Запорожье Атом электр станцияси яна ҳужумга тутилган
Россия ҳарбийлари Запорожье Атом электр станциясини ўққа тутишда давом этмоқда, оқибатда станциянинг насос блоки шикастланган, дея хабар берди Украина Бош разведка бошқармаси.
Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари Водяние қишлоғидан атом электр станциясини ўққа тутмоқда ва Украина байроғи остида провокациялар тайёрламоқда.
"Россия армиясининг артиллерия зарбаларидан бири иссиқлик ва ер ости алоқалари цехи насос станциясининг биринчи блокига зарар етказди", - дейилади баёнотда.
Шунингдек, разведка маълумотларига кўра, отишмалар натижасида яқин атрофдаги ўрмонлар ва далалар ёниб кетган.
Разведка хизматининг билдиришича, руслар оқ бўёқ билан бўялган “Z” ҳарфи туширилган “Пион” ўзиюрар артиллерия мосламасини шаҳарга кираверишдаги Энергодар стеласига ҳайдаб, Украина Қуролли кучларини айблашни мақсад қилган..
Запорожье атом электр станцияси ўтган ҳафтадан бери ўққа тутилмоқда. Урушаётган томонлар отишмада бир-бирини айбламоқда.
Украина кучлари Донецк ва Херсонда Россия ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлган
Украина Қуролли кучлари Бош штаби ўтган кун давомида украиналик ҳарбийлар Донецк ва Херсон вилоятларида Россия армиясининг бир неча ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлганини маълум қилди.
Украина армияси маълумотларига кўра, Донецк вилоятида рус қўшинлари бир неча йўналишда, жумладан Бахмут вилоятида ва Углегорск яқинида ҳужум амалиётларини ўтказган, бироқ у ерда “муваффақиятга эришмаган, орқага чекинган”.
Бундан ташқари, рус армияси Авдеевка ҳудудида олдинга силжишга ҳаракат қилди, аммо, Бош штаб маълумотларига кўра, улар ортга қайтарилган.
"Донецк - Пески - Новоселовка - Александропол йўналишларида жанговар ҳаракатлар давом этмоқда", - дея хабар беради Бош штаб.
Россия Пески қишлоғини назорати остига олганини даъво қилмоқда
Россия Украинанинг Донецк вилояти чеккасидаги Пески қишлоғини назорат остига олганини даъво қилмоқда.
Бу хабарни Озодлик дарҳол тасдиқлай олмайди. Россия ва россияпараст кучлар бир ҳафтадан кўпроқ вақт олдин Пескини тўлиқ назоратга олганликлари ҳақида хабар беришган эди.
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенковнинг даъво қилишича, Россия кучлари Украинанинг Краматорск яқинида АҚШ томонидан етказиб берилган HIMARS ракета тизимини ва унинг ракеталари сақланадиган омборни йўқ қилган.
Бу иддаони ҳам бошқа манбалардан текшириш уруш шароитида имконсиз.
Новая Каховка тўғонининг автомобил кўприги ҳужум оқибатида яроқсиз ҳолга келди
Украина ҳарбийлари Новая Каховка тўғонининг автомобил кўпригига ҳужум қилди, у яроқсиз ҳолга келди, деб хабар берди Украина Қуролли кучларининг “Жануб” тезкор қўмондонлиги.
Новая Каховка ҳудуди ўққа тутилгани ҳақида аввалроқ Россия давлат матбуоти хабар берган эди. Уларга кўра, Херсон вилоятидаги ГЭС яқинидаги ҳудуд Украина армияси томонидан HIMARS тизимларидан ўққа тутилган. Ишғолчи ҳокимият вакиллари кўприк зарар кўрмаганини иддао қилишганди.
Ҳарбий ҳаракатлар шароитида Озодлик урушаётган томонлар даъволарини тасдиқлай олмайди.
Форум