Байден Украинага HIMARS тизимлари етказиб берилишини расман очиқлади
АҚШ президенти Жо Байден Украинага ҳарбий ёрдамнинг янги пакети топширилиши ҳақида расман эълон қилди. У 80 километргача масофага ота оладиган HIMARS ракета тизимларини ҳам ўз ичига олади.
“Қўшма Штатлар украиналик ҳамкорларимизни дастаклаб, Украинани мудофаа учун қурол-аслаҳа ва жиҳозлар билан таъминлашда давом этади”, дейилган президент баёнотида.
Reuters агентлигининг Пентагон вакилидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, даставвал Украинага тўртта тизим етказиб берилади, украиналик ҳарбийларга HIMARS’дан фойдаланишни ўргатиш тақрибан уч ҳафта вақт олади.
Россиялик журналист Муратов Нобель медалини сотиб, пулини украиналик қочқин болаларга бермоқчи
“Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратовга берилган Нобель медали АҚШнинг Heritage Auctions кимошди уйи томонидан савдога қўйилди. Аукционда тушган маблағнинг барчаси украиналик қочқинларга ёрдам бериш бўйича UNICEF (БМТнинг Болалар жамғармаси) миссиясига топширилади.
Болаларни ҳимоя қилиш куни бўлмиш 1 июнда очилган савдо 20 июнь куни (Жаҳон қочқинлар куни) Манхэттендаги The Times Center’да бўлиб ўтадиган кимошди билан якунланади.
Россиялик журналист Дмитрий Муратов “демократия ва тинчлик шарти бўлган фикр эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатлари учун” ўзига берилган медални сотиши ҳақида 22 март куни эълон қилган.
Берлин Украинага замонавий ҳавога қарши мудофаа воситаларини етказиб беради
Германия яқин вақт ичида Украинага замонавий ҳавога қарши мудофаа тизимини етказиб беради, дея билдирди канцлер Олаф Шольц 1 июнь куни бундестагда қилган чиқишида.
Шольцга кўра, бу каби тизим “бутун бошли шаҳар”ни ҳаво зарбаларидан ҳимоя қилишга қодир. Бу ерда гап “ҳаво-ҳаво” модификацияланган ракеталарни отувчи IRIS-T SL тизими ҳақида бормоқда. Мазкур тизимнинг икки хил – кичик(SLS) ва ўрта (SLM) ҳаракат радиуси модификациялари мавжуд.
Германия нашрлари маълумотига кўра, Берлин Украинага IRIS-T SLM тизимини етказиб беришни режаламоқда.
Аввалроқ Bild газетаси Украина IRIS-T SLM тизими етказиб берилишидан манфаатдор экани ҳақида ёзган. Тизим 40 километргача ҳаракат радиусига эга бўлиб, 20 километргача юксакликдаги нишонларни йўқ қилиш имконига эга.
Польша ҳукумати 1 июлдан иш топиш имкониятига эга бўлган украиналик қочқинларга нафақа тўлашни тўхтатмоқчи
Бу ҳақда Rzeczpospolita нашри Польша Ички ишлар вазирлиги ва қочқинлар ишлари бўйича вакил Павел Шефернакерга таянган ҳолда хабар берди. Уларга кўра, Польша ҳукумати украиналик қочқинларнинг кўпчилиги ўзини мустақил сезиш уун ишлашга тайёр.
Айни пайтда қочқинлар орасидаги кўп болали оилалар, ҳомиладор аёллар ва имконияти чекланган шахсларга нафақа тўлаш тўхтатилмайди. Украиналик қочқинларнинг ҳар бирига уй ижараси ва озиқ-овқат учун кунига 40 злотих (тақрибан 9,3 доллар) нафақа тўланади.