Россияда тўрт ой ичида Президент маъмуриятига Мудофаа вазирлиги устидан миллиондан зиёд ариза тушди
Жорий йил январидан апрелигача россияликлар Президент админстрациясига Мудофаа вазирлиги умтидан 1 миллиондан кўпроқ шикоят аризаси йўллашган.
“Важние истории” нашри ҳисоб-китобига кўра, вазирлик устидан энг кўп ариза (624 мингта) апрель ойида тушган.
Фуқароларни энг ташвишлантирган масалалар орасида ҳарбий комиссариатлар фаолияти (83,5 мингта ариза), чақириқ бўйича хизмат (78,9 мингта ариза), шартнома асосидаги хизмат (75,6 мингта ариза), шартнома бўйича хизмат қилаётганларга тўланаётган пуллар (67,7 мингта ариза), Россия Қуролли кучларидан хорижда фойдаланиш (55,7 мингта ариза), фахрийларга тўланаётган пуллар (41,7 мингта ариза) ҳамда асирга тушган ва бедарак йўқолганларни қидириш (41,7 мингта ариза) кабиларни санаш мумкин.
Северодонецк учун жанглар давом этмоқда
Британия разведкасига кўра, Донбас минтақасида Северодонецк учун жанглар давом этмоқда. Айтилишича, ҳудудни яхши биладиган украин армиясининг ҳаракатлари туфайли Россия қўшинларининг шаҳар ичкарисига силжиши апрель ойидан бери сустлашган.
Сўнгги икки суткада Россия армияси Изюм жанубига ҳужумни кучайтирди. Британия разведкаси тахминича, ушбу ҳудудда позицияларни мустаҳкамлаш Россия армиясига Донецк вилоятида илгарилаш имконини беради.
"Германия Украинага қурол етказишда иттифоқчилари билан елкама-елка туради”
Германия канцлери Олаф Шольц, Германия Украинага оғир қуроллар етказиб беришда Қўшма Штатларга "яқиндан ҳамрохлик қилишини”ни билдирди.
Шольцга кўра, Украинага қурол ва ҳарбий техника етказиб берса-да, Германия минтақавий можароларга бевосита ҳарбий йўл билан аралашишни истамайди. Балки, Украинага қурол етказиб бераётган иттифоқчилари билан елкама-елка туради.
Ҳозирда Киев, Ғарб ваъда қилган қурол яроғнинг кечикаётганидан хавотирда турган бир пайтда, Германияда чоп этиладиган Zeit газетаси, Германия MARS II тизимларини Украинага қишгача етказиб бера олмаслиги мумкин, деб ёзди.
Аввалроқ бу қуроллар узоғи билан ноябргача етказиб берилиши айтилганди. Айни қуроллар акс этган видео Бундесвернинг расмий YouTube-каналида берилган.
АҚШ янги роботлаштирилган қуроли тақдим этилди
8 июнь, чоршанба куни Германияда бўлган машғулотлар чоғида АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган ҳарбий машиналари тақдим этилди.
Ҳоҳенфелсдаги намойишда қурол ва дрон билан жиҳозланган "Роботлаштирилган жанговар автомобил", шунингдек, автоном бошқариладиган юк машиналаридан иборат ҳарбий автомашиналар карвони намойиш қилинди.
АҚШ армияси расмийлари, роботлаштирилган транспорт воситаларидан разведкада фойдаланиш мумкин демоқда.
"Разведка взводининг сержанти сифатида, мен олти кишидан иборат разведка гуруҳини бошқарганман. Агар биз бир неча километр масофада эҳтимолий ёки шубҳали душманни пайқагудек бўлсак, тўртта одамни қурбон қилиш ёки олтита одамимни йўқотиш ўрнига, мен машинани олдинга юбориб, текшириб кўришим ва бошқа танкларни дарров таниб олишим мумкин. Қандай таҳдид бўлишидан қатъи назар, биз УАСни (учувчисиз ҳаво тизими) ишга тушира олишимиз мумкин. Аскарларни жангга жўнатишдан олдин вазиятдан хабардорликни оширишимиз мумкин”, деди АҚШ ҳарбийси Жошуа де Пальма.
Учувчисиз машиналар АҚШ, Европа ва Африка ҳарбийларининг биргаликдаги "Combined Resolve XVII" номли ҳарбий машқлар пайтида тақдим қилинди.
АҚШ армияси вакилига кўра, бу тадбир халқаро иттифоқчилар билан биргаликда қўшинларнинг ҳозирги қурбини баҳолаш ва саҳналаштирилган жанг майдонидаги тайёргарлигини ошириш учун ташкил қилинган.