Одесса вилояти ракета зарбаларига тутилди
4 июнга ўтар кечаси Одесса вилоятидаги қишлоқ хўжалиги корхонасига X-95 қанотли ракетасидан берилган зарба оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда маҳаллий ҳокимият.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам эрталабки брифингида Одесса вилоятига ракета зарбаси берилганлигини тасдиқлади, бироқ департамент хабарида айтилишича, рус ракеталари Дачное ҳудудидаги “хорижий ёлланма аскарларни жойлаштириш пункти”ни вайрон қилган.
Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги Одесса вилоятидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари қурол-яроғ ва ўқ-дориларни етказиб бераётган Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий-транспорт авиацияси самолётини уриб туширганини иддао қилган.
Уруш шароитида бу иддаони бошқа манбалар орқали текшириш имконсиз.
Харьков вилоятида кундузи отишма пайтида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Украинска правда” нашри хабар берди. Николаев ҳам ракета ва артиллерия ҳужумига тутилди.
"Росавиация" Россиянинг 11та аэропортига парвозлар тақиқини 12 июнгача узайтирди
"Росавиация" Россиянинг марказий ва жанубидаги 11 та аэропортга парвозларни тақиқлашни 12 июнгача узайтирди.
Бу ҳақда “Интерфакс” хабар бермоқда. Анапа, Белгород, Брянск, Воронеж, Геленджик, Краснодар, Курск, Липецк, Ростов-на-Дону, Симферополт ва Элистада аэропортлар ёпиқ.
Тақиқ Россиянинг Украинага бостириб киришининг биринчи куни, 24 февралдан жорий қилинган эди.
Россия қўшинлари Северодонецкда ҳужумни давом эттирмоқда
Луганск вилояти раҳбари Сергей Гайдай сўзларига кўра, россияликлар йўқотишлар кўрмоқда, бироқ улар шаҳарни назорат остига олишга уринишда давом этмоқда.
Кўча жанжаллари бор. Рус аскарлари Северодонецкда яна бир кўприкни ўққа тутиб, кесиб ўтмоқчи бўлди. 3 июнь куни Северодонецк ва Лисичанскда камида олтита кўп қаватли уй вайрон бўлган.
Бундан ташқари, Горское шаҳрида Россия кучлари ҳужуми оқибатида она ва бола ҳалок бўлди, деди Гайдай. Уч кун олдин Горскоеда яна бир фуқаро ҳалок бўлганди. Шунингдек, Золоте шаҳрида бир киши ўладиган даражада яраланган.
"Азовсталь" тепасида ҳилпираб турган Украина байроғи музейга топширилди
Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов "Азовсталь" тепасида ҳилпираб турган, Россия ишғоли пайти ўқ ёмғиридан илма-тешик бўлган Украина байроғини музейга топширди.
Киевдаги Иккинчи жаҳон урушидаги Украина тарихи миллий музейида “Украина – хочга михланиш” деб номланган экспозиция очилди.
Байроқни топшириш маросимида Мариуполни ҳимоя қилган ҳарбийлар, шунингдек, асирга олинган ҳарбий хизматчиларнинг рафиқалари иштирок этди.