Финландиялик аёллар Россия босқинига тайёрланмоқда
Финландиялик тадбиркор Сисси Моберг 46 ёшда, тўрт боланинг онаси. Россия Украинага уруш бошлаганидан бир неча кун ўтиб, у ўз ватанини ҳимоя қилишга ёрдам бериш кўникмаларини ўргатадиган ҳарбий курсга ёзилди.
“Финляндияда ҳамма ҳам эмас, лекин, кўпчилик эркаклар ҳарбий хизмат ўтаган. Мен албатта армияга бормаганман, лекин мудофаанинг бир қисми бўлишни хоҳлардим", дейди Моберг.
Финляндияда Моберг сингари ватан ҳимоясига тайёргарлик кўраётган аёллар оз эмас. Расмий сўровномага кўра, Финляндия аҳолисининг 85 фоизи Россия босқинидан хавфсирамоқда.
Украинадаги уруш Россия билан 1300 километрлик чегарага эга Финляндияда катта хавотир уйғотди. Финляндия ўтган ой НАТО ҳарбий иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза ҳам берди.
Шойгу асир олинган украиналиклар сони қарийб 6,5 минг нафарга етганини билдирди
Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия армиясига асир тушган украиналик ҳарбийлар сони 6489 нафарга етганини билдирди, дея хабар қилди “Интерфакс” агентлиги.
Унга кўра, сўнгги беш кун ичида 126 киши асирга тушган. Асирларнинг аксариятини Мариуполдаги “Азовсталь” заводини мудофаа қилган жангчилар (2,5 минг киши) ташкил қилади.
Апрель ойи ўрталарида Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук Россия асир олган украиналик ҳарбийлар сони тақрибан 1700 нафар эканини билдирган эди.
Уруш шароитида ҳатто расмий манбалар тарқатаётган маълумотларни ҳам оператив тарзда текшириш имкони йўқ.
Россияда Европа суди қарорларини бажармасликка оид қонун лойиҳаси қабул қилинди
Россия Давлат думаси 7 июнь куни бирданига иккинчи ва учинчи ўқишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг (ИҲЕС) 2022 йил 16 мартидан кейинги қарорларини бажармасликка оид қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси сайтида маълум қилинган.
Давлат думаси спикери Вячеслав Володин фикрича, ИҲЕС “Россияга қарши сиёсий курашда ғарблик сиёсатчилар воситага айланган”.
IBM корпорацияси Россиядаги фаолиятини бутунлай тўхтатди
АҚШнинг IBM корпорацияси Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши манзарасида Россиядаги фаолиятини бутунлай тўхтатганини эълон қилди.
IBM жаҳондаги энг йирик дастур таъминоти ишлаб чиқарувчиларидан, шунингдек, энг кўп IТ-хизматлар ва консалтинг хизматлари кўрсатадиган ширкатлардан бири бўлиб ҳисобланади.
Март ойида ширкат Россия бозоридаги фаолиятини вақтинча тўхтатгани ҳақида эълон қилиб, бу мамлакатда ўз маҳсулотларини сотмай қўйганини очиқлаган эди. Айни пайтда IBM Россиядаги ўз ходимларини дастаклашга ваъда берган.