Жаҳон банки Украинага қўшимча 1,9 млрд доллар маблағ ажратишни маъқуллади
Бу пуллар “Украина маъмурий салоҳияти ишончлилигини таъминлаш учун давлат харажатлари” лойиҳаси доирасида ажратилади.
Лойиҳани Литва, Латвия, Дания, Нидерландия, Буюк Британия ҳамда Италия молиялаган.
Зеленский: Донбасс қаҳарамонларча ҳимоя қилинмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский 7 июнь сешанба кунги видеомурожаатида бир қанча шаҳарларда вазият оғирлигича қолаётганини, Донбассни “қаҳрамонларча мудофаа қилиш” давом этаётганини айтди. Северодонецк, Лисичанск, Попаснада вазият энг мураккаблигича қолмоқда, дея маълум қилди.
Зеленский “сўнгги 24 соат ичида фронтдаги вазият деярли ўзгармаганини ҳам қўшимча қилган:
"Донбасни тамомила қаҳрамонларча ҳимоя қилиш давом этмоқда. Шиддатли жанг нуқталари ҳам ўзгаргани йўқ. Севиеродонецк, Лисичанск ва Попаснада жанглар кетмоқда. Босқинчилар армиямиздан бунчалик кучли қаршилик кутмаган ва улар эндиликда Донбасга янги ҳарбий куч ва ресурслар олиб киришга уринмоқда. Херсонда ҳам шундай - улар бизнинг ҳаракатларимизни чеклаш учун янги бўлинмаларни олиб келишмоқда"
Украинада “Жаллодлар китоби” ишга тушди
Владимир Зеленский Россия ишғоли даврида содир этилган ҳарбий жиноятларга тегишли далилларини тўплаш тизими- “Жаллодлар китоби” ишга туширилишини эълон қилди.
Украина прокуратураси Кремль 24 февраль куни ҳужум бошлаганидан бери 600 дан ортиқ гумонланувчи иштирокида 12 мингдан ортиқ даъво қилинган ҳарбий жиноятларни қайд этганини маълум қилди.
Чавушўғли: Ғалла можароси ҳал бўлиши мумкин
Туркия ташқи ишлар вазири Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украина ғалла экспортини денгиз йўлаги орқали қайта йўлга қўйиш режасини “оқилона” деб атади шу билан бирга кемалар хавфсизлигини таъминлаш учун Москва ва Киев билан кўпроқ музокаралар талаб этилишини ҳам қайд этди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан бирга сўзга чиққан Туркия раҳбари Мaвлут Чавушўғли Анқарадаги учрашув самарали бўлганини, жумладан, томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга қайтиш истаги борлигини билдирди:
"Туркия сингари биз ҳам буни оқилона ва амалга оширилиши мумкин бўлган режа деб биламиз. Лекин, албатта, Россия ҳам, Украина ҳам БМТ сўровини қабул қилиши керак, биз келишув шартларини атрофлича муҳокама қилиш учун Истанбулда учрашув ўтказишни таклиф қилдик".
Февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши Киевнинг Қора денгиздаги дон экспортини тўхтатиб, глобал озиқ-овқат инқирози хавфини келтириб чиқарди.
Қандай келишув бўлишидан қатъий назар, Украинанинг Одесса ва бошқа тўсиб қўйилган портларидан Туркия бўғозлари ва жаҳон бозорига чиқадиган танкерларга турк денгиз флоти ҳамроҳлик қилиши мумкин.
БМТ ва кўплаб мамлакатлар Россия бостириб кирганидан сўнг Украинадан денгиз орқали ғалла ва бошқа озиқ-овқат хомашёсини ташиш имконсиз бўлиб қолганидан хавотир олмоқда. Савдо йўлларининг тўсилиши жаҳон бозорида ғалла танқислашувига ва оқибатда қатор мамлакатларда очарчилик бошланишига олиб келиши айтиляпти. БМТ Хавфсизлик кенгашининг ўтган кунги йиғилишида ЕИ ва АҚШ вакиллари Россияни инқирозли вазиятни вужудга келтиришда айблашган.