Украинада 2 август тонгидаги вазият хроникаси
АҚШ Урушни ўрганиш институти Россия Харьков йўналишида ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълум қилди. Британия разведкаси эса Москва Донбасс йўналишидаги ҳужумлар режасига ўзгартиришлар киритаётганини билдирди.
Аввалроқ Украина томони Изюм йўналишида украин армияси “стратегик муҳим” тепаликлар назоратини қўлга киритганини хабар қилганди.
“Настояшчее время” телеканалининг маълум қилишича, Россия қўшини Украина контрҳужумларини қайтариш мақсадида Херсонда Днепр дарёсини кечиб ўтиш учун пантон кўприклар қурмоқда.
Айни пайтда Россия Николаев ва Харьковни бомбардимон қилишда давом этмоқда. Россия армияси Днепропетровск вилоятининг Никопол шаҳрини Запорож АЭСидан туриб бомбардимон қилаётир. Шунинг учун Украина армияси бу ҳужумга жавоб қайтара олмаяпти.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина армиясига берилган АҚШнинг HIMARS ракета тизимидан тўрттаси ва тизимнинг “транспорт-ўқлаш машиналари” йўқ қилинганини билдирди. “Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, Украина HIMARS ракета тизимининг “транспорт-ўқлаш машиналари”га эга эмас.
АҚШ ҳам, Украина ҳам Россия тарқатган бу хабарни тасдиқламади. Украина ҳукумати АҚШ яна тўртта HIMARS тақдим этганини билдирди. Украинанинг Лондондаги элчиси Вадим Пристайко Британия Киевга иккита ҳарбий кема беришини маълум қилди.
Россия бош вазири ўринбосари: Мариупол аҳолиси сони 2025 йилда 350 минг кишига етказилади
Россия Украинага бостириб киргунига қадар Мариуполда 450 минг аҳоли яшар эди. Россия босқини оқибатида Мариупол қақшатқич жанглар майдонига айланди. Рус армияси шаҳар инфраструктурасини ва турар-жой биноларининг асосий қисмини вайрон қилди. Бунинг оқибатида ҳозир Мариупол аҳолиси сони 150-170 минг кишини ташкил этмоқда.
Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин РБК телеканалига берган интервьюсида оккупацион ҳукумат Мариуполни 212 минг аҳоли учун қиш мавсумига тайёрлаётганини айтди. Унга кўра, 2025 йилга келиб Мариупол аҳолиси 350 минг кишига, 2035 йилга келиб эса ярим миллион кишига етказилади. Хуснуллин вайрон этилган бинолар қайта тикланишини билдирди.
Мариупол шаҳар кенгаши тарқатган маълумотларда қайд этилишича, икки ой давом этган жанглар оқибатида шаҳардаги биноларнинг 90 фоизи вайрон этилган. Шаҳар аҳолиси шу кунгача электр, сув ва газ билан тўлиқ таъминланмаган.
Bloomberg: Кремль санкциялар бекор қилиниши илинжида Европага газ беришни энг кам даражада сақлаб туради
Кремль Европа Иттифоқига босимни кучайтириш мақсадида уруш тугагунига қадар Европага газ беришни энг кам даражада сақлаб туради, деб ёзди Bloomberg Кремль режалари билан таниш бўлган манбаларга таянган ҳолда.
Сўнгги ойларда Газпром “Шимолий оқим” қувуридаги газ трубиналари таъмирталаб эканини баҳона қилган ҳолда Европага газ беришни қисқартирган эди. Сўнгги маълумотларга қараганда, “Шимолий оқим” ўз қувватининг 40 фоизи даражасида ишламоқда.
Манбалардан бирининг айтишича, Кремль Европага газ беришни кўпайтириш имкониятига эга. Унга кўра, газ трубиналарининг таъмирталаб бўлиб қолгани рост, аммо бу “Шимолий оқим” қувуридаги газ босимининг озайтирилишига сабаб бўла олмайди.
Манбага кўра, Россия Европа Иттифоқининг қатъий позициясидан келиб чиққан ҳолда, Европага газ беришни кўпайтиришни истамаяпти. Bloomberg агентлигининг ёзишича, бу кризис қишгача давом этадиган бўлса, Россия газининг энг йирик истеъмолчиси бўлган Европа ёқилғисиз қолиши мумкин.
.
Кремль давлат матбуотига Украина урушини Невадаги жангга қиёслашни таклиф қилди
Кремль давлатга қарашли ОАВлар ва ҳукуматга мойил блогерлар учун Украинага босқинни қандай ёритиш шартлиги тўғрисидаги услубий қўлланмани тайёрлади. Қўлланмада, жумладан, Украинадаги урушни Нева жангига ва Руснинг чўқинтирилишига қиёслаш таклиф қилинади.
Невадаги жанг 1240 йилнинг 15 июлида Ижора дарёси Нева дарёсига қўшиладиган ҳудудда Новгород князлиги ва Швед қўшини ўртасида юз берган эди. Жанг Новгород қўшини ғалабаси билан якунланган.
Ҳужжатда Ғарб кўп асрлардан бери Россияни бўлиб ташлашга ҳаракат қилаётгани, аммо халқ бу ҳаракатларга қарши туриб, «миллий лидер атрофига бирлашиши» такидланади. Бу ерда гап Невадаги жанг тўғрисида кетаётганидан келиб чиқилса, миллий лидер дейилганда Новгород қўшинига раҳбарлик қилган Александр Невский назарда тутилмоқда. Ҳужжатни ўрганиб чиққан «Медуза» нашрининг ёзишича, қўлланма контекстидан замонавий «миллий лидер» дейилганда президент Владимир Путин назарда тутилгани англашилади.
Қўлланмада Украинадаги урушнинг мақсадларидан бири «худосизларга қарши кураш» экани қайд этилган. «Медуза»нинг ёзишича, қўлланмада Кремль украин ҳарбийларини «худосизлар» деб аташни таклиф қилган.
Форум