Харьковнинг икки тумани ракета ҳужумига тутилди
Шанбага ўтар кечаси Россия кучлари Харьковнинг икки туманига ракета ҳужуми уюштирди. Россия ракеталари Харьковдан 12 километр шимол-ғарбда жойлашган Дерхачи шаҳрига урилгани, шаҳар расмийларига кўра, бир киши ҳалок бўлган ва бир киши яраланган.
Харьков вилояти расмийларига кўра, ракета ҳужумидан бир қанча турар-жой ва мактаб биноларига зарар етган.
"Бугун тунда душман ҳарбий инфратузилмага алоқаси бўлмаган, таълим муассасаси бўлган мана бу бинони яксон қилди" , дейди Дерхачи мери Вячеслав Задоренко.
Россия ракеталари бутун мамлакат бўйлаб турар-жойларни вайрон қилганига оид кўплаб далилларга қарамай, тинч аҳоли пунктларини нишонга олганини бир неча бор рад этган.
Украина расмийлари, шунингдек, Россия кучлари Донецк, Луганск, Днепропетровск ва Запорожье вилоятларига ҳам ракета зарбалари берганини маълум қилди.
Украинада мактаблар янги ўқув йилига тайёрланмоқда
Украина ғарбидаги Львов шаҳрида ўқувчилар деворларни бўяб, мактаб биносини янги ўқув йилига тайёрлашда муаллимларига ёрдам бермоқда.
Украина бўйлаб мактаблар уруш шароитида ўқув йилига ҳозирлик кўрмоқда. Ҳар бир мактабда ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш мумкин бўлган бомбапаналар қурилмоқда.
“Бу лицейимиз бомбапанаси. Ҳаво ҳужумлари пайтида юзлаб ўқувчи ва муаллим бу ерда ҳимояланиши мумкин”, - дейди дейди мактаб директори Ирина Коропецка.
Ўқув йили бошланишидан аввал мактабларда ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш машғулотлари ҳам ўтказилмоқда.
“Ҳамма ҳам бир вақтнинг ўзида бу ерга сиғмайди. Бизда 1206 нафар ўқувчи бор. Бомбапанамиз 900 кишини сиғдира олади. Бошпанани таъмирлаш, бошқа фавқулодда чиқиш йўлагини қўшиш, электр линиясини тортиш, ҳожатхона ва вентиляцияни ўрнатиш учун бир ой вақт кетади”.
Ҳамма ота-оналар фарзандларининг мактабга қайтишига рози эмас. Уларнинг айтишича, ертўла ва қум қоплари Россия ракета зарбаларидан ҳимояланиш учун етарли эмас.
Оксана Якушко Львовга Харьковдан келган. Ўғли ўқиган мактаб ракета зарбасидан қандай вайрон бўлганини кўрган.
“Оғирлиги бир тонна ёки ярим тонна бўлган ракета зарбасига бардош берадиган биронта бомбапана йўқ мактабда. Сиз бу ертўлани ҳар қандай нарса билан жиҳозлашингиз мумкин, лекин барибир улкан оммавий қабр бўлади бу ер”, - дейди Якушко.
Лвовдаги таълим бўлими мактаблар мослашувчан бўлиши кераклигини айтмоқда. Уларга кўра, ўқитиш шакли вазиятга қараб ўзгариши, масофавий таълимга ҳам ўтилиши мумкин, лекин болалар билим олишлари керак.
Лукашенко ядровий қурол билан таҳдид қилди
Беларус президенти Александр Лукашенко ўз армияси жанговар учоқлари ядровий қурол олиб юришга ўзгартирилгани ва “Ғарб бирор муаммо туғдирса, Минск дарҳол жавоб қайтариши”ни айтди.
Лукашенкога НАТО аъзоси бўлган қўшни Польшадан келажакда юзага келиши мумкин бўлган таҳдид ҳақида гапирар экан, Минск ҳар қандай кескинлашувга қандай жавоб қайтаришини билишини айтди.
"Агар улар кескинлашувни афзал кўрсалар, ҳеч қандай вертолёт ёки самолётлар уларни қутқара олмаслигини тушунишлари керак. Ҳаммаси тайёр", - деди Лукашенко.
Лукашенко Беларус ҳарбий учоқларини модернизация қилиш бўйича Россия президенти Владимир Путин билан келишиб олганини ҳам қўшимча қилди.
Россиянинг иттифоқчиси бўлган Беларус ядро қуролига эга эмас. Лукашенко Украинага қарши "махсус ҳарбий операция"ни ўтказиш учун Беларус ҳудудидан фойдаланаётган Москвадан қурол-яроғ қандай ўтказилиши ҳақида батафсил маълумот бермади.
Эксперт: Россия армиясида оммавий сафарбарлик - техник жиҳатдан имконсиз
Владимир Путин Россия армияси шахсий таркибини 140 минг кишига ошириш ҳақида фармон чиқарди. Фармон 2023 йил 1 январдан кучга киради.
Сўнгги 30 йилда – то бугунга қадар Россия армияси ҳарбий хизматчилари сони фақат камайтирилган эди, дейди халқаро алоқалар ва хавфсизлик бўйича эксперт Павел Лузин.
“Настояшчее время” мухбири ундан Россия Қуролли кучлари таркибини тўлдиришнинг реал имкониятлари бор ёки йўқлиги ҳақида сўради.
– Бу ўзлари, яъни ички аудитория учун. Идора журналларида эса ҳарбий хизматчиларнинг ҳақиқий сони ёзилади – бу рақам 770 минглар атрофида. Ҳозир анча камайган, 700 минг ва ундан ҳам кам бўлса керак, бу аниқ, чунки талафотлар бор, муддатли хизматга чақирув режаси тўлмаяпти, ёппасига хизматдан бўшаш ҳолатлари кузатилмоқда. Демографик вазият тобора ёмонлашаётган пайтда ҳарбий хизматчилар сонини 20 йил аввалги кўрсаткичга қайтаришмоқчи.
Бу нима дегани? Биринчи тахмин: чақирув асосида ҳарбий хизмат муддати узайтирилади, агар бу муддат бир йилдан бир ярим йилга узайтирилса, ҳарбийлар сонига 137 минг киши қўшилади. Бироқ бу тескари эффект бериши ҳам мумкин: ҳарбий хизматдан бўйин товлаш янада кўпаяди ва сурункали тус олади. Демак, ижтимоий воқеликка зид бўлса ҳам хизмат муддатини узайтириш керак, ёки Росгвардияни, ақалли унинг бир қисмини Қуролли кучларга ўтказиш керак. Росгвардия билан шунақа пертурбация рўй бериши мумкин, аммо бу авторитар ҳокимиятнинг сиёсий мантиғига тўғри келмайди. Нега?
Чунки авторитар ҳокимият тизимининг хос жиҳатларидан бири ҳарбий кучни фрагментлашдир. Учинчи йўл ҳам бор: улар зиддиятни кучайтиришмоқчи, балки Литва, Латвия, Эстония ва Польшага уруш эълон қилишар, ёки Калининградга қуруқликдан йўлак очишни талаб қилишар. Аммо бу муҳим эмас, уруш эълон қилишади, бунинг учун кўп ақл шарт эмас. Уруш эълон қилингач, мавжуд ташкилий тузилмаларга захирага олиш бошланади. Чунки Россия армиясида оммавий сафарбарлик ўтказиш техник жиҳатдан имконсиз, халқаро алоқалар ва хавфсизлик бўйича эксперт Павел Лузин.
Форум