Украинада Россия фуқаролари учун виза тартиби жорий этилиши мумкин
Украина президенти Владимир Зеленский бош вазир Денис Шмигалга Россия фуқаролари учун виза тартибини жорий қилиш масаласи устида ишлашни топширди. Бу ҳақда Украина президенти интернет ваколатхонасида чоп қилинган электрон петицияга Зеленскийнинг жавобида айтилган.
“Россиянинг кенг кўламли тажовузи манзарасида кўтарилган масала муҳим ва долзарбдир,, шунинг учун Россия фуқароларининг Украина ҳудудига кириши устидан назорат тартиби кучайтирилиши зарурлигини қўллаб-қувватлайман. Баён қилинганидан келиб чиққан ҳолда Украина бош вазири Д. Шмигалга мазкур масала устида ишлаш илтимоси билан тегишли хат йўлланди”, дейилган хабарномада.
Россияликлар учун виза тартибини жорий этишга оид петицияни 26 мингдан зиёд киши имзолаган. Никита Мазур муаллифлик қилган петициядаги масала президент томонидан кўриб чиқилиши учун 25 минг овоз кифоя эди.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Украинанинг Запорожье ва Херсон вилоятлари турғунлари учун Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишга оид фармонни имзолаган эди. Ҳужжат имзоланган пайтдан бошлаб кучга кирган.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни қоралаган. ТИВ баёнотида фармон Россия армияси томонидан вақтинча босиб олинган Херсон ва Запорожье вилоятларидаги турғунларни Россия фуқаролигини олишга мажбурлашга йўл очиши айтилган.
БМТ: Украинада нобуд бўлган тинч аҳоли вакиллари сони қарийб 4 мингга етди
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан буён бу мамлакатда қурбон бўлган тинч аҳоли вакиллари сони қарийб 4 мингга етган, улардан 259 нафари ёш болалардир. Қурбонларнинг 2 мингдан зиёди Донецк ва Луганск вилоятларида нобуд бўлган. Яна 4,5 мингдан зиёд фуқаровий шахс тан жароҳати олган. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси маълум қилди.
Уруш туфайли 6,5 миллиондан зиёд қочқинга айланган. Уларнинг ярмидан кўпини (3,5 миллион) Польша қабул қилган. Қарийб миллион украиналик Руминияга, 650 минги Венгрияга қочган, 470 минги Молдова ҳудудига ўтиб кетган. Россияга эса 940 минг киши ўтган.
Жанговар ҳаракатлар важидан қарийб 8 миллион киши ўз уйларини ташлаб, Украинанинг нисбатан тинчроқ минтақаларига кўчиб ўтишган. Кўчганларнинг ярмидан кўпини аёллар ташкил этади.
Путин Москва госпиталида ётган ярадор аскарларни кўргани борди
Россия президенти Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгу 25 май куни Москвадаги ҳарбий госпиталга боришган. Улар Украина ҳудудидаги жангларда ярадор бўлган россиялик ҳарбийларни кўриб чиқишган.
Ташрифга оид видео давлат оммавий ахборот воситалари орқали ёйинланган. Ана шундай роликлардан бирида Путиннинг ярадор ҳарбий билан суҳбатлашаётгани, ҳарбий унга тўққиз ойли ўғли борлигини айтаётгани акс этган. Путин унга жавобан: “Отаси билан фахрланадиган бўлади”, деган.
Чоршанба куни эрталаб Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Сокольникидаги госпиталга боришини очиқлаган. Мулозим бу Путиннинг ярадорлар билан илк учрашуви эмаслигини урғулаган, бироқ Украинадаги уруш бошидан бери президентнинг ярадорлар билан учрашгани ҳақида бирор марта ҳам хабар қилинган эмас.
Россия Мудофаа вазирлигининг сўнгги маълумотига кўра (мазкур маълумот бундан икки ой муқаддам, яъни 25 март куни эълон қилинган), Украинадаги жангларда россиялик ҳарбийлардан 1351 нафари ҳалок бўлиб, қарийб 4 минг нафари яраланган. “Медиазона” нашри ва Би-би-сининг рус хизмати ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлардаги очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда 20 майгача Украинадаги урушда камида 2622 нафар россиялик ҳарбий ўлгани тўғрисида хабар қилишган.
Украина Мудофаа вазирлиги жангларда қарийб 30 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини иддао қилмоқда.
Жанговар ҳаракатлар шароитида урушаётган томонлар талафотларига оид маълумотларни текшириш имкони мавжуд эмас.
ДНРчилар мариуполликларга Россия паспорти бера бошлади
Украинанинг россиялик ҳарбийлар назорати остига ўтган Мариуполь шаҳрида “Донецк халқ республикаси” мулозимлари маҳаллий турғунларга Россия паспорти бера бошлаган. Бу ҳақда шаҳар мэрининг маслаҳатчиси Петр Андрюшченко ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.
“Мариуполни феълан аннексия қилиш бошланди”, деб ёзган Андрюшченко.
Уруш шароитида Озодлик ҳатто расмий давлат идоралари тарқатаётган маълумотларни тезкор билан текшириш имконига эга эмас.