Одесса вилояти ракета зарбаларига тутилди
4 июнга ўтар кечаси Одесса вилоятидаги қишлоқ хўжалиги корхонасига X-95 қанотли ракетасидан берилган зарба оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда маҳаллий ҳокимият.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам эрталабки брифингида Одесса вилоятига ракета зарбаси берилганлигини тасдиқлади, бироқ департамент хабарида айтилишича, рус ракеталари Дачное ҳудудидаги “хорижий ёлланма аскарларни жойлаштириш пункти”ни вайрон қилган.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги Одесса вилоятидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари қурол-яроғ ва ўқ-дориларни етказиб бераётган Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий-транспорт авиацияси самолётини уриб туширганини иддао қилган.
Уруш шароитида бу иддаони бошқа манбалар орқали текшириш имконсиз.
Харьков вилоятида кундузи отишма пайтида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Украинска правда” нашри хабар берди. Николаев ҳам ракета ва артиллерия ҳужумига тутилди.
CNN: ЕИ, АҚШ ва Британия урушни тугатиш режасини муҳокама қилмоқда
Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия сўнгги бир неча ҳафта давомида мунтазам йиғилиб, Украинадаги урушни музокаралар йўли билан тугатиш режасини муҳокама қилмоқда.
Бу ҳақда бир қанча манбаларга таяниб CNN хабар бермоқда.
Телеканал суҳбатдошларига кўра, учрашувлар чоғида, хусусан, Қрим ва Донбасснинг тўлиқ автономиясини кўзда тутувчи Италия режаси муҳокама қилинган.
CNN маълумотларига кўра, бу учрашувлардан мақсад Украинага кейинги муҳокама учун таклиф қилиниши мумкин бўлган тинчлик режасининг тахминий параметрларини аниқлашдан иборат.
Украина бу муҳокамаларда бевосита иштирок этмаяпти. CNN каналига кўра, бу Қўшма Штатларнинг "Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса муҳокама қилинмайди" позициясига зид келади. Шу билан бирга, АҚШ Украинага босим ўтказмаслиги ва уни Россия билан музокара олиб боришга ундамаётгани қайд этилган.
Бу муҳокамалар Россия ва Украина ўртасидаги музокараларга олиб келадими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас. Телеканалга кўра, Вашингтон ҳали ҳам можарони дипломатия йўли билан ҳал қилишнинг реал истиқболларини кўрмаяпти.
Шу билан бирга, АҚШ ва Ғарб расмийлари CNN телеканалига агар Россия ва Украина музокара столига ўтириб, келишувга эришмаса, уруш йилларга чўзилиши мумкинлигидан хавотир ортиб бораётганини айтишади.
Marriott Россия бозоридан кетишини билдирди
Marriott халқаро меҳмонхоналар тармоғи Россия бозоридан чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилди.
Фаолиятнинг тўхтатилишига Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан Россияга қарши жорий қилган санксциялари сабаб бўлди.
Компаниянинг маълум қилишича, мамлакатда фаолиятини давом эттириш имконсиз бўлиб қолган.
"Уруш бошланганидан буён можаро зонасида қолиб кетган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш учун 1 миллион доллар, шунингдек, Украинадан келган қочқинларни жойлаштирган 85 дан ортиқ меҳмонхоналарни етказиб бериш учун 2, 7 миллион доллар жўнатган", - дейилади ширкат баёнотида.
Marriott тармоғи Россияда 25 йилдан бери фаолият юритади. Март ойи бошида компания Москвадаги офисини ёпаётгани ва Россияда инвестициялар ва янги меҳмонхоналар очишни тўхтатаётганини эълон қилганди. Hilton ва Hyatt меҳмонхона тармоқлари ҳам худди шундай қарорга келган.
Йел менежмент мактаби маълумотларига кўра, Украинада уруш бошланганидан буён 1000 га яқин хорижий компаниялар Россиядан чиқиши ёки мамлакатдаги фаолиятини чеклаши ҳақида эълон қилган.
Украина президенти уруш бораётган Запорожье вилоятига сафар қилди
Президент Владимир Зеленский Запорожьеда Украина мудофаасининг олд жабҳасидаги оператив вазият билан танишди. Бу ҳақда Украина президентининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Сафар доирасида Зеленский Россиянинг қуролли тажовузи туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган украиналиклар жойлашмиш санаторийга ташриф буюрган. У кўчманчилар билан мулоқотда бўлди. Мариуполдан кўчиб келганлар президентга Россия босқини туфайли бошларидан кечирган фожеавий воқеалар ҳақида сўзлаб беришган.
“Вақтинча ишғол қилинган барча шаҳарларни озод қилишимизга шубҳам йўқ. Бу иш албатта амалга ошади”, дея ваъда берган Украина президенти.