Линклар

Шошилинч хабар
07 август 2025, Тошкент вақти: 23:18

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Байден: АҚШ Украинага замонавий ракета системаларини беради

АҚШ Украинага “жанг майдонида асосий нишонларни юқори даражадаги аниқликда урадиган” замонавий ракета тизимларини чекланган миқдорда етказиб беради. Бу ҳақда The New York Times газетасига ёзган мақоласида президент Жо Байден маълум қилди.

Байденга кўра, АҚШ Украинани “ўз чегарасидан ташқари ҳудудларга” ракета отишини рағбатлантирмайди ва бунга йўл ҳам қўймайди.

Байден мақоласи чоп этилгани ортидан АҚШ ҳукуматининг юқори лавозимдаги амалдори ўз исми сир қолишини истаган ҳолда, Украинага HIMARS ракета тизимлари етказиб берилишини маълум қилди. Мазкур тизим 80 километргача бўлган нишонларни мўлжалга олиши мумкин. Ҳозирча бу тизимдан қанчаси Украинага берилиши номаълум.

АҚШ Украинага тақдим этадиган ракета тизими Россиянинг "Смерч" реактив артилериясига қараганда кучлироқдир. "Смерч" 70 километр масофагача бўлган нишонларни мўлжалга олади.

Байден ўз мақоласида Вашингтон ва НАТО Москва билан бевосита низолашувга киришишни истамаслигини ва президент Путиннинг ҳокимиятдан ағдарилиши учун ҳаракат қилмаслигини таъкидлади.

Мақолада Вашингтон урушни тезроқ тўхтатиш мақсадида Киевга мамлакатнинг муайян ҳудудларини Россияга ўтказиб бериши масаласида босим ўтказмаслиги ҳам билдирилди.

“Украина ва Россия ўртасидаги тинчлик музокаралари боши берк кўчага кириб қолди. Россия Украина ҳудудининг кўпроқ қисмини ўз назоратига олиш учун урушни давом эттирмоқда”,-деб ёзади Байден.

АҚШ президенти ўз мақоласида Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Украинага қурол беришда ҳамда Россияга сиёсий ва иқтисодий босим кўрсатишда давом этишини маълум қилди.

"Владимир Путин биздан бу қадар бирдамликни кутмаган эди. У хато қилди. Агар у яқин ойларда ўз позициямизни ўзгартиришимизни ёки сафларимизда бўлиниши юзага келишини кутатган бўлса – у яна хато қилмоқда”, деб ёзди Байден.

АҚШ ракета тизимларини Украинага етказиб бериш ва украин ҳарбийларини мазкур қуролдан фойдаланишга ўргатиш учун камида икки ҳафта вақт керак бўлади.

Россия армияси Северодонецкнинг 70 фоизини босиб олди

Луганск вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Сергей Гайдай Северодонецк шаҳрининг 70 фоизини Россия армияси босиб олгани тўғрисида 1 июнь куни маълум қилди.

"Украин армиясининг бир қисми аввалдан тайёрлаб қўйилган ва ҳарбий жиҳатдан қулайроқ бўлган позицияга чекинди. Украин армиясининг бир қисми эса шаҳар кўчаларида жангларни давом эттирмоқда”,- деб ёзди Гайдай Телеграм каналида.

Унга кўра, Луганск вилоятининг яна бир муҳим шаҳри бўлган Лисичанск тўлиғича украин ҳарбийлари тмоонидан назорат қилинмоқда.

Россиянинг Приморск ўлкасида Украинадаги урушга қарши чиққан депутатлар КПРФ фракциясидан чиқарилди

Москвадаги нуфузли "Коммерсант" газетасининг ёзишича, Приморье ўлкаси думасининг Коммунистлар (КПРФ) фракциядан бўлган депутатлари Леонид Васюкевич ва Геннадий Шульги фракция таркибидан чиқарилган.

Фракция раҳбари Анатолий Долгачев: “Депутатлар ўзларининг демарши билан партиямизнинг обрўсини тўқди, шунинг учун улар бизнинг сафимизда бўлиши мумкин эмас. КПРФ расмий позицияси Украинанинг денацификациясини тўлиқ қўллаб-қувватлашдан иборат”, - деб айтди.

Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко Украинадаги урушга қарши чиққан депутатларни “хоин” деб атади.

Приморск ўлкасида қонунчилик кенгашининг бир гуруҳ депутатлари 27 май куни Украинадаги урушни тўхтатишни талаб қилиб чиқишган эди.

Кенгаш йиғилиши чоғида КПРФ фракцияси аъзоси Леонид Васюкевич тўрт ҳамкасби номидан Владимир Путинга мурожаат қилиб, урушни тўхтатишни ва Россия қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетишни талаб қилган эди.

Германия Украинага “энг замонавий” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини беради

Чоршанба куни Германия канцлери Олаф Шолц Германия Украинани замонавий зенит-ракета ва радар тизимлари билан таъминлашини маълум қилди:

"Келгуси ҳафталарда биз Украинга қўшимча қуроль-яроғ етказиб берамиз. Масалан, ҳозирда Германиядаги энг замонавий ҳаво мудофаа тизими бўлган ИРИС-Т тизимини етказиб беришга қарор қилинди. Бу Украинага йирик шаҳарларни Россия ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш имконини беради. Бу Германия федерал ҳукуматининг қарори".

Германия Украинага қурол етказиб беришни оширишни режалаштираётгани ҳақидаги баёнот Ғарбнинг Киевга етарлича ёрдам бермаётгани танқид қилиниши манзарасида рўй берди.

Шолцнинг сўзларига кўра, Германия Украинага душман артиллериясини аниқлашда ёрдам берадиган радар тизимларини ҳам етказиб беради.

Германия канцлерининг мазкур баёноти Украина кучлари Донбаснинг шарқий саноат минтақаси учун шиддатли жангларни давом эттираётган бир пайтда янгради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG