Пентагон: Россия армияси Украинада камида 1000 танк ва 36 самолётини йўқотди
Озодлик радиоси рус хизматининг хабар беришича, АҚШ Мудофаа вазирлиги Россия Украинага бостириб кирганидан бери камида мингта танки, 36 самолёти ва 50 вертолётини йўқотгани тўғрисида маълумотларга эга.
“Бироқ Россия ҳарий куч ва аскарлар сони жиҳатидан Украина Қуролли кучларига нисбатан устунликка эга”, -дейилади Пентагон билдирувида.
Хабарда айтилишича, айни пайтда Украинада Россиянинг 110 та батальони ва тактик гуруҳлари жанг қилмоқда. Россия кучлари Донбассдаги Славянск ва Краматорск шаҳарлари йўналишида сезиларди даражада олға силжиган.
Канада Украинага кўмак кўрсатган Россия бизнесменларини санкциялар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди
Канада молия вазири Христя Фриланд Украинанинг қайта тикланишига молиявий кўмак кўрсатган Россия бизнесменларини санкциялар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди. Бу ҳақда Associated Press ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.
Агентлик манбаларининг айтишича, Фриланд бу таклифни ўтган ҳафтада бўлиб ўтган "Катта еттилик” - G7 давлатлари молия вазирлари саммитида ўртага ташлаган. Бу таклифни киритишдан аввал у “Россия олигархлари билан бу масалани муҳокама қилган”. Фридман рус олигархлари билан Москвада Financial Times газетаси бюросига раҳбарлик қилаётган кезларида танишган.
Украина расмийлари Фридманнинг рус олигархлари билан бу масалани муҳокама этаётганидан хабардор бўлган, деб билдирган агентлик манбаси. Хабарда таъкидланишича, Ғарб рус олигархлари президент Путиндан “воз кечиши” ва Украинага молиявий қўллов кўрсатишидан манфаатдордир.
Associated Press манбаси ҳозирча бу фақат таклиф эканини ва ҳозирча ҳеч қандай қарорлар қабул қилинмаганини таъкидлади. Associated Press агентлигининг ёзишича, бу таклиф Германия каби музлатилган активларни мусодара қилиш жараёни мураккаб бўлган давлатларга юридик жиҳатдан қатор енгилликларни яратиб беради. Чунки Украинага молиявий кўмак кўрсатиш истагида бўлган олигархлар хорижда музлатиб қўйилган активларининг бир қисмидан ўз ихтиёрлари билан воз кечиши лозим бўлади.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг ЕИ, АҚШ, Британия ва бошқа давлатлар Россияга, жумладан, рус бизнесменларга нисбатан қатор санкцияларни жорий этган. Айни пайтда 30 нафардан кўпроқ рус олигархи Ғарб санкциялари остида қолган. ЕИ давлатлари уларнинг камида 10 миллиард евролик активларини музлатиб қўйган.
Харковга ҳужумларда тинч аҳоли нобуд бўлди
Украина расмийлари Харковга ҳаводан берилган зарбалар оқибатида камида 7 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 17 нафари яраланганини маълум қилди. Ҳукумат шаҳар аҳлидан ёпиқ бошпаналарда қолишни сўраяпти.
26 май куни Россия қўшинлари Харковга бир неча бор ракета ҳужумини уюштирди.
“Кеча Россия армияси Харьков шаҳри марказий қисмини кун бўйи ўққа тутди. Портлашлар ҳақида кундузи иккига яқин илк хабарлар келган бўлса, охирги маълумотларни ярим тун арафасида олдик. Сўнгги қайдларга кўра, тўққиз киши нобуд бўлган, улар орасида беш ойлик гўдак ҳам бор. Бундан ташқари, 19 киши,жумладан тўққиз ёшли қизалоқ яраланган. Вилоят маъмурияти Россия фақат турар-жой биноларига зарба берганини айтиб, бу ўққа тутишни тинч аҳолига қарши террор деб атамоқда”, дейди Юлия Горичева, “Настояшчее время” мухбири.
Украинанинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Харков, шу ой Украина кучлари рус қўшинларини сиқиб чиқарганидан кейин, нисбатан тинчиб қолган эди. Расмийлар, ҳатто шаҳар метро тизимини қайта ишга туширишга ҳозирланмоқда.
Reuters агентлигининг Харковдаги мухбирига кўра, рус қўшинлари назоратида қолаётган шимолий қишлоқларда такрор-такрор портлаш овозлари эшитилмоқда. Россия Харковга ҳужумларни ҳануз изоҳлагани йўқ. Аммо, 24 февралдан бери Украинага ҳужумларда тинч аҳоли нишонга олинганини рад этиб келади.
Зеленский яна Ғарбни қилмоқда
Харковга навбатдаги ҳужумлардан сўнг, президент Владимир Зеленский, Ғарбда ҳануз Москвага қарши бирдамлик йўқ, деб таъкидлади.
Зеленский Eвропа етакчиларини Россияга нисбатан қаттиқроқ санкциялар жорий этишга чақирди.
Eвропа Иттифоқи аста-секинлик билан Россия нефтига нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган эмбарго томон ҳаракат қилмоқда. Бироқ ҳар қандай янги ҳаракат барча аъзоларнинг қўллаб-қувватлашини талаб қилади. Венгрия эса буни пайсалга солмоқда.
"Ҳозир вазиятга қаранг: Eвропа Иттифоқи олтинчи пакетни келишиб олишга яна неча ҳафта сарфлайди? Россия энергия ресурсларини етказиб бергани учун Eвропадан кунига қарийб миллиард евро олади. Янги санкцияларни қўллаб-қувватлаётган дўстлардан албатта, мен миннатдорман. Лекин, олтинчи пакетга тўсқинлик қилаётганлар кучни қаердан олмоқда? Нега уларга бундай қилишига йўл қўйилмоқда?”
Чоршанба куни у, тинчлик ўрнатиш учун Киевдан айрим масалаларда Россияга ён бериш сўралаётганидан норози бўлди.
Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харков - Украина кучлари шаҳар атрофидаги ҳудудларни қайтариб олгандан кейин, нисбатан тинчиб қолган эди.
Харков губернатори пайшанба куни Россия кучлари чекинишни тўхтатганганига ишора қилиб, шаҳарнинг шимоли ва шимоли-шарқида шиддатли жанглар бўлаётганини билдирди.
Москва эса, ҳарбий ҳаракатларда тинч аҳоли нишонга олинганини рад этиб келади ва Украинадаги амалиётини, хавфли қўшнисини қуролсизлантириш бўйича “махсус операция” деб атайди.
Украина ва Ғарб, бу урушни асоссиз босқинчилик ҳаракати, деб қоралаб келмоқда.