россияни жиддий ташвишга туширди
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари Украина армиясининг HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимларидан Россия ҳарбий объектларига муттасил зарба бериши рус ҳарбийларини тушкунликка солмоқда, деган хулосага келишди.
Ташкилот маълумотига кўра, россиялик кўплаб блогер ва журналистлар HIMARSлар Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими самадорлигини шубҳа остига қўйиб, таъминот йўлларига хавф солаётганидан жиддий ташвишга тушганлар.
Ҳисоботда айтилишича, Россия Мудофаа вазирлиги ўз навбатида, HIMARSлар йўқ қилинаётгани ҳақида ёлғон баёнотлар чиқариш билан бу хавотирларни тарқатишга уринмоқда.
Россия Азов полкини террорчи гуруҳ деб топди
Россия Олий суди Украинанинг Азов полкини террорчи гуруҳ деб ҳукм чиқарди.
Азов полки Украина шарқида Россияга қарши курашаётган энг кўзга кўринган украин ҳарбий тузилмаларидан биридир.
Россия мунтазам равишда ўз таъбирича, Азовни Украина “фашистлар” томонидан назорат қилинаётганининг исботи сифатида кўрсатиб келади.
Май ойининг ўрталарида таслим бўлган кўплаб Азов жангчилари Москва томонидан асирликда ушлаб турилмоқда. Россия расмийлари уларга қарши жиноий иш очиб, уларни тинч аҳолини ўлдиришда айблаган. Эндиликда террорчилик айбловлари қўшилиши асирдаги ҳарбийларнинг қамоқ жазосини ҳам узайтириши мумкин.
Террор ташкилоти етакчилари учун жазо 15 йилдан 20 йилгача, гуруҳ аъзолари учун эса 5 йилдан 10 йилгача бўлади, дея хабар берди Россия давлат матбуоти.
Олий суд ўз қарорида Россия ҳудудида Азов полкини тақиқлади. Бу, Украинанинг Россия ёки айирмачи кучлар томонидан босиб олинган ҳудудларида ҳам полк фаолияти таъқиқланиши мумкинлигини англатади.
Украина Миллий гвардияси таркибида бўлган Азов полки узоқ тарихга эга. Бўлинма 2014 йилда Украина шарқида Россия қўллаб-қувватлайдиган айирмачиларга қарши курашиш учун кўплаб кўнгиллилардан тузилган ва Азов баталони деб номланган.
Баталон дастлабки жангчиларни ўта ўнг доиралардан жалб қилган. Унинг ҳозирги аъзолари экстремизм ҳақидаги айбловларни рад этади.
Нью йоркликлар “қизил Путинни ўққа тутди”
Россия президенти Владимир Путиннинг қип- қизил рангдаги ҳайкали АҚШнинг Нью Йорк шаҳри Марказий майдонига ўрнатилди.
Болалар майдончасига қўйилган ҳайкалда Путин танк минаётган ҳолда тасвирланган.
Нью йорклик болалар ўйинчоқ қуроллардан сув пуркаб, Путин ҳайкалини “ўққа” тутиш ўйинини ўйнашди.
Ҳайкал нафақат болалар балки катталар учун ҳам қизиқ кўринди. 39 яшар Мериям Ёқуб Путинга ушбу услубда ҳайкал қўйилишини олқишлашини айтади:
"Менимча, бу ўз фикрини дунёга билдириш ва содир бўлаётган воқеалардан норози кўплаб одамлар борлигини кўрсатишнинг яхши усули"
Ҳайкал француз рассоми Жеймс Коломинанинг иши бўлиб, у қизил ҳайкалларни яратиши ва уларни эълон қилмасдан жойлаштириши билан машҳур. Путиннинг ҳайкали шу пайтгача Париждаги Люксембург хиёбонида ҳам ўрнатилган.
Форум