ISW: HIMARS Россияни жиддий ташвишга туширди
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари Украина армиясининг HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимларидан Россия ҳарбий объектларига муттасил зарба бериши рус ҳарбийларини тушкунликка солмоқда, деган хулосага келишди.
Ташкилот маълумотига кўра, россиялик кўплаб блогер ва журналистлар HIMARSлар Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими самадорлигини шубҳа остига қўйиб, таъминот йўлларига хавф солаётганидан жиддий ташвишга тушганлар.
Ҳисоботда айтилишича, Россия Мудофаа вазирлиги ўз навбатида, HIMARSлар йўқ қилинаётгани ҳақида ёлғон баёнотлар чиқариш билан бу хавотирларни тарқатишга уринмоқда.
Украин ҳарбийларига аталган дронлар учун 20 млн доллар йиғилди
Украина ҳарбийлари халқаро донор давлатлар ва жисмоний шахслардан разведкачи дронларни харид қилиш учун қарийб 20 миллион доллар олганини маълум қилди.
Шу ой бошида Украина ҳукумати дронларни сотиб олиш ва таъмирлаш ҳамда операторларни ўқитиш учун “Дронлар армияси” деб номланган янги маблағ тўплаш кампаниясини бошлади.
Бутун уруш давомида ҳам Украина, ҳам Россия кучлари душман позицияларини аниқлаш ва артиллерия зарбаларини йўналтириш учун кичик дронлардан фойдаланиб келмоқда.
Украиналик дрон ишлаб чиқарувчи Александр Чендековнинг айтишича, учувчисиз учқичлар душман ҳаракатларини кузатиш, ҳарбий стратегияни ўзгартириш ва энг муҳими, имкон қадар кўпроқ ҳарбий ва тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш имконини бермоқда.
"Учувчисиз учиш аппаратлари инсон ҳаётига нисбатан арзонроқ", - дейди Чендеков.
Хайриялар 74 давлатдан келган ва хайриячилар орасида ҳатто Украина Қуролли кучларига ёрдам бериш учун ўйинчоқ дронларини юборган болалар ҳам бор.
АҚШ Россияни террорни молияловчи давлат деб тан олса, Москва Вашингтон билан дипломатик алоқаларни узади
Агар АҚШ Россияни террорни молияловчи давлат деб тан олса, Москва Вашингтон билан дипломатик алоқаларини узиши мумкин, деб билдирди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.
АҚШ Конгресси июль охирида Кремлнинг Чеченистон, Грузия, Сурия ва Украинадаги ҳаракатлари “кўплаб бегуноҳ эркаклар, аёллар ва болалар ўлимига сабаб бўлган”ини таъкидлаб, Россияни террорни молиялаштирувчи давлат сифатида тан олиш чақириғи акс этган резолюцияни қабул қилганди.
АҚШ Конгресси бу масалани мустақил равишда ҳал эта олмайди. Бунинг учун Давлат департаменти Конгрессга таклиф киритиши керак.
Украина Олий Радаси ҳам АҚШ Конгрессига Россияни террони молиялаштирувчи давлат сифатида тан олиш илтимосини киритган.
АҚШ шу кунгача Сурия, Эрон, Куба ва Шимолий Кореяни террорни молиялаштирувчи давлат деб тан олган.
Россия фуқароларига ТOEFL имтиҳонида иштирок этиш тақиқланди
Инглиз тили бўйича халқаро TOEFL имтиҳони ташкилотчиси бўлган ETS ташкилоти Россия фуқароларига тестда иштирок этишни ва шу кунгача олинган тайёр тест натижаларини олий ўқув юртларига жўнатишни тақиқлади.
ETSнинг билдиришича, тақиқ АҚШ Молия вазирлиги Шимолий Корея ва Россия фуқароларига TOEFL имтиҳонида иштирок этишни чеклашни талаб қилгани ортидан жорий этилди.
10 март куни ETS ва IELTS Россия ҳамда Беларусда тест ўтказишни тўхтатган эди. Шундан сўнг бу давлат фуқаролари хорижий давлатларда тест топширишга мажбур бўлганди.
Хориждаги университетларнинг кўпи абитуриентлардан инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш учун TOEFL ва IELTS сертификатларини талаб қилади.
Форум