Линклар

Шошилинч хабар
03 август 2025, Тошкент вақти: 12:59

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

БМТ: Россия босқини бошидан бери Украинада камида 3930 нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлди

Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганидан буён ўтган уч ой ичида бу мамлакатда камида 3930 нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлган, яна 4532 киши тан жароҳати олган. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумот тарқатди.

Ташкилот қайдича, қурбонларнинг 1482 нафари эркак, 973 нафари аёл, 90 нафари қиз бола, 98 нафари эса ўғил бола. Айни пайтда яна катталардан 1218 нафар киши ҳамда 69 нафар боланинг жинсини аниқлашга ҳозирча муваффақ бўлинган эмас.

Хабарномада тинч аҳоли вакилларининг кўпи оғир артиллерия снарядлари, ракеталар портлаши ва ҳаво зарбалари натижасида нобуд бўлишгани қайд этилган.

БМТ вакиллари қурбонларга оид маълумотларнинг кўпи ҳали тасдиқланмагани ёки бошқармага етиб келмаганини эътиборга олган ҳолда, уларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп бўлиши мумкинлигини урғулашган.

Харков метроси очилади

Россия Украинага бостириб кирганидан роппа-роса уч ой ўтгач, Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харков метроси қайта очилиши кутилмоқда.

Украина томони, Киевдан сиқиб чиқарилганидек, рус қўшинлари Харковдан ҳам артиллерия зарбалари билан чиқариб юборилган, демоқда.

"Метро тизимининг бугунги ҳолатини ҳисобга олсак, биз яқин 1-2 ҳафта ичида поездлар фаолиятини йўлга қўйишимиз мумкин деб ўйлайман. Метрода яшаш учун фойдаланилган ҳудудлар бор. Тизимнинг ўққа тутилган айрим қисмларини, текшириб чиқдик. Бизнинг хулосамиз шуки, поездлар қатновини йўлга қўйиш мумкин”, деди Харков мэри Игор Терехов.

Харков метросида юзлаб одам жон сақлади. Баъзилар поезд платформаларида, яна баъзилари эса вагонларда яшади.

Шаҳар расмийлари метро тизимини қайта ишга тушириш учун фуқаролардан уйларига қайтиш ёки вагонларни бўшатиб, платформаларга ўтишни сўрамоқда.

Бомбардимон қайта бошланмаслигига кафолат йўқ, шу сабабли баъзилар метро бекатларидан чиқиб кетишга қўрқмоқда.

"Анави ерга қаранг, Харковнинг шарқий қисмида яна қаердандир тутун кўтариляпти. Яна ўққа тутиляптида", деди харковлик Наталия Лопанска.

Украина қўшинлари Харковнинг шимолий-шарқий қисмидан туриб, Россия армиясига қарши ҳужумга ўтгани хабар қилинмоқда.

Урушнинг 90-кунига келиб, Россия армияси ҳарбий ҳаракатларни асосан Донбас минтақасида олиб бормоқда.

Сешанба кунидан, рус қўшинлари Украина шарқида кенг қамровли ҳужумларни бошлади. Бу жанглар - Москванинг Украина шарқидаги асосий ҳарбий кампанияси тақдирини ҳал қилишда белгиловчи рол ўйнаши мумкинлиги айтилмоқда.

Киев раҳбарияти, душанба куни Россия қўшинлари Северодонецкка бостириб киришга урингани, бироқ муваффақиятга эриша олмай, чекинганини маълум қилган. Шаҳар Донбаснинг Украина назоратида турган энг шарқий қисмида жойлашган ва Луганскнинг Россия назоратига ўтмаган сўнгги туманларидан биридир.

Зеленский: президент Путиндан бошқаси билан учрашмайман

Украина президенти Владимир Зеленский, Россия босқин бошланганидан бери 1474 та ракета зарбаси бергани ва шимолий Десна шаҳридаги қўшинлар жойлашган казармаларга берилган зарбаларда 87 киши ҳалок бўлганини айтди.

У душанба куни урушни тугатишни муҳокама қилиш учун Россия расмийларидан фақат Владимир Путин билан учрашишини ҳам таъкидлади.

Зеленский Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида тингловчиларга видеоалоқа орқали мурожаат қиларкан, Россиянинг ишғол қилинган ҳудудларда тинч аҳолига қарши исботланган ҳужумлари, Москва билан музокарани қийинлаштирмоқда, деди.

“Ҳаммасини Россия Федерацияси президенти ҳал қилади. Агар биз бу урушни шахсан Путинсиз тугатиш ҳақида гапирадиган бўлсак, бундай қарор қабул қилиниши мумкин эмас. Мен Россия Федерацияси президентидан бошқа ҳеч ким билан учрашувни қабул қила олмайман. Кун тартибида битта масала- урушни тўхтатиш масаласи турар экан, бошқа турдаги учрашувлар учун бошқа асослар ҳам йўқ", деди Зеленский.

Британия разведкаси: Россия зарари 9 йиллик Афғон урушига тенглашди

Буюк Британия разведкасига кўра, Украинага босқинининг дастлабки уч ойида, Россия, 9 йил давом этган Афғонистон урушида Совет Иттифоқи кўрган талафотга тенг талафот кўрган бўлиши мумкин.

Британия разведкаси маълумотномасида айтилишича, Россия армияси талафоти - ҳарбий бўлинмалар тактик шайлигининг ёмонлиги, қўмондонликда вазиятга мослашиш лаёқатининг йўқлиги ва бунинг натижасида хатолар такрорланаётгани, шунингдек ҳаводан мадад етарли эмаслиги билан изоҳлаган.

Май ойи ўрталарида Британия ҳарбий разведкаси, Россия уруш олдидан чегаралар яқинида жамлаган қуруқликдаги жанговар кучларининг қарийб учдан бирини йўқотганини таъкидлаган.

Февраль ойида Россия Украинага тахминан 150 минг кишилик қўшин билан киргани айтилади. Бироқ бу қўшин жангчиларидан ҳозирга келиб қанчаси ўлган ёки жароҳатланганини аниқлаш қийин.

“Медиазона” нашри, очиқ манбаларда Украинада ҳалок бўлган 2500 дан зиёд россиялик ҳарбий исми қайд этилганини ёзмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги ҳисоботида бундан икки карра оз рақамни келтирган. Украина расмийлари эса ҳалок бўлган россияликлар сони 30 мингга яқинлашганини иддао қилади.

Жанговар ҳаракатлар шароитида бу маълумотларни мустақил равишда текшириш эса имконсиз.

Афғонистондаги уруш давомида совет қўшинлари асосан партизанлар – исёнчиларнинг тарқоқ гуруҳ ва бўлинмаларига қарши жанг қилган.

Украинада эса Россия армиясига қарши 261 минг кишилик мунтазам армия, қарийб 100 минг кишилик ҳудудий мудофаа отрядлари ҳамда бошқа кучишлатар тузилмалар қатнашмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG