"Бандера велосипедчилари" рус ҳарбийларига қарши курашмоқда
Украина жангчилари урушда маҳаллий электроскутерлардан фойдаланган ҳолда жанг майдонидаги уруш тактикасининг янги даврини бошлаб бермоқда.
Мотоцикллар илк марта биринчи жаҳон урушида фойдаланилган.
Электроциклларнинг асосий афзаллиги уларнинг сездирмай ҳаракатлана олишидир. Янги технология душман ҳудудига тез-тез ҳаводан ташланадиган махсус кучлар гуруҳлари учун катта масофаларни билдирмай босиб ўтиш ва мураккаб вазиятлардан чиқиб кетиш имконини беради.
Электроцикллар ўзидан ҳеч қандай ҳид чиқармайди. “Отишма" пайтида тўлиқ сукунатда тура олади ва кўпчилик транспорт воситалари бора олмайдиган ўрмон йўлларида ҳам ҳаракатланиши мумкин.
Ҳозирча Украинадаги "Бандера велосипедчилари" сони маълум эмас.
Руслар Северодонецк шаҳрини эгаллашга ҳаракат қилмоқда
Бугун Украинанинг шарқий саноат маркази бўлган Донбасс минтақасида оғир жанглар бўлгани ҳақида хабар берилди. Москва кучлари ҳозирда бор эътиборини минтақани эгаллаб олишга қаратган.
Россия қўшинлари иссиқлик электр станцияси жойлашган саноат шаҳарчасини эгаллаб олиб, Северодонецк шаҳрини эгаллаш учун янада қаттиқ бел боғлади.
Шаҳар ичида Road tо Rеlief ёрдам ташкилоти аъзолари касалхонадан одамларни эвакуация қилишга ёрдам бермоқда.
Фамилиясини айтмаган Виталий исмли полиция махсус гуруҳи аъзоси шаҳардаги вазиятни “жаҳаннам” дея қиёслади:
"Бу дўзах. Биласизми, бу дўзахнинг ўзи. Биринчидан, ҳар куни отишма. Иккинчидан, саноқсиз ўлимлар. Учинчидан эса инсоний муаммолар".
Наргиз Зокирова урушни қоралагани учун Россиядан ҳайдалди
Асли ўзбекистонлик таниқли қўшиқчи Наргиз Зокированинг Россияга кириши 50 йилга тақиқланди. Бунга унинг Украина урушини қоралаган постлари сабаб бўлгани айтилмоқда.
Наргиз бир неча бор Украина урушини қоралаб, пост қолдиргани маълум.
Ўзбекистонда меҳмонда бўлиб қайтган Наргиз Зокирова 25 май куни Домодедова аэропортидан Тошкентга қайтарилган.
Starhit.ru сайти хабарига кўра, Зокировага Россияга кириши тақиқланган ҳужжатни топширишган. Ҳужжатда «давлат хавфсизлигини таъминлаш учун» деб ёзилган. Ҳужжат starhit.ru сайтида эълон қилинди.
Наргиза Зокировага яқин манба Озодликка унинг Россияга киришни тақиқлангани ҳақидаги хабарни тасдиқламади, аммо рад этгани ҳам йўқ. Қўшиқчининг ўзи ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.
Зокировлар сулоласининг кенжа аъзоларидан бўлган Наргиз 1995 йилда Қўшма Штатларга кўчиб кетган ва Россия 1-Канали ўтказган “Голос” қўшиқ танловида иккинчи ўринни олиши ортидан Россия ва собиқ совет давлатларида янгидан шуҳрат қозонганди.
Кейинги йилларда Наргиз Зокирова Россиядаги таниқли қўшиқчилар қаторидан ўрин олганди. Унга бугун қўйилган тақиқ 2072 йилнинг 2 майига қадар амалда бўлади. Ўша пайтда Зокирова 101 ёшга кирган бўлади.
“Время” дастурида Украинадаги урушга қарши плакат намойиш қилган Овсянникова Вацлав Ҳавел мукофотига сазовор бўлди
Россия “Биринчи канал”ининг собиқ ходимаси Марина Овсянникова “Время” дастури эфиридаги урушга қарши акцияси учун Вацлав Ҳавел мукофоти лауреатига айланди. Мукофотларни топшириш маросими Норвегия пойтахти Ослода бўлиб ўтган.
Ўз сўзида Овсянникова бу мукофотга лойиқ топилишини кутмаганини қайд этган. Унга кўра, ўтган 20 йил ичида Россия урушга қарши бўлган одамларни қамоққа тиқадиган тоталитар давлатга айланган.
“Ва бу мамлакатнинг президенти ҳарбий жиноятчидир. 20 йил ичида Путин Россиядаги мустақил ОАВнинг барчасини барбод қилиб, уларнинг ўрнида орсиз пропаганда машинасини барпо этди”, деган “Биринчи канал”нинг собиқ муҳаррири.
Шу йилнинг 14 март куни Овсянникова жонли эфир чоғида “Время” дастури бошловчиси Екатерина Андреева ортига туриб олиб, “Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда” деб ёзилган плакатни намойиш қилган эди.
Бу акциядан сўнг у 30 минг рубллик жаримага тортилган. Можаро ортидан Овсянникова “Биринчи канал”дан бўшаб кетган ва Россияни тарк этган.