Россиянинг Удмуртия республикасида иккита “военкоматга ўт қўйганликда гумонланган” шахс қўлга олинди
Baza нашрининг хабар беришича, Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ москвалик рассом Илья Фарберни Удмуртиядаги иккита военкоматга ўт қўйганликда гумонлаб қўлга олди.
Рассомнинг уйи тинтув қилинганида бензин тўлдирилган иккита канистра, сим ўрами, марганцовка, бешта банк картаси ва учта айфон топилган.
Baza телеграм каналида қўлга олинган Илья Фарбер кўрсатма бераётгани тўғрисидаги видео ҳам пайдо бўлди. Видеода у военкоматларга “ўзининг нимага қодирлиги”ни билиб олиш учун ўт қўйганини тан олган.
Украинада уруш бошланганидан бери Россиянинг турли шаҳарларида военкоматларга ўт қўйилгани тўғрисида кўплаб хабарлар берилмоқда.
29 май куни Берлинда # SaveUkraine хайрия телемарафонининг якуний концерти бўлиб ўтди
Бранденбург дарвозаси яқинида украиналик юлдузлар ўзларининг қўшиқлари билан чиқиш қилишди ва кўп миллионли томошабинларга Россия Федерацияси билан урушдан жабр кўрган украиналикларга ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилишди.
Марафонда яқинда "Евронигоҳ" қўшиқ танлови ғолиблари Kalush Orchestra гуруҳи Германия пойтахтидаги бошқа украиналик гуруҳлар билан бирга чиқиш қилди.
- Европанинг марказида уруш. . . Одамлар, албатта, бунга кўникиб кетмасликлари ва бу одатий ҳолга айланмаслиги керак. Шунинг учун, мен тинчлик ўрнатилмагунича, уруш масаласи доимо биринчи саҳифаларда бўлиши керак деб ўйлайман, - деди журналистлар саволларига жавоб берган гуруҳ солисти Олег Псюк.
Концерт иштирокчилари орасида Океан Элзи, Тина Карол, Алёна, Антитила, Макс Барских, Меловин ва бошқалар кўриниш берди.
Россия давлат қарзини Россия гази учун рублда тўлаш схемасига ўхшаш механизм ёрдамида тўлайди
Бу ҳақда "Ведомости" газетасига Россия молия вазирлиги раҳбари Антон Силуанов маълум қилди.
- "Газ учун рублда тўлов қандай амалга оширилади: биз валютани ўтказишади, бу ерда буюртма асосида у рублга алмаштирилади ва шу тариқа ҳисоб-китоб амалга оширилади. Евробонд ҳисоб-китоб механизми худди шу тарзда ишлайди, фақат тескари томонга", деди Молия вазири Силуанов.
24 май куни АҚШ молия вазирлиги Россияга ташқи қарзига хизмат кўрсатиш учун тўловларни амалга ошириш имконини берувчи лицензияни узайтирмасликка қарор қилди. Бу Россия бир асрдан ортиқ вақт ичида биринчи марта давлат ташқи қарзи бўйича дефолт бўлиши мумкинлигини англатади.
Россия президенти Владимир Путин 1 апрелдан бошлаб Москва “дўст бўлмаган” деб ҳисоблаган давлатларга Россия гази етказиб бериш учун тўловларни рублга айлантиришни талаб қилди.
Болгария, Полша ва Финляндия каби баъзи давлатлар таклиф қилинган схема бўйича газ тўлашдан бош тортган, шундан сўнг бу мамлакатларга газ етказиб бериш тўхтатилди.
Айирмачи ҳудуд аҳолиси сафарбарликдан норози
Украина парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Людмила Денисованинг таъкидлашича, Донбасснинг сепаратистик "халқ республикаларида" маҳаллий аҳоли ҳарбий тузилмаларга мажбуран сафарбар қилинганаётганидан норозилик билдирмоқда.
"Эркаклар оммавий равишда “тўп еми” бўлишдан бош тортишмоқда. Бунинг учун "ҳарбий хизматчилар" ва уларнинг аёллари томонидан намойишлар тайёрланмоқда", - деб ёзади Денисова Фейсбукда. Расмийларнинг таъкидлашича, маҳаллий аҳоли ва россиялик ҳарбийлар ўртасида қуролли тўқнашувлар бўлган.
Бошқа манбалардан бу маълумотларнинг тасдиқланиши йўқ, бироқ аввалроқ “Озодлик” радиоси Донбасс аҳолиси мажбурий сафарбарликдан ва урушга жўнатилишидан норози экани тўғрисида хабар берганди.